Жаҳон иқтисодиёти коррупция ҳолатлари туфайли йилига 2,6 триллион доллар йўқотмоқда

10:01 03 Июль 2020 Сиёсат
372 0

Занг темирни емиргани каби, коррупция жамиятни емиради, чиритади. Шу сабабли коррупцияга адолат, тараққиёт тушунчалари бегона.

Глобаллашув ва интеграция жараёнлари кучайган, чегаралар шаффофлашган даврда ҳеч бир давлат коррупциядан холи фаолият юритолмайди, албатта. БМТ Тараққиёт дастурида жаҳон иқтисодиёти айнан коррупция ҳолатлари туфайли йилига 2,6 триллион АҚШ доллари маблағ йўқотаётганини, жамият тараққиётининг энг хавфли кушандасига айланган бу иллатга қарши фақат биргаликда кураш олиб боришгина кутилган самарани келтириши таъкидланган.

Шубҳасиз, давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши давлат ҳокимиятининг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Бошқача айтганда, муайян давлатда коррупциянинг ривожланиши ўша давлатнинг иқтисодий-маънавий таназзулига, халқаро майдонда обрў-эътиборининг сусайишига олиб келади.

Бунга биргина мисол. Кейинги йилларда хорижий инвесторлар ўзлари маблағ киритмоқчи бўлган давлатнинг Transparency International Халқаро коррупцияга қарши ташкилоти (Corruption Perception Index) рўйхатидаги ҳолатини ўрганадиган бўлишган. Бугунги кунга келиб эса ҳатто сайёҳлар ҳам худди шундай йўл тутишмоқда. Таассуфки, бу ташкилот рейтинг рўйхатидаги 180 давлат орасида юртимиз 158-ўринда турибди.

Эътироф этиш лозим, мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди. Бироқ ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмайди. Чунончи, шахс ҳамда жамият манфаатларини янада самаралироқ ҳимоя қилиш коррупциянинг олдини олишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш эҳтиёжини вужудга келтирди.

Бунинг амалий кўриниши сифатида Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. Фармонга кўра, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил рўёбга чиқариш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида бевосита Президентга бўйсунадиган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифалар коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратишни тақозо этмоқда.

Фармон Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ғояларига ҳамоҳанглиги билан бизнинг масъулиятни янада кучайтирган ҳолда фаолият юритишга ундайди. Зеро, жамиятимизда коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш партиямизнинг дастурий вазифаларидандир.

Бир сўз билан айтганда, юртимизни коррупция аталмиш иллатдан буткул фориғ этиш ҳаммамизнинг бурчимиз.

Иномжон КУДРАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?