Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Ўзбекистонга келади

16:15 01 Август 2018 Жамият
171 0
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлигида етук олимлар ва соҳанинг тажрибали мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳлар томонидан тайёрланаётган Концепция лойиҳаси доирасида дунёнинг тиббиёти тараққий этган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш мақсадида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг нуфузли делегацияси мамлакатимизга таклиф этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати “Халқ сўзига маълум қилди.

Айни пайтда юртимизда бўлиб турган ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси етакчи эксперти Мелитта Якаб бошчилигида делегация мамлакатимизда амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотларни ҳар томонлама ўрганиб, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилаётган Концепция лойиҳаси юзасидан таклифлар тайёрламоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва делегация экспертлари ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда тизимни тубдан такомиллаштиришга қаратилган Концепция лойиҳаси юзасидан кўплаб таклифлар ўртага ташланди. Учрашувда Ўзбекистон тиббиёт тизими билан танишиш мақсадида шу йил ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейесуснинг ташрифи кутилаётгани ҳам маълум қилинди.

– Биз юртингизга ушбу Концепцияни ҳамкорликда тайёрлаш учун келганмиз, – дейди ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси етакчи эксперти Мелитта Якаб. – Эътиборли жиҳати, сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон тиббиётда танлаган ўз стратегияси билан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фаол аъзосига айланди. Бундан буён ҳам кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга тайёрмиз.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизда фаол иш олиб бораётган мазкур халқаро делегация ташрифи якунлари бўйича Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни ривожлантиришга қаратилган тақдимот ўтказилиши ҳам режалаштирилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар