Жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътибори Ўзбекистонга қаратилган

09:33 25 Сентябр 2020 Сиёсат
296 0

Бунга мамлакатимиз етакчисининг конструктив ташаббуслари сабаб бўлмоқда.

“Ўзбекистон халқаро жараёнларга тобора фаолроқ кириб бормоқда, глобал ва минтақавий кун тартибини шакллантиришда дадил қатнашиб, ўз салоҳиятидан жаҳон ҳамжамиятининг кўп томонлама тузилмаси доирасида мақсадли фойдаланишга киришди. Шундай ёндашув туфайли Ўзбекистоннинг обрўси ва нуфузи ортиб бормоқда”.

Ушбу иқтибос “Political Events” ҳафталик таҳлилий журнали бош муҳаррири Муҳаммад Исмоил Хонга тегишли бўлиб, Ўзбекистон раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи юзасидан айтилган ва мамлакатимизнинг кейинги тўрт йил ичида жаҳон ҳамжамиятида эгаллаган мавқеини рўйирост кўрсатиб турибди. Ҳиндистонлик ҳамкасбимизнинг сўзларидан англашиладики, бугун турли давлатлар раҳбарлари ҳамда экспертлар жамиятининг диққат-эътибори Президент Шавкат Мирзиёевнинг пухта ўйланган ташқи сиёсати, асосли ташаббуслари ва изчил ислоҳотлари туфайли бизнинг мамлакатимизга қаратилган.

Табриклаш учун асос бор

Қатъий регламент билан белгиланган чорак соат ичида нафақат Ўзбекистонни сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан модернизация қилишнинг устувор вазифалари, балки минтақавий ҳамда глобал миқёсдаги долзарб масалаларни ҳам қамраб олиш ниҳоятда қийин вазифа. У шундай бажарилдики, Бош Ассамблея сессиясининг ­сиёсий баҳс-мунозарасини кузатиб бораётганлар орасида биринчи бўлиб Парламентлараро Иттифоқнинг бош котиби Мартин Чунгонг самимий фикр билдирди:

— Мен Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклифи билан табриклайман, — деди у.

Ўзбекистон етакчисининг видеомурожаатига алоҳида қизиқиш билдирган “Marmara Grubu” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси президенти доктор Аккан Сувер буни мамлакатимизнинг Марказий Осиёдаги ҳал қилувчи роли билангина эмас, балки демографик, иқтисодий ва умуман, геостратегик жиҳатдан тобора ортаётган нуфузи билан ҳам изоҳлади.

Туркиялик экспертнинг фикрича, бунда Президент ­Шавкат Мирзиёев томонидан ­таклиф этилган «Янги Ўзбекистон»ни шакл­лантириш ва мамлакатда учинчи Ренессанснинг бошланиши ҳақидаги умуммиллий шиорда принципиал жиҳатдан ­янгича мазмунга эга ғояларнинг илгари сурилаётгани ва рўёбга чиқарилиши кўзда тути­лаётгани муҳим аҳамият касб этади. Шу туфайли Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг алоҳида иштирокчисига, ҳам мамлакат ичида, ҳам ташқарисида янгидан-янги ғоя ва ташаббусларни кўтариб чиқувчи, ислоҳотлар ҳамда том маънодаги янгиланишларга ундайдиган қувват ва ­шижоат бахш этувчи бир манбага айланиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбарининг нутқи ўзбек тилида гаплашадиган 50 миллиондан зиёд кишиларнинг қалбида фахр уйғотгани, шубҳасиз. Мамлакатимиз ва ундан ташқарида яшовчи бу инсонлар биринчи марта шундай юксак минбардан улуғ Алишер Навоий тилида янграган сўзлардан қалблари жунбушга келди. Ва бу рамзий маънога эга бўлди. Гўёки, илм-фан ва ижод гуллаб-яшнаган ўша Навоий замони билан айни вақтдаги учинчи ­Уйғониш даври ўртасида мисоли бир кўприк солинди.

БМТнинг юбилей сессияси муваффақиятига янгича онлайн-формат ҳам халақит бера олмади. Ўта муҳим сиёсий тадбир ҳам эпидемиологларнинг талабига бўйсунишга мажбур бўлди, шу боис у виртуал форум тарзида ўтказилди. Бевосита минбарда туриб гапирувчи нотиқларда, албатта, имконият катта. Улар тингловчини нафақат нутқ мазмуни билан, балки жўшқинлик ёрдамида ҳам ўзига жалб қила олишади. Видеомурожаатда имконият анча чекланган. Шундай бўлса-да, ғоя ва янгича фикр устувор ҳисобланувчи ҳозирги давримизда таҳлилчиларнинг бутун диққат-эътибори ­нутқларнинг жимжимадор ва баландпарвоз ташқи безагига эмас, балки айнан моҳиятига қаратилмоқда.

Ўзбекистон етакчисининг чиқишидан ҳам экспертлар керакли мазмунни илғаб олишди. Қатор хорижий telegram-каналларнинг сиёсатшунос ва шарҳловчилари, ҳатто ­барча нарсани танқид қилишга ўрганиб қолган ўта шубҳагўй олимлар ҳам, Бош Ассамблея 75-сессиясидаги музокараларнинг иккинчи кунига якун ясар эканлар, Ўзбекистон Президенти ўз нутқи билан ОАВ ҳамда кузатувчиларнинг эътиборини жалб қила олганини таъкидлашди.

Муаллифлар ёзишича, Шавкат Мирзиёев мамлакатни уч йилдан ортиқроқ вақт мобайнида бошқариб, унга дунёдаги энг йирик корпорация ва иқтисодиётларнинг эътиборини қарата олди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон кейинги йилларда жаҳон ҳамжамиятининг муҳим қисми сифатида ўзининг COVID-19га қарши курашдаги ютуқлари, пандемиядан сўнг иқтисодиётни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатлари ҳақида бутун дунёга гапира олади. Мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлашда ўзгариш бўлди, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарди. Умуман, Ўзбекистон демократлаштириш йўлидан бормоқда. Нутқда алоҳида эътибор ­минтақавий сиёсатга ажратилди, бу эса ­давлатимизнинг минтақада етакчи эканидан далолат.

Шавкат Мирзиёев Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва бу мамлакатни урушдан кейин тиклаш ишларида Ўзбекистон фаол иштирок этаётгани ҳақида ҳам тўхталди. Ўзбекистон раҳбари, Доҳа шаҳрида афғон сиёсий кучлари ўртасида бошланган тинчлик музокараларини тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозимлиги тўғрисида таклиф киритди. Бу бўйича таҳлилчиларнинг хулосаси эса аниқ: ана шундай қадамлар туфайли минтақа етакчилари майдонга чиқади ва улар Осиёнинг энг йирик давлатлари билан тенглашишга қодир бўлади.

«Бешинчи отлиқ»қа қарши кураш

Кейинги бир неча ойда бутун дунё яна бир улкан хатар ва муаммога дуч келди. Жорий йил январида БМТ Бош котиби инсоният келажагини хавф остига қўювчи «тўртта отлиқ» ҳақида гапирган эди. Улар — глобал геостратегик тарангликнинг ўсиши, иқлим ўзгариши, халқаро майдонда ишончнинг инқирозга юз тутиши ва рақамли технологиялар жорий этилишидаги салбий оқибатлар. Энди маълум бўлишича, панада «бешинчи отлиқ» ҳам яшириниб турган экан — бу эса, COVID-19 пандемияси бўлиб чиқди.

— Биз бугун бир вақтнинг ўзида ҳам соғ­лиқни сақлаш соҳасидаги мисли кўрилмаган инқироз, ҳам энг йирик иқтисодий инқироз, ҳам Буюк депрессия давридан кейинги энг катта миқёсли иш ўринларининг йўқотилиши ва устига-устак, инсон ҳуқуқлари учун янги хатарлар билан тўқнаш келиб турибмиз, — деган эди ўшанда Антониу Гутерриш.

Пандемия дунёнинг заифлигини, тенгсизлик тобора ўсиб бораётганини кўрсатиб қўйди. Бош котиб 30 йил ичида биринчи марта камбағалликда яшаётган одамлар сони кўпайиб бораётгани, инсон салоҳиятининг ривожи кўрсаткичлари ҳам пасаяётганидан ташвишда.

Бу муаммолар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади, лекин уларга қарши туб ўзгариш ва ислоҳотлар амалга оширилиб, манзилли чоралар қўлланилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев нутқида қайд этилишича, биз биринчи марта камбағалликни камайтириш ҳақидаги қатъий қароримизни очиқ эълон қилдик. Бунга тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш, инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш ҳамда замонавий инфратузилмани барпо этиш, одамларни янги касб-ҳунарларга ўргатиш ва аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам кўр­сатиш орқали эришмоқдамиз.

Чиндан ҳам, яқин вақтларгача мамлакатимизда камбағаллик ҳақида гапирилмас эди. Давлатимиз раҳбари томонидан аҳолининг кам таъминлаган қатлами 12 — 15 фоизни ёки 4-5 миллион кишини ташкил этиши тўғрисидаги рақамлар эълон қилинди.

Бунда Президент нафақат муаммонинг кўламини кўрсатди, балки уни ҳал этиш йўлларини ҳам белгилаб берди. Жумладан, Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Камбағалликни қисқартириш дастурини ­ишлаб чиқиш, халқаро меъёрларни чуқур ўрганиш асосида камбағаллик тушунчаси, уни баҳолаш мезон ва усулларини ўз ичига олувчи янги услубиётни жорий этиш зарурати мавжудлигини таъкидлади.

Бу глобал муаммо билан қандай ку­рашиш кераклиги ҳақида баҳслар давом этиб келяпти. Баҳс, асосан, иккита вариант атрофида кечади: камбағалга «балиқ» бериш, яъни моддий ёрдам кўрсатиб, унинг миқдорини доим кўтариб бориш керакми ёки «қармоқ» бериш, яъни камбағал ўзи ишлаб даромадини кўпайтириши учун шароит яратиш керакми?

Президент қайд этганидек, биринчи вариант — бир томонлама ёндашув бўлиб, у муаммони узил-кесил ечишга имкон бермайди. Давлат томонидан моддий ёрдам фақат жисмоний жиҳатдан чекланганлик туфайли ёки қандайдир объектив сабабларга кўра ўзи пул ишлаб топа олмайдиган одамларгагина кўрсатилиши керак. Бошқаларга эса давлат «қармоқ» бериши, яъни бандлик масаласини ҳал қилиши, етарли даражада иш ўринлари ва тадбиркорлик билан шуғулланиши учун имкониятлар яратиши лозим. ­Қисқача айтганда, барча муҳтожларни ўз ­фаровонлигини ошира олиши учун ишончли даромад манбаи билан таъминлаш керак.

Камбағаллик билан курашишда самарали чоралар комплекси зарур ва улар бугунги кунда барча йўналишда амалга оширила бошланди. Ижтимоий нафақа олувчилар сони деярли 1,5 баравар ортди ва жорий йил охирига бориб 774 минг нафардан 1,2 миллион нафаргача кўпаяди. Моддий ёрдамга муҳтож кишиларнинг сонини аниқлаш учун жойларда тегишли рўйхатлар тузилмоқда. Масалан, янги ўқув йили арафасида ана шундай рўйхатга киритилган оилалардаги 16 ёшга тўлмаган, боқувчисини йўқотганлик нафақасини олувчи фарзандлар, шунингдек, ногиронлиги бор болаларга моддий ёрдам кўрсатилди.

Умуман олганда, Ўзбекистонда пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг миқдори мунтазам ошириляпти, коронавирус пандемияси сабабли аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига ёрдам учун триллионлаб сўм маблағ ажратилмоқда. «Қармоқ»қа келадиган бўлсак, бунда, аввало, ишсизлик муаммосини ҳал қилиш жуда муҳим. Хорижда ишлаётган ўн минглаб ватандошларимиз пандемия сабабли юртимизга қайтиб келганидан кейин бу борадаги вазият янада мураккаблашди.

Ўзбекистон раҳбарияти томонидан қабул қилинган инқирозга қарши чоралар туфайли ҳатто карантин шароитида ҳам мамлакатимизда аҳолининг асосий қисми учун даромад манбаи ва турмуш даражаси сақлаб қолинишига эришилди. Бугунги кунда эса, пандемия сабабли тўхтаб қолган корхона ва фирмалар фаолияти ҳам тикланмоқда.

Аммо ҳали юз минглаб ўзбекистонликлар иш ўринларига ва даромадларини кў­пайтиришга эҳтиёж сезмоқда. Уларни доимий ёки вақтинчалик иш билан таъминлаш учун қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, ўз эҳтиёжларини қондириш ва ортиқчасини сотиш учун ер участкалари ажратиш ёки жамоат ишларига жалб қилиш орқали.

Бандлик муаммосини ҳал этиш, оилалар фаровонлигини ошириш, демакки, камбағаллик билан курашишда кичик бизнес ва ху­сусий тадбиркорликни ривожлантириш муҳим ўрин тутади. Бугун меҳнатга лаёқатли инсон ўзи учун даромадли машғулот топа олади. Масалан, бу йил фақат «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади. 370 мингдан ортиқ ватандошларимиз ўзини ўзи банд қилганлик ҳақида рўйхатдан ўтиб, солиқлар бўйича имтиёзга эга бўлди. Фарғона вилоятининг қишлоқ туманларида йўлга қўйилиб, ижобий натижа берган, аҳолининг бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланиш кўникмаларини шакллантириш тажрибасини барча вилоятларда жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Тизимли ва аниқ мақсадга йўналтирилган чоралар туфайли кам таъминланганлар тоифасига кирувчи, лекин меҳнатга яроқли аъзолари бўлган оилаларнинг сони сезиларли равишда камаяди. Демак, биз «бешинчи отлиқ»қа қарши жанг қила оламиз. Лекин бундай курашни глобал даражада ҳам олиб бориш керак. Шунинг учун Президенти­миз ўз нутқида тобора ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчамизни безовта қилиши зарурлигини қайд этар экан, шу муносабат билан қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу ­масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклиф этди.

Фаровонлик умумий ҳаракатни талаб этади

БМТ Бош Ассамблеяси юбилей сессиясининг шиори — «Умумий ҳаракатлар билан умумий келажак сари» — ташкилотга кирувчи 193 давлатнинг хоҳиш-иродасини акс ­эттиради. Бундай келажакка ҳар бир инсоннинг асосий эҳтиёжларини таъминламай ­туриб эришиб бўлмайди.

Пандемия кўпгина тармоқларга катта зарар етказди. Кундалик эҳтиёжлар масаласи ҳам кескинлашди. Халқаро ҳамжамият бонг урмоқда. БМТ таркибига кирувчи Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари Девид Бислиозиқ-овқат етишмаслигидан азият чекаётган одамларнинг сони ортиб бораётганини айтиб ўтди ва «Жуда катта кўламдаги очлик муаммоси билан боғлиқ хавф қаршисида қолишимиз» эҳтимоли борлиги ҳақида огоҳлантирди.

Антониу Гутерриш озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва истеъмол қилишга бўлган ёндашувни тубдан ўзгартириш, барчани озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни келишилган ҳолда амалга оширишга чақирди. БМТ Бош котиби 2021 йилда Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммит ўтказишни таклиф этди ва бу таклиф Ўзбекистон Президенти томонидан маъқулланди.

Экспертлар фикрича, ушбу саммит фақат нав­батдаги тадбир бўлиб қолмай, балки 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига ­эришиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларда туб бурилиш ясаши лозим.

Аҳолиси тез суръатларда ўсаётган Ўзбекистон учун озиқ-овқат хавфсизлигини мус­таҳкамлаш биринчи галдаги вазифа. ­Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимиз бу муаммога дуч келган: кўпгина озиқ-овқат маҳсулотларининг четдан келтирилганлиги сабабли очарчилик хавфи вужудга келган ва бу биз учун катта сабоқ бўлган.

Кейинги пайтда қишлоқ хўжалиги тубдан ислоҳ қилинди. Пахта майдонлари қисқартирилиб, бўшаган ерларга бошоқли дон, мева-сабзавотлар экилди. Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа тармоқлар ривожланмоқда. Республикамиз озиқ-овқат саноати қувватларини кўпайтириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминламоқда. Энди уни мустаҳкамлаш вазифаси турибди.

Жорий йилнинг ўзида мева-сабзавотчилик, узумчилик, уруғчилик, чорвачилик ва агрологистика тармоқларини ривожлантириш, шунингдек, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, илмий тадқиқот ишларини кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадларига уч триллион сўм йўналтириш мўлжалланган.

Инқирозга йўл қўймаслик учун аграр тармоқ халқаро молиявий ташкилотлар маблағлари ҳисобидан модернизация қилинмоқда. Шу мақсадда қиймати 1,2 миллиард долларлик лойиҳалар рўёбга чиқариляпти.

Ва албатта, яна бир глобал муаммо — иқлим ўзгариши натижасида юзага келган ва йилдан-йилга кучаяётган сув ресурслари тақчиллиги доимий диққат-эътиборда. Шу боис сув тежовчи технология ва жиҳозларни жорий этишга алоҳида аҳамият бериляпти. Улар ҳозирча фақат 285 минг гектарда, яъни мавжуд ерларнинг етти фоизидагина қўлланиляпти, холос. Келгуси йилда бу кўрсаткични икки баравардан кўпроққа ошириш мўлжалланган. Шунингдек, суғориш меъёрларини ҳисоблаш услубиётини БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) талабларига мувофиқ ҳолга келтириш, сувдан оқилона фойдаланиш учун ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш, сувга ҳисоблагич ўрнатган истеъмолчиларни рағбат­лантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишдаги шу ва бошқа чора-тадбирлар саммит доирасида жаҳон ҳамжамияти эътиборига сазовор бўлади, деб ўйлаймиз. Биз учун эса, бу халқ­аро ташкилотлар билан муносабатларни ­янада мустаҳкамлашда янги имкониятларни очиб беради. Натижада дастурхонимизнинг янада тўкин бўлишига, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва иш ўринлари яратилишига, умуман, ҳаётимизнинг янада фаровонлашувига хизмат қилади.

Сессиянинг умумсиёсий баҳс-мунозара шаклида ўтказилиши фикрлар тўқнашувини тақозо этади. Ва шундай бўлди ҳам: форум давомида давлатлар раҳбарлари ўз стратегиялари, ёндашув ва концепцияларини илгари суришда бошқаларга қарама-қарши қўйишди ҳам, баъзан бир-бирларига киноялар ҳам қилишди.

Ўзбекистоннинг овози эса, бундан уч йил олдин ҳам, ҳозир ҳам бошқача жаранглади. Марказий Осиёни тубдан ўзгартириб юборган, умумий тараққиёт мақсадларига хизмат қилиб, мамлакатларни бирлаштирадиган даъватлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридаги чиқишлари орқали бутун сайёрамизга тарқалди. Тинчлик ва бунёдкорлик ғоялари билан суғорилган ташаббуслар баҳсга ўрин қолдирмайди: ахир улар умумий манфаатларга қаратилган.

Албатта, давлатимиз раҳбарининг нутқи унинг асл моҳиятини англаш мақсадида ҳали ўрганилади, таҳлил қилинади. Нутқда бирин-кетин илгари сурилган таклифлар батафсил очиб берилади ва бу тезислар ишлаб чиқиладиган «йўл хариталари» ва дастурларга асос бўлиб хизмат қилади. Бу ташаббуслар — жаҳон ҳамжамияти учун ҳам яхшилаб ўйлаб кўриш учун мавзу. Ўйлаб кўриш ва асосийси, аниқ ҳаракатларга киришиш эса, бугун барча учун зарур.

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?