Жаҳонгир Аҳмедов АҚШлик киноижодкорлар билан туркум фильмларни суратга олади

18:44 22 Февраль 2019 Welcome to uzbekistan
827 0

Кеча Пенсильвания штатининг Филадельфия шаҳридаги Брин Атин кафедрал соборида мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ҳамда дунё халқлари тўғрисида ҳужжатли фильмлар тайёрлашга ихтисослаштирилган кинокомпания — Unity Productions Foundation ҳамкорлигида уюштирилган “Буюк Ипак йўли алломалари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда элчихонамиз ходимлари, жамоатчилик вакиллари, олимлар, киноижодкорлар ва маданият ҳамда санъат соҳаси намояндалари қатнашдилар.

Тадбирни Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ўринбосари Қадамбой Султанов очиб берди.

Маълумки, 10 — 20 январь кунлари Unity Productions Foundation кинокомпанияси продюсери Даниель Тутт бошчилигидаги делегация ижодий ташриф билан Ўзбекистонда бўлганди. Ташрифдан кўзланган мақсад, аввало, Ўзбекистон киноижодкорлари билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш, қолаверса, юртимиз сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан танишиш ҳамда келгусида бу борадаги мавжуд улкан потенциалимизни жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилишга ҳисса қўшувчи туркум ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқаришдан иборат эди. Сафар мобайнида делегация аъзолари мамлакатимизнинг диққатга сазовор масканларига ташриф буюрган, унинг амалий якуни сифатида Unity Productions Foundation компанияси ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ўртасида англашув меморандуми имзоланган эди.

Мазкур тадбир ўша учрашувларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда АҚШ делегациясининг жорий йил январь ойида юртимизга ташрифи мобайнида келишилган уч лойиҳа бўйича Unity Productions Foundation кинокомпанияси тақдимот конференциясини уюштирди. Тақдимотда Ўзбекистон билан ҳамкорликда суратга олиниши режалаштирилаётган лойиҳалар намойиши бўлиб ўтди. Намойишда АҚШ томонидан Даниель Тутт, Ўзбекистон томонидан эса кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов сўзга чиқиб, йиғилганларни кинолойиҳалар билан таништиришди.

— Тақдимотда англашув меморандумида кўзда тутилган лойиҳаларни жамоатчилик кўригидан ўтказиб олдик, — дейди кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов “Телеграмм” ижтимоий тармоғи орқали “Халқ сўзи ONLINE” сайтига эксклюзив интервью берар экан. — Келгусида Unity Productions Foundation кинокомпанияси билан ҳамкорликда битта ҳужжатли, битта бадиий-публицистик жанрларидаги ва яна битта бадиий фильмни суратга оламиз.

— Суратга олиш ишлари қаерда бўлиб ўтади?

— Ҳужжатли фильмни тасвирга олиш юмушлари тўлиқ мамлакатимизда кечади. Бадиий-публицистик фильмимиз ҳам юртимизда суратга олиниши кутиляпти. Бадиий фильмни эса ҳам АҚШда, ҳам Ўзбекистонда тасвирга туширишни мўлжаллаганмиз.

— Фильмларни молиялаштириш ишлари қандай кечади?

— Фильмлар 80 га 20 тарзида молиялаштирилади. Яъни ҳар бир фильмнинг 80 фоиз маблағини америкалик ҳамкорларимиз таъминлашса, 20 фоизи Ўзбекистон томонидан қопланади. Буни Ўзбекистон киноиндустриясига олиб кирилаётган инвестиция, дейиш мумкин.

— Тарихий бадиий-публицистика сиз учун янгилик эмас.

— Албатта. Бугунги муваффақиятларимда шу жанрда суратга олинган “Исломхўжа” фильмининг ҳиссаси катта. Фильм айни пайтда Ўзбекистонни дунёга танитишга ҳисса қўшмоқда, десам, янглишмайман. Хусусан, ўтган йилнинг октябрь ойида Вашингтондаги Вудро Вильсон мемориал мажмуасида унинг махсус премьераси бўлиб ўтганди. Жорий йилнинг январида эса “Исломхўжа” Покистон Ислом Республикасида тақдим этилди. Насиб қилса, келгусида ҳамкорларимиз билан нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг бошқа давлатларида ҳам томошабинлар эътиборини қозона оладиган худди шундай фильмлар яратамиз.

Ҳасан Тошхўжаев (“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019