ЖЧ-2018. Швеция — Швейцария. 29 ўйинда кимнинг қўли баланд келади?

16:18 03 Июль 2018 Спорт
900 0
Фото: www.spb.kp.ru

Бугун Россия майдонларида давом этаётган футбол бўйича жаҳон чемпионати 1/8 финал босқичи доирасидаги Швеция — Швейцария учрашуви бўлиб ўтади. Кучлари тенг кўрилаётган мазкур терма жамоалар ўртасидаги ўйинга қизиқиш юқори.

Мусобақа аввалида имконияти юқори баҳоланмаган Швеция ва Швейцария терма жамоалари гуруҳ босқичидан чиқишининг ўзи ҳақиқий сенсация бўлди. Швеция терма жамоасининг мураккаб гуруҳдан Германия, Мексика каби жамоаларни ортда қолдиришида бош мураббий Янне Андерссоннинг хизматлари катта. У кетма-кет икки жаҳон чемпионати саралашидан ўта олмаган Швецияни мусобақага олиб чиқишни уддалай олди.

Умуман олганда, Швецияни жаҳон чемпионатларида муваффақиятли иштирок этган терма жамоалар сирасига киритиш мумкин. Мазкур жамоа 1938 йилда ўтказилган мундиалда тўртинчи ўринни қўлга киритган. 1950 ва 1994 йилларда эса бронза медалига сазовор бўлган. 1958 йилги мусобақада финалда тўп сурган. Бундан ташқари, Швеция икки марта 1/8, бир марта 1/4 финал босқичига қадар етиб келган.

Бу галги мусобақанинг гуруҳ босқичининг биринчи турида Жанубий Корея терма жамоасини 0:1 ҳисобида енгган Швеция, кейинги турда Германияда 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Учинчи турда эса Мексикани 3:0 ҳисобида енгди.

Швейцария терма жамоаси ҳам гуруҳ босқичининг биринчи турида Бразилия билан дуранг (1:1) ўйнаб, ўз мухлисларини хурсанд қилди. Кейин Сербияни 2:1 ҳисобида енгган швейцариялик футболчилар учинчи турда, Коста-Рика билан дуранг ўйнашди — 2:2.

Ҳисоб бўйича ўн биринчи жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Швейцария терма жамоаси уч марта 1/4, ва яна шунча марта 1/8 финал босқичига чиққан.

Фото: Newsnn

Энди бевосита мазкур терма жамоалар ўртасидаги ўзаро ўйинларга тўхталсак. Швеция ва Швейцария ўртасидаги биринчи ўйин 1920 йилда ўтказилган бўлиб, у ўртоқлик мақомидаги баҳс эди. Учрашувда Швейцария 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

Шундан сўнг мазкур терма жамоалар яна 27 марта ўзаро баҳслашди. Учрашувларнинг 11 тасида Швейцария, 10 тасида Швеция ғалаба қозонган. Етти беллашувда ғолиб номи аниқланмаган. Ўзаро ўйинларда қайд этилган энг йирик ҳисоб — 7:2. Швеция фойдасига. Жами ўтказилган баҳсларда Швеция 46та, Швейцария эса 42та гол киритишга муваффақ бўлган.

Демак, 29 учрашувда кимнинг қўли баланд келиши яна бир неча соатдан кейин билиб оламиз.

Швеция — Швейцария ўйини Тошкент вақти билан 19:00 да Санкт-Петербургдаги "Санкт-Петербург" стадионида бошланади.
Мазкур баҳсга словениялик Дамир Скомина бош ҳакам сифатида тайинланган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019