Жавобгарликдан озод қилиш муддатлари қисқартирилди

14:26 28 Июнь 2018 Сиёсат
733 0

Жиноий жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш муддатлари қисқартрилди

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини маъқуллади.

Мазкур масала юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б. Матмуродов қонун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилганини таъкидлади, деб ёзмоқда ЎзА.

Қонун билан кўплаб қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

2017-2021 йилларда Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида кўрсатилганидек, жиноий жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш муддатлари қисқартирилди.

Унга кўра, агар жиноят содир этилган кундан бошлаб қуйидаги муддатлар:а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб – икки йил;б) унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб – тўрт йил; в) оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб - саккиз йил; г) ўта оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб – ўн тўрт йил ўтиб кетган бўлса, шахс жавобгарликдан озод қилинади.

Агар ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб ўн йил, оғир ёки ўта оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб йигирма беш йил ўтган бўлса, шахс жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Жиноий тажовуздан жабрланган шахслар ҳуқуқлари ҳимоясини амалда таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашувчи органлар мансабдор шахсларининг масъулиятини ошириш мақсадида жиноятни ҳисобдан олишдан қасддан яширганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди.

Ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, 1 та конституциявий қонунига, 11 та кодексига, 68 та қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1 та қарорига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи 84 моддадан иборат.

Қонунларга киритилган юқоридаги каби ва бошқа янгиликлар, ўзгартиш ва қўшимчалар бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, жамият ва давлат ривожланишининг энг долзарб масалаларини қамраб олган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар