Жанубий Корея матбуоти: Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ортиб бормоқда

16:18 04 Май 2018 Сиёсат
565 0
Фото: uzreport.news

Дунё нигоҳи

Маълумки, яқинда мамлакатимизга Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва хоним ташриф буюрди. Жанубий Корея матбуотида ушбу воқелик кенг ёритилди, қатор оммавий ахборот воситалари Тошкентдан махсус репортажлар тайёрлади. Мақолаларда нафақат бўлиб ўтган музокаралар, балки Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти ҳақида ҳам сўз борди.

Хусусан, етакчи ахборот агентликларидан бири “Yonhap News” Кан Гён Хва хонимнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлгани ҳақидаги ахборотни тарқатди.
“Учрашув чоғида икки томонлама алоқалар барча жабҳада фаол жадаллашгани эътироф этилди. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил ноябрь ойида Сеулга амалга оширган давлат ташрифининг катта аҳамиятга эгалиги, унинг натижалари Ўзбекистон — Жанубий Корея муносабатларининг ривожланиш векторини аниқлаб бергани таъкидланди”, дейилади мақолада.

Агентликнинг маълум қилишича, музокаралар чоғида Кан Гён Хва хоним расмий Сеул ўзбек дипломатияси томонидан Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлида амалга оширилаётган фаол чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини қайд этди. Таҳлилчиларнинг фикрича, афғон заминида осойишталик ўрнатилиши Шарқий ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг кучайишига кўмаклашиши мумкин.

“ET News” газетасида эълон қилинган мақолада Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар Ўзбекистон раҳбариятини расмий Сеул томонидан Корея яриморолидаги кескин вазиятни бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари тўғрисида маълумот бериш учун қулай имконият яратгани таъкидланди. Журналистлар яқинда икки Корея раҳбарлари ўртасида саммит бўлиб ўтишини ҳамда унинг якунлари бутун Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликка катта таъсир кўрсатишини билдирдилар.

“Maeil Broadcasting Network” медиа-гуруҳига кирадиган икки телеканалда Корея Республикаси ташқи ишлар вазирининг Тошкентга ташрифига бағишланган махсус дастурлар намойиш қилинди. Кўрсатувларда сўнгги ўн бир йил мобайнида илк бор Корея Республикаси ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари Ўзбекистонга ташриф буюргани алоҳида қайд этилди. Бу икки мамлакат ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилаётганидан далолат бериши таъкидланди.
Репортажларда Кан Гён Хва хонимнинг Ўзбекистондаги корейс диаспораси вакиллари билан учрашувига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Ўзбек заминида корейслар тинч ва ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Уларнинг маданияти ҳамда анъаналарини сақлаб қолиш учун республикада барча шарт-шароит яратилган”, дейди журналистлар.

“Korean Broadcasting System” (KBS) телеканали Тошкентдан батафсил репортаж намойиш қилиб, унда, хусусан, пойтахтимизнинг сўнгги йилларда салмоқли даражада ўзгаргани ҳақида сўз юритилди. “Бутун мамлакат бугун ўзгаришларга юз тутмоқда: Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда”.

Республикамизда давлат ва жамиятнинг барча жабҳасида ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлар экан, журналистлар бу борада бошқарув тизимини такомиллаштириш, валюта бозорини либераллаштириш, виза тартибини енгиллаштириш ҳамда бошқа йўналишларда қабул қилинган қарорлар жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланганини билдирдилар. Чунончи, ўзбек дипломатиясининг фаоллашгани ҳам алоҳида эътироф этилди: “республиканинг дунёдаги обрў-эътибори ортиб, хориж давлатлари билан ўзаро манфаатли алоқалар кенгайди”.

Анвар МИРЗАЕВ (“Халқ сўзи”) тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар