Жазо муқаррар. Аммо мақсад жиноятчиликнинг олдини олиш

22:15 05 Январь 2019 Жамият
744 0

– Илгарилари Марғилондаги судларда кимлар ишлашини, уларнинг касбий малакаси, инсоний фазилатлари ҳақида деярли билмас эдик. Иши судга тушганлардан судялар ҳақида ёқимсиз гаплар эшитар эдик. Бугун вазият буткул ўзгарди. Масалан, мен жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди ходимларининг барчасини танийман. Суд раиси Мансур Ибрагимов маҳалламизнинг яқин ҳамкорига айланди, – дейди Гўриаввал МФЙ раиси Мусожон Азизов. – Ҳудудимизда яшайдиган 462 та хонадон аҳли ҳам уларни билиб олишган. Қандай қилиб дейсизми? Дастлаб маҳаллада қонунчилик мавзусида узлуксиз суҳбатлар ўтказдилар, у ҳозир ҳам давом этяпти. Кейин сайёр суд мажлиси бўлди. Қолаверса, аҳолини маҳаллага келиб қабул қилишди. Ўзи ҳам кўнгли очиқ йигит экан, аҳолимиз қалбидан жой топди!

Очиғи, журналистик фаолиятим даврида судя ҳақида бундай сўзларни илгари эшитмаганман. Уларнинг қиёфасида аҳолидан ажралган, ўзгалар билан мулоқот қилишдан ўзини тиядиган, ҳар нарсадан шубҳаланувчи ва эҳтиёткор, бир оз киборли шахс намоён бўларди. Бугун эса ...

2018 йилда жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судида 348 нафар шахсга нисбатан 257 та жиноят иши кўриб чиқилган. Аммо уларнинг тўртдан бир қисми жиноий жавобгарликдан озод этилди. Йўқ, жиноят содир этмагани учун эмас.

– Судланганлик қонуний чекловлар билан ўша шахс оиласига маънавий хасталик келтиради. Шунинг учун биз агар жиноят содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлиб, жабрланувчи билан ярашиб етказилган зарарни бартараф этса, жиноят кодексининг 661 – моддасини қўллаб уни жиноий жавобгарликдан озод этамиз, – дейди Мансур Ибрагимов. – Бу аввало икки томон ўртасидаги адоватга барҳам беради, жамиятни мустаҳкамлашга хизмат қилади, келгусида яна рўй бериши мумкин бўлган жиноят эҳтимолининг олдини олади.

Биргина Марғилонда бир йилда 73 та жиноят иши шу тариқа тугатилди.

Яқин вақтгача кучишлатар ва суд тизими вакиллари гўё тўсиқнинг икки томонида турардилар. Қонунларни жазолаш воситаси сифатидагина қўллайдилар, деган тушунча бор эди, одамларда. Судлар қабул қилган қарор, ҳукмнинг аксарияти кейинги босқичда ўзгариши ҳам бор гап эди. Шундан адолат, қонун устуворлиги, судя шахсига ишонч мустаҳкам эмасди. Аммо сўнгги йиллардаги ислоҳотлар жамият аъзоларидаги бу тушунчаларни ўзгартириб юборди. Масалан, жиноят кодексининг 167-моддаси билан судланган 24 нафар шахсга давлат бюджетига етказилган 223 455 600 сўм моддий зарарни, жиноят кодексининг 168-моддаси билан судланган 46 нафар шахсга жабрланувчиларга етказилган 302 554 850 сўм моддий зарар ўрнини суд муҳокамасида қопланганлиги сабабли озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. Ҳолбуки, илгари қўшнисининг велосипеди, ҳатто товуғини ўғирлаганларга йиллаб қамоқ жазоси тайинлар эди...

– Бу жиноят учун жазонинг муқаррарлигидан тойиш эмас, аксинча, жиноятчини ўз қилмишидан пушаймонлиги, қонун устуворлигини тан олиб ўзига тегишли хулоса чиқариб, яна соғлом жамиятга қайтаришнинг қонуний ва самарали имконидир, – дейди Мансур Ибрагимов. – Провард мақсадимиз жиноятчиликнинг олдини олиш экан, бунинг учун барча усуллардан фойдаланамиз.

Шаҳардаги жамоат ташкилотлари билан тузилган “Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш” соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик меморандуми ҳам ана шундай усуллардан бири эди. Жиноий ишлар бўйича Марғилон шаҳар суди 2018 йилда аҳоли ўртасида 208 марта давра суҳбати, учрашувлар ўтказди. Маҳаллаларда сайёр қабуллар ташкил этди. 157 марта ОАВларида чиқиш қилинди.

Дарвоқе, “Сайёр” сўзи бугун суд лексиконидан мустаҳкам ўрин олган. Агар 2017 йилда сайёр суд мажлисларида қурилган ишлар атиги 13,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йилда барча тоифадаги ишларнинг 53,7 фоизи маҳалла, меҳнат жамоаларида кўрилди.

– Сайёр суд мажлисларининг таъсирчанлигини таъминлаш мақсадида судланувчининг яшаш жойидаги маҳалла ёки иш жойида кўрилмоқда. Ўтказилаётган сайёр суд мажлисларига жиноят содир этишга мойил, уюшмаган ёшлар, муқаддам жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар, нотинч оилалар вакилларини кўпроқ жалб қилинмоқда, – дейди МансурИбрагимов. – Ҳар гал суд жараёни тугагач, содир этилган жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари аҳоли иштирокида муҳокама қилинди. Баҳс мунозаралар юзага келди. Лекин энг муҳими, сайёр суд ва айнан унда кўрилган жиноят олдини олишга бағишланган суҳбатларда одамларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошди, жиноятчиликнинг олдини олишда у ҳам иштирок эта олишини англади. Бу катта гап эди.

Ўзбекистонда барча соҳаларда туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Жумладан судлар тизимида ҳам. Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг фаолияти бунинг биргина мисолидир.

Муҳаммаджон Обидов.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019