Жарроҳлик амалиётидан сўнг иккита юрак билан яшайдиган бўлди

11:55 23 Февраль 2018 Lifestyle
788 0

Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги шифохоналардан бирига 56 ёшли эркак ўткир юрак етишмовчилиги хуружи билан олиб келинди. Унинг аҳволи шу даражада оғир эдики, яшаб кетишига ҳатто умид ҳам қолмаганди.
Шундай бўлса-да жарроҳлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун юракни кўчириб ўтказиш бўйича тезкор жарроҳлик амалиётини ўтказишга қарор қилишди. Бундай қалтис пайтда беморга тўғри келадиган донор орган мия ўлими факти тасдиқланган 17 ёшли ўсмирга тегишли эди, деб ёзади “The Mirror” нашри.
Операция пайтининг ўзидаёқ шифокорлар донор юрак беморникига қараганда анча кичик эканлигини аниқлашди. Ўша пайтда эркак кишининг аҳволи ниҳоятда оғир ва катталиги жиҳатдан мос бошқа донор орган йўқ эди. Шунда хирурглар бемор юрагини олиб ташлашдек таваккал ишга қўл урмади. Балки юракни гетеротопик кўчириш амалиёти бажарилди. Яъни ўсмирнинг митти юраги бемор кўкрак қафасининг чап ўпка ва юраги оралиғига қўйилди. Икки орган бир-бири билан бириктирилганда, улар организмда қон айланишини қўллаб-қувватлаб, биргаликда ура бошлади.
Операция етти соат давом этди ва муваффақиятли якунланди.
Эслатиб ўтамиз, юракнинг гетеротопик трансплантацияси ёки “қўш юрак” амалиёти жуда камёб ҳодиса ҳисобланади. Даволовчи врач Кришна Гокхалнинг айтишича, бундай мураккаб операциялар ҳозиргача дунё бўйича бор-йўғи 150 маротаба амалга оширилган.
Икки юрак эгасининг аҳволи аста-секин яхшиланаяпти. Бироқ шифокорлар янги хавф вужудга келишидан хавотирга тушишаётганини ҳам айтиб ўтишган. Сабаби агар шундай таҳдид юзага келса, бу муаммо қайси юракда пайдо бўлганини аниқлаш қийин кечади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар