Жигаристон кўчкисида қутқарилган икки ёшли бола ҳозир қаерда?

18:33 04 Март 2019 Жамият
628 0

“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Аҳмадали Шерназаров. Катта ёшдаги юртдошларимиз 1991 йилнинг 4 май тонгида Тошкент вилоятидаги Жигаристон қишлоғида юз берган кўчкини яхши эслашади.Ўшанда қутқарувчилар 2 ёшли болани тупроқ тагидан чиқариб олганлиги тўғрисидаги хабар оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган эди. Хўш, ўша гўдак ҳозир қаерда ва у нима иш билан машғул?

“Зўр ТВ” телеканалининг “Меҳр кўзда” кўрсатувида маълум қилинишича, ҳозир унинг ўзи қутқарувчи экан. Ҳамкасбимиз, таниқли телебошловчи Асрор Аброрхўжаевнинг эфир орқали берган мазкур маълумотидан сўнг биз ҳам ҳаёти асраб қолинган бола — Ҳасан Раховнинг тақдири билан қизиқдик. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Самандар Ҳикматуллаевнинг ёрдамида у билан телефон орқали боғландик.

— Ҳақиқатан ҳам ҳозир менинг ўзим қутқарувчи касбида ишлаяпман, — дейди Ҳасан. —  Албатта, бунга эсимни таниганимдан буён дадамнинг айни шу касб эгаларининг фидойиликлари туфайли ҳалокатдан омон қолганимизни эслатиб турувчи хотиралари сабаб бўлган. Яъни, болалигимдаёқ ўз олдимга “Ҳаётимни кимдир сақлаб қолган экан, мен ҳам айни шу касб эгаси бўлиб, бошқаларга оғир пайтларда ёрдам беришим керак” деган мақсадни қўйганман.

— Ўша табиий офат ҳақида нималарни эшитгансиз?

— Дадамнинг айтишича, кўчки айни нонушта пайтида юз берган. Бу вақтда дадам ишга кетган бўлган. Уйимиз икки қаватли бўлиб, биринчисида биз, юқорида эса амакимнинг оиласи ҳамда бобом ва бувим яшаганлар. Биз томонга тупроқ кўчкиси бостириб келаётганини ўша вақтда иккинчи қаватда бўлган амаким кўриб қолган. Аммо афсуски, у, бобом ва бувим ана шу табиий офат қурбони бўлишган. Худди шу кунларда келинойим — раҳматли амакимнинг турмуш ўртоғи туғуруқхонада — қизчали бўлган экан. Шукрки, айни шу сабаб улар омон қолишган. Биз биринчи қаватдаги беш нафар опа-синглим, акам ва онам ҳам тупроқ, ёғоч-тахта уюмлари тагида қолганмиз. Уйимиз синчли бўлган. Эҳтимол шу туфайлидир, бутунлай тупроққа қоришиб кетмаганмиз. Қутқарувчилар бизни хароба остидан соғ-омон олиб чиқишган. Лекин, юқорида айтганимдек, кўчки туфайли оиламизнинг уч нафар аъзосидан айрилганмиз...

Ҳозирги пайтда кичик сержант Ҳасан Рахов ФВВнинг Қамчиқ махсус қидирув-қутқарув бошқармаси қутқарув отрядининг қидирув-қутқарув гуруҳи йўриқчи-қутқарувчиси сифатида фаолият кўрсатмоқда. Отаси Қуролбой ака 68 ёшда. Онаси Салима опа эса 2009 йилда навқирон ўғли — Ҳасанни шоду ҳуррамлик билан ҳарбий хизматга кузатгач, бир кундан сўнг оламдан ўтган. Раҳматли амакисининг ўша кўчки маҳали дунёга келган қизи Ирода бугун тажрибали ҳамшира. Ҳасан бахтли оила соҳиби — икки нафар бири-биридан ширин қизи бор. У, отаси ва бутун оиласи мана шу бахт шукуҳини ато этган қутқарувчиларнинг айнан кимлар бўлганлигини аниқ билишмаса-да, умрбод улардан миннатдор эканликларини изҳор этишади. Зеро, қутқарувчиларнинг ўша маъшум кундаги жасорати ва матонати туфайли бугун халқ хизмати учун доимо шай ва мардўғлонлар қаторида Ҳасан Рахов ҳам бор. Бинобарин,бу таърифни Ҳасаннинг “Ўзбекистон белгиси” нишони соҳиби, ўтган йили Қозоғистонда бўлиб ўтган қутқарувчилар мусобақасида мамлакатимиз номидан қатнашган 6 нафар ФВВ ходимларидан бири сифатида юқори натижаларга эришгани билан ҳам ифодалаш мумкин.

ФВВ матбуот хизмат бошлиғи Самандар Ҳикматуллаевнинг маълум қилишича, бугунги кунда тизим шахсий таркибида айнан қидирув-қутқарув хизмати томонидан турли фавқулодда вазиятларда ҳаёти ва соғлиғи сақлаб қолиниб, кейинчалик уларнинг ўзлари айнан шу соҳада ишлашни ихтиёр қилган бир неча юртдошимиз бор.

Маълумот учун, бугун — 4 март куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил топганига 23 йил тўлди. Айни чоғда вазирликнинг вилоятларда бошқармалари, туман ва шаҳарларда бўлинмалари фаолият кўрсатмоқда. Тизим фавқулодда вазиятларда қўлланиладиган замонавий қурилма ҳамда техникаларга эга.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019