«ЖАСЛИҚ» колониясининг ёпилиши сезиларли ўзгаришлардан дарак берувчи муҳим ҳодисадир»​

16:26 08 Август 2019 Жамият
545 0

Маълумки, шу йил 2 август куни давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистон ИИВга қарашли 19-сонли ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясининг (“Жаслиқ” колонияси) тугатилиши тўғрисида қарор қабул қилинди. 1999 йилда Қўнғирот туманининг Жаслиқ қўрғонида қурилган муассасанинг ёпилиши нафақат мамлакатимиз сиёсий ҳаёти, балки жаҳон ҳамжамияти олдида ҳам жуда катта аҳамиятга эгадир. Буни хорижлик таниқли экспертлар, журналистлар ҳам алоҳида эътироф этяпти. 

Қуйида ана шу муносабатларнинг айримлари билан танишишингиз мумкин.

Фредерик СТАРР, 

АҚШнинг Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, таниқли шарқшунос олим:

— Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг узоқ ҳудудидаги “Жаслиқ” колония¬сини ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу муассаса ўн йиллар давомида Ўзбекистон ва Ғарб ҳуқуқ ҳимоячилари эътибор марказида бўлиб келди. Бу тўғри. Сабаби бу жойда маҳкумлар қийноқларга солингани айтилади. Кўплаб халқаро ташкилотлар ва муассасалар бундан норози эканлигини билдирди, аммо саъй-ҳаракатлар бефойда бўлиб келаётганди.

Хўш, нега бундай кескин бурилиш рўй берди? Тўғри, шу йил май ойида АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Сэм Браунбэк “Жаслиқ”ни ёпишни тавсия этганди. Қолаверса, қатор ННТ, БМТ, “Human Rights Watch” каби халқаро ташкилотлар ҳам шундай фикр билдиришган.

Фарқи шундаки, бу гал Ўзбекистон давлатининг ўзи Президент ¬Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларини ҳал этишда етакчи роль ўйнамоқда.

“Жаслиқ” колониясининг ёпилиши шунчаки ҳисобот учун дерсиз? Балки бу Ўзбекистон инвестиция жалб этишни истаётган бир пайтда чет эллик танқидчиларни тинчлантириш учун пиар-кампаниянинг бир туридир, деб ўйларсиз? Агар фақат ўша қамоқхонани ёпиш ягона воқеа бўлганида эди, юқоридаги хулосаларни оқлаш мумкин эди. Лекин асло бундай эмас. Аслида бугун Ўзбекистон фуқаролар ҳуқуқларига тааллуқли деярли барча секторда улкан ислоҳотларни амалга оширяпти.

Ҳозир Ўзбекистонда рўй бераётган туб янгиланишларни баъзи мамлакатларгина кўнгилли равишда илгари сура олади. Айниқса, бу собиқ иттифоқ ҳудудидаги давлатларда, айниқса, мусулмон жамоатчилигида камдан-кам учрайди. Бинобарин, Ўзбекистон ўз сиёсий ва ҳуқуқий тизимини тинч йўл билан ўзгартиришга интилаётгани ҳам диққатга сазовор.

Бироқ белгилаб олинган барча ислоҳотларни рўёбга чиқариш учун муайян йиллар талаб этилади. Қонунлар қайта кўриб чиқилиши керак, адвокатлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланиши, судлар қайта ташкил этилиши ва жамоатчилик нигоҳи учун очиқ бўлиши лозим. Одамлар ҳам ўзларини субъектлар сифатида эмас, балки эркин фуқаролар, деб ҳисоблашлари зарур.

Мана, Шавкат Мирзиёевнинг “Жаслиқ” колониясини ёпиш тўғрисидаги қарори каби муҳим воқеалар нега шу қадар катта аҳамият касб этишининг сабаби! Бу Ўзбекистон ҳукуматига мазкур йўналишда келгуси қадамларни қўйиш мажбуриятини юклайди. Бундай вазиятда Ўзбекистонга ўзини дўст, деб билганлардан мамлакатдаги ислоҳотлар ҳамда ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш талаб этилади. Улар буни инсон ҳуқуқлари, таълим, инвестициялар ва иқтисодий тараққиёт жабҳасидаги қўшма лойиҳалар ёрдамида амалга оширишлари мумкин. 

Мухтасар айтганда, “Жаслиқ” колониясининг ёпилиши Ўзбекистон билан яқиндан алоқаларни йўлга қўйиш вақти келганини англатади.

Дэниел БАЛСОН, 

“Amnesty International” ташкилотининг Вашингтон шаҳридаги ваколатхонасининг Европа ва Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларини илгари суриш бўйича директори:

— “Жаслиқ” колониясини ¬тугатиш тўғрисидаги янгилик чуқур рамзий маънога эга ҳамда Ўзбекистонда қийноқларни йўқ қилиш йўлидаги энг муҳим қадамлардан биридир. Узоқ йиллар давомида “Жаслиқ” мамлакатда инсон ҳуқуқлари топталадиган энг ёмон муассаса сифатида тилга олиб келинган. Халқ¬аро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши уни ёпишга бир неча бор чақиришган.

Бугунги воқеа эса ҳақиқатан ҳам, сезиларли ўсишдан гувоҳлик бериб турибди. “Amnesty International” нафақат ушбу қарорни самимий олқишлайди, балки Ўзбекистон мансабдор шахсларини Президентнинг мазкур қарорини ҳаётга татбиқ этишда янада кўп иш қилишга қатъий чақиради.

Бу жуда ижобий воқеа. “Жаслиқ” Ўзбекистон нуфузидаги қора доғ эди ва унинг ёпилиши мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида олдинга ташланган муҳим қадам бўлади.

Мелисса ХУПЕР, 

“Human Rights Watch” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти вакили:

— “Жаслиқ” колониясини ёпишяптими? Бу машъум жойнинг тугатилиши — жуда яхши янгиликдир!

Эдуардс СТИПРАЙС, 

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари:

— Бу биз кутган ва ҳукуматингиз билан муҳокама қилган жуда муҳим воқеликдир. Бизда бундай руҳдаги ҳамкорлигимизни мутлақ янги даражада ривожлантириш имконияти мавжуд.

Жоанна ЛИЛЛИС, 

“The Economist” журналининг Марказий Осиё бўйича мухбири (Буюк Британия):

— Бу жуда муҳим воқеа Ўзбекистон учун ажойиб янгиликдир!

Женнифер МУРТАЗАШВИЛИ, 

Питтсбург университети ижтимоий ва халқаро муносабатлар мактаби халқаро ривожланиш дастурлари директори (АҚШ):

— “Жаслиқ” маҳбуслар учун шафқатсизлик колонияси эди. Унинг ёпилиши жуда катта мужда ва келажак учун муҳим аҳамиятга эга.

Ўз навбатида, Президентимизнинг “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарорини ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги координатори Жон МакГрегор, АҚШ Давлат департаментининг диний камчилик бўйича махсус ¬маслаҳатчиси Темс Нокс, АҚШ Глобал жалб этиш институти фахрий президенти Крис Сайпл юксак баҳолашди.

С. МАХСУМОВ
(«Халқ сўзи») тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019