Жанубий Африкада коронавирусга чалинганлар сони ярим миллиондан ошди

13:43 02 Август 2020 Дунё
183 0

Жанубий Африка Республикасида (ЖАР) CОVID-19 билан касалланиш ҳолатлари 500 мингдан ошди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берган. Ҳозирда Африка қитъасида коронавирусга чалинганларнинг умумий сони бир миллионга яқинлашмоқда.

Африканинг энг саноатлашган мамлакати ҳисобланувчи ЖАРда ўтган сутка давомида 11 107 кишининг коронавирусни юқтириб олгани аниқланди. Бу билан касалланганларнинг умумий сони 503 290 кишига етди ва уларнинг 8153 нафари вафот этди. Бу мамлакатга CОVID-19 беш ой олдин кириб келганди. Шу пайтгача 3 миллионда ортиқ киши ушбу касалликка тест топширган.

ЖАРда коронавируснинг тарқалишини тўхтатиш учун март ойининг охирида карантин жорий қилинганди. Лекин бугунги кунга келиб иқтисодий фаолиятни тиклаш учун кўплаб чекловлар юмшатилди.

«Карантин чекловлари коронавируснинг тарқалишини икки ойдан кўпроқ муддат тўхтатишда фойдали бўлди. Кўрган чораларимиз мамлакатда март ойида касалланганлар сони назоратсиз ҳолда кўпайиб кетишининг олдини олди» деди ЖАР президенти Кирил Рамафоза.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?