Жазирама камида икки ҳафта давом этади

18:09 26 Июль 2018 Дунё
354 0
Иллюстратив фото

Оксфорд университети олимлари сайёрамизнинг турли нуқталари, жумладан, Шимолий ярим шарда жойлашган Буюк Британия ва Японияда кузатилган жазирама сабабини иқлим ўзгариши билан боғлашмоқда. Бу ҳақида Guardian нашри хабар берди.

Иқлимшунос Майлз Алленнинг сўзларига кўра, аномал иссиқ ҳарорат ўтмишда ҳам бўлган. Масалан, 1976 йилда Англияда метеокузатувлар тарихидаги энг иссиқ - Цельсий бўйича 35,9 даража қайд этилганди. Ўшанда бунинг оқибатида давомли қурғоқчилик рўй берганди. Лекин ўтган аср иккинчи ярмида Ер атмосферасининг ўртача ҳарорати ҳозирдагидан Цельсий бўйича қарийб 0,7 даража паст эди. Бироқ глобал исиш даври келиши билан жазирама кунлар тез-тез кузатила бошланди.

Бутунжаҳон метеорологик ташкилотлари мутахассислари 2018 йилда сайёрамизда иқлим ўзгариши туфайли Шимолий ярим шарда рекорд даражада иссиқ об-ҳаво қайд этилганини таъкидлашди. Уларнинг фикрича, фавқулодда юқори ҳароратли кунларнинг кириб келиши атмосферага парник газлари чиқарилиши давом эттирилаётгани оқибатидир.

Иқлимшуносларнинг айтишича, Европада ҳаво ҳарорати камида икки ҳафтадан сўнггина тушади. Бироқ Скандинавия ва Болтиқ минтақаларида ёнғин хавфи юқорилигича қолади. Биргина июль ойининг ўрталарида Швецияда 50 та ўрмон ёнғини қайд этилди. Грециядаги ўрмон ёнғинлари ҳам июль ойидаги жазирама ва кучли шамоллар билан боғлиқ. Иссиқ ҳаво ҳароратининг сабаби сифатида эса антициклон(атмосфера гирдобига қарши) тизими барқарорлиги ва юқори босим кўрсатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 23 июль куни Японияда мамлакатдаги энг юқори ҳаво ҳарорати – 41,1 даража кузатилди. Бир неча ҳафтадан буён кузатилаётган бу каби об-ҳаво оқибатида эса инсонлар ҳаётдан кўз юмди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар