Жамшид ПИРМАТОВ: Мустақиллик — барча муваффақиятларимиз ва фаровон турмушимиз кафолати

14:57 29 Август 2019 Жамият
1020 0

Инсоният учун энг олий неъматлардан бири бу – мустақилликдир. Инчунун, халқларнинг озодлик ва эрк учун қонли курашларига неча минг йиллик тарих шохид экани барчамизга яхши маълум. Зеро, бугун дунё харитасидан ўрин эгаллаган ҳар бир мустақил давлат халқлари эркин яшаш, ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш имконини қўлга киритган кунни муқаддас санаб, байрам сифатида нишонлайди. Бугун иқтисодий жиҳатдан энг қудратли ва тараққий этган давлатлар ҳам, асрлар ўтса-да, истиқлолга эришган кунини тантана қилади.

Нима учун?

Чунки ҳар қайси миллат ёхуд халқ учун вақт ўтгани сари эрк ва озодликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти юксалиб бораверади.

Жонажон Ўзбекистонимиз истиқлолни қўлга киритганининг 28 йиллиги нишонланаётган шу қутлуғ кунларда халқимизнинг қалбида шукроналик, бугунги тинч-осуда ҳаётимиз, фаровон турмушимиздан ризолик ҳамда ёруғ келажакка бўлган чуқур ишонч мужассам, десак муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, бугун ҳаётимизнинг барча жабҳаларида қўлга киритган ютуқларимиз бундан 28 йил муқаддам халқимизнинг энг улуғ орзуси – мустақилликка эришиш йўлида қабул қилинган тарихий қарорнинг, таъбир жоиз бўлса, ўша таҳликали даврда кўрсатилган жасоратнинг мевасидир.

Йигирма саккиз йиллик ушбу даврда жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини таҳлил қилар эканмиз, меҳнатсевар халқимиз бу даврда ҳам ўзига хос мураккабликлардан, турли синовлардан мардоновор ўтиб, дунё ҳамжамиятида ўз ўрни ва овозига эга бўлиб келаётгани барчамизни қувонтиради, албатта. Айниқса, кейинги уч йилда халқимизнинг турмуш сифатини янада яхшилаш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, уларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаш, мамлакатимизни дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин эгаллашини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳамда эришилаётган муваффақиятлар Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш ёхуд тараққиётнинг навбатдаги босқичи сари ташланган қадамлар сифатида эътироф этилмоқда.

Ушбу даврда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъияти ва сиёсий иродаси туфайли жамиятимизда қонун устуворлигига эришиш, адолат ва ҳақиқатни қарор топтириш, очиқлик, ошкораликни таъминлаш, мавжуд муаммоларга кўз юмиш эмас, аксинча, уларни бартараф қилиш йўлларини топишга устувор аҳамият қаратиб келинаётгани ўзининг юксак самараларини бермоқда. Бу борада, айниқса, парламент ва жамоатчилик назорати механизмларининг мустаҳкамланаётгани, аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилгани нафақат жойлардаги муаммоларни ўрганиш, балки фуқаролардан қонунчиликни мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар олиш ҳамда қонунларнинг ҳақиқий ижодкори халқимизнинг ўзи бўлиши сари йўл очиб берди.

Ўтган қисқа даврда парламентимиз қабул қилган қонунлар айнан фуқаролармиз томонидан билдирилган мурожаат ва таклифлар асосида ишлиб чиқилгани бу борадаги фикримиз далилидир.

Мамлакат тараққиётини ҳаракатлантирувчи асосий куч саналган иқтисодиёт соҳасида ҳам кейинги йилларда изчил янгиланишлар амалга ошириляпти.

Маълумки, хорижий инвестициялар миллий иқтисодиёт ва унинг ҳудудларни барқарор ривожлантиришга, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва диверсификациялаш ҳамда инновацион тараққий эттиришда муҳим роль ўйнайди. Шундан келиб чиқиб, юртимизда ҳам ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, қўшимча иш жойлари яратиш, ишлаб чиқариш ва илмий-техникавий кооперация орқали жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувни кучайтириш мақсадида хорижий сармояларни кенг жалб этишга муҳим эътибор қаратилмоқда.

Қолаверса, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ҳудудий тафовутлар ва номутаносибликларни қисқартиришнинг муҳим воситаси сифатида хорижий инвестициялардан самарали фойдаланиш мақсадида ташкил этилган эркин иқтисодий зоналар ҳудудларда мавжуд табиий иқтисодий, меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга, шу орқали иқтисодиётнинг ҳудудий таркибини такомиллаштиришга имкон яратмоқда.

Бутун дунёда хорижий инвестицияларни жалб этиш тобора мураккаб кечаётган бир даврда давлатимиз раҳбари томонидан инвестицияларни олиб келиб, қулай инвестиция муҳитини яратиш мақсадида қабул қилинган қарор ва фармонларда белгилаб берилган аниқ вазифалар ўзининг ижобий натижасини бермай қолмаяпти. Жумладан, кейинги йилларда вазирлар ва тармоқлар раҳбарлари ҳудудларга юборилиб, жойларда янги корхоналар ва доимий иш ўринлари ташкил этишни таъминлайдиган инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш бўйича янги тизим яратилди. Инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган кўплаб имтиёз ва енгилликлар жорий этилди.

Хорижий давлатлар ва халқаро молия ташкилотлари раҳбарлари, жаҳоннинг етакчи ишбилармонлари билан музокаралар ўтказилиб, битимлари имзоланяпти. Бундай чора-тадбирлар натижаси ўсиш суръатларида кўзга ташланмоқда. Хусусан, ўтган йили асосий капиталга инвестициялар ҳажми 18 фоиздан зиёд ўсган. Бугунги кунда юртимизда чет эл инвестициялари ҳисобидан қиймати 23 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 456 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Муҳим сифат ўзгариши шундаки, илгари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида ҳудудий лойиҳалар деярли бўлмаган бўлса, жорий йилда ўзлаштириладиган тўғридан-тўғри хорижий сармояларнинг ярми ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади.

Шу билан бирга, инновацияларни жорий этиш иқтисодий ўсиш ҳамда бозорнинг рақобатбардошлигини таъминлашнинг муҳим омилига айланди. Бу эса, ўз навбатида, барча жабҳада инновациялар соҳасидаги илғор илмий ишланмалар, техник ютуқлардан самарали фойдаланишни ҳамда ҳозирги иқтисодий салоҳиятнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашни талаб этмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, бугун кўплаб давлатлар томонидан илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга катта миқдорда инвестициялар йўналтирилмоқда.

Мамлакатимизда ҳам қисқа муддатда инновацияга йўналтирилган иқтисодиётни шакллантириш, инновацияларни кенг жорий этиш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Юртимизда инновацион ва илмий-техник ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган ташкил этилгани, унинг ҳузурида Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси шакллантирилгани мазкур йўналишдаги муҳим босқичлардан бири бўлди. Албатта, барча соҳаларда янгиликларга интилиш ҳамда рақобат кучайиб бораётган бугунги даврда самарасиз ўтмишдан воз кечган ҳолда, инновацияларга кенг йўл очиб бериш тараққиётнинг энг муҳим асоси ҳисобланади.

Айнан бугун давлатимиз раҳбари инновацияларни барча соҳа ва тармоққа зудлик билан татбиқ этишни талаб қилаётгани ҳам бежиз эмас. Дарҳақиқат, инновациялар мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиши ва ривожланган давлатлар даражасига эришишида энг асосий омил ҳисобланади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, мамлакатимизда илмий ишланмаларни иқтисодиётнинг реал секторига жорий этиш бўйича самарали механизм ривожлантирилмоқда. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясида илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ҳамда инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари, технопаркларни ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилган.

Шу билан бирга, вилоятларда бўлиб ўтаётган халқ билан бевосита мулоқотлар пайтида мамлакатимиз Президенти томонидан барча ҳудудда илм-фан салоҳиятини тиклаш, ҳудудларнинг комплекс ривожланишини таъминлашда мавжуд интеллектуал салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилмоқда. Масалан, иқтисодиётнинг инновацион ривожланишида академик фаннинг аҳамиятини янада ошириш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланишга асосланган иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларини шакллантириш, фаол ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, ахборот технологиялари маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва буюртмачиларига қўшимча имтиёзлар, преференциялар бериш ҳисобига ушбу тармоқда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашувини янада чуқурлаштириш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация маркази ташкил этилди.

Умуман олганда, бу каби ижобий натижаларни нафақат иқтисодиётимиз тармоқларида, балки, жамиятимизнинг бошқа соҳаларида ҳам кузатишимиз мумкин. Энг муҳими, ушбу ижобий ўзгаришларни халқимиз ўз ҳаётида, кундан-кунга юксалиб бораётган турмуш даражаси мисолида кўриб, сезиб турибди.

Яна бир эътиборли жиҳат, бугун жамиятимизда мавжуд муаммоларга кўз юмиш, уни ҳаспўшлаш эмас, балки аҳолини қийнайдиган ҳар қандай масалага ижобий ечим топишга бўлган интилиш кучайди, қонунлар ижроси устидан жамоатчилик назоратининг таъсири ортиб бормоқда. Айниқса, мансабдор шахсларнинг ва давлат органларининг масъулияти сезиларли даражада ошгани, “Халқимиз давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу тамойил ўзининг амалий ифодасини топаётгани барчамизни қувонтиради.

Албатта, ҳали олдимизда қиладиган ишларимиз бисёр. Қўйилган мақсад эса, бир – мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрнини янада мустаҳкамлаш, яқин келажакда энг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаш, халқимизни ҳаётдан рози қилишдир. Ушбу муштарак мақсадларни амалга ошириш ва Мустақил Ўзбекистоннинг янги тарихини яратишда эса, шу муқаддас диёрни она Ватаним деб билувчи ҳар бир юртдошимиздан сидқидилдан меҳнат қилиш, бор куч ва имкониятларини сафарбар этиш талаб қилинади.

Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019