ЖЧ 2022 мезбонлигини Қатарга берилиши ФИФАнинг энг қўпол хатоси

18:05 22 Июнь 2018 Спорт
824 0
Фото: Eurosport

Eurosport сайтида Владислав Прусовнинг ФИФА томонидан футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқи Қатарга берилганига оид мақоласи чоп этилди.

Унинг айтишича, ЖЧ 2022 мезбонлигини Қатарга берилиши ФИФАнинг сўнгги йиллардаги энг ёмон қароридир.

Муаллифнинг ёзишича, Яқин Шарқ мамлакатларида миллионлар ўйинини ривожлантириш соғлом фикр, бироқ у футбол эволюциясига тайёр ҳам бўлиши керак-да.

Мутахассис фикрича, Қатар жуда бўлмаганда ўзи дучор бўлган йўқотишлари билан аллақачон бу борада муваффақиятсизликка учради, ваҳоланки бу шунча қурбон беришга арзимасди.

Мақолага кўра, ЖЧ-2022ни қабул қиладиган мезбон номи маълум бўлгач, Катар стадион қуриш учун мутахассислар қидира бошлади. Бўш иш ўринлари турлича эди: архитектордан тортиб муҳандис ва логистларгача.

Келганларга яшаш учун қулай шароитлар, катта миқдорда пуллар ва юқори лавозимлар таклиф этилди. Бироқ амалда барча ишчилардан паспортлари олиб қўйилди, ойлик иш ҳақлари кесилди ва уларга бошпана берилмади. Фақат иш вақти қанча давом этиши ҳақида ёлғон гапирилмаган эди.

Ишга қабул қилинганларга фақат каска берилди. Шундан сўнг улар қурилиш майдонига боришди, қандай келган бўлса, шундай меҳнат қилишди, кейин муаммоларини ҳам ўзлари еча бошлашди. Оқибатда одамлар баракларга жойлашди ва кун бўйи ҳаётига жиддий хавф туғдирадиган шароитларда тер тўкишди.

Статистика шуни кўрсатяптики, Қатарда стадионларни қуриш давомида 1200дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Бу ҳақида ишчиларнинг асосий қисми келган Ҳиндистон ва Непаль сукут сақлаётир. Бундай фожиага асосий сабаб эса хавфсизлик даражасининг ниҳоятда паст эканлиги ва сифатсиз асбоб-ускуналардир.

“Жазирама иссиқда дам олишсиз ишлаш. Натижада кўпчиликда сурункали чарчоқ кузатиляпти, кимдир офтоб урушидан мажолсиз йиқилмоқда. Барча шикоятларни Қатар ҳукумати эътибордан четда қолдириб, ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотларга кўз юмилмоқда”, дейилади мақолада.

Сир эмас, Қатар ниҳоятда иссиқ ўлка, шунинг учун турнир 21 ноябрдан 18 декабрга қадар ўтказилади. Бу эса Европа футболи графиги учун кўплаб ноқулайликлар келтириб чиқаради. Клубларни кўндириш учун эса Қатар ФИФАга бир миллиард доллар миқдорида компенсация таклиф қилди.

Прусовнинг таъкидлашича, ФИФАда вазиятни тўғрилаб, 2022 йилги мундиаль мезбонлигини ўзининг тайёр эканлигини бир неча бор билдирган Японияга олиб бериш имконияти бор.

“Японияда жаҳон чемпионати талабларига жавоб берадиган етарли даражадаги стадионлар бор. Агар ФИФА муқобилини излайдиган бўлса, биз ҳамиша ёрдам беришга тайёрмиз”, дея бу борадаги фикрини билдириб ўтди 2002 йилда Жанубий Корея билан биргаликда дунё биринчилигини қабул қилган Кунчиқар юрт вакиллари.

ЖЧ 2022га ариза бериш чоғида японлар Universal Fan Fest лойиҳасини ишлаб чиқишга ваъда беришганди. Яъни ўйинларни голографик 3D-тасвирида намойиш этиш. Бунинг учун ҳар бир матчга 360 даражани қамраб оладиган 200 та камера қўйилган бўлар эди. Бунда олинган тасвир дунёнинг бошқа йирик ўйингоҳларига трансляция қилинади ва у ерда махсус қурилма орқали майдонда голограмма ҳосил қилинади. Шундай қилиб футбол ишқибозига баҳсларни бевосита мезбон давлат стадионида ўтириб жонли тарзда томоша қилгандек кўриш имконияти яратиб бериларди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар