ЖЧ-2018 олдидан. Футбол тарихидаги илк мундиал ҳақида қизиқ фактлар

15:51 08 Июнь 2018 Спорт
598 0

Яна олти кундан сўнг Россиянинг 11та шаҳридаги 12та стадионларда футбол бўйича 21-жаҳон чемпионати баҳслари бошланади. Ўз қитъасининг энг сара терма жамоаларидан иборат 32 мамлакат вакиллари ғолиблик учун кураш олиб боришади. Мазкур мусобақа бошланишидан олдин "Халқ сўзи Online” барча жаҳон чемпионатлари тарихига назар солишга қарор қилди. Дастлаб илк мундиалнинг қизиқарли фактлари билан сизни таништириб ўтамиз.

Футбол бўйича илк жаҳон чемпионати 1930 йилда Уругвайда бўлиб ўтган. Мусобақа мамлакат мустақиллигининг 100 йиллигига бағишлаб ўтказилган.

Унда мезбонлар Уругвай терма жамоаси финалда Аргентина терма жамоаси устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, футбол тарихидаги илк чемпион номини қўлга киритишган.

Мусобақанинг барча ўйинлари битта шаҳар — Монтевидеода бўлиб ўтган. Бу шу кунгача ўтказилган жаҳон чемпионатлари ичида битта шаҳар мезбонлик қилган ягона турнир саналади.

Аввалига Европа минтақаси вакиллари бу мусобақага жиддий қарашмаган. Улар Атлантика орқали океанортига боришни исташмаган. Ташкилотчилар барча харажатларини ўз бўйнига олишига қарамасдан, қўҳна қитъадан Франция, Югославия, Руминия ва Бельгиягина иштирок этишга розилик билдиради. Плей-офф йўлланмасини фақатгина болқон яримороли вакиллари қўлга киритишади ва улар ҳам Уругвайга дуч келиб, йирик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйишади — 1:6.

Финал олдидан Аргентина ва Уругвай жамоалари қайси тўпда — аргентиналикларникидами, ёки мезбонларнинг тўпида — ўйнаш бўйича келиша олишмайди. Якунда иккала тўп ҳам биттадан таймда фойдаланилади.

Уругвайликлар ҳужумчиси Кастронинг бир қўли йўқ эди. Аммо шунга қарамай у мусобақада иштирок этади ва ҳаттоки финал учрашувида гол киритишга ҳам муваффақ бўлади.

Ўша финалнинг сўнгги иштирокчиси Франсиско Варальо 2010 йилнинг 30 августида, 100 ёшида вафот этган.

Бу ЖЧ-1930даги энг қизиқ маълумотлар эди. Бундан буёғига "Халқ сўзи online”да ЖЧлар тарихидаги энг қизиқ маълумотлар, шунингдек бўлажак ЖЧ ҳақидаги муҳим хабарлар, терма жамоаларнинг таркиби ва шу каби бошқа маълумотлар билан таништириб борамиз.

ЖЧ-2018 тақвими билан эса бу ерда танишиб олишингиз мумкин.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар