Жаҳон чемпионатида ов милтиғи билан тақдирланган ҳужумчи. У ким эди?

15:15 26 Май 2020 Спорт
905 0

Ўтган асрнинг 50-йиллари охирида Жюст Фонтен Рамон Копа билан ҳужум чизиғида ажойиб жуфтлик ҳосил қилганди. Улар Франция терма жамоасида ҳам, “Реймс” клубида ҳам бирга ўйнашган. Копа кўпроқ ҳужумни ташкил этар, Фонтэн эса гол урарди. У Копа тўп узатган жойга ҳозиру нозир бўлар, имконият туғилди, дегунча дарвозага зарба йўлларди. Шу билан бирга Фонтэн индивидуал жиҳатдан ҳам кучли эди. Жуда катта бошланғич тезликка ва ажойиб техникага эгалиги эвазига ҳимоячиларни доғда қолдирарди. Бу ҳужумчини “Голлар фонтани” деб аташарди. Негаки, унинг фамилияси французчада “Фонтан” маъносини англатади. Жюст голлар фонтанини дарвозага йўллашни ёшлигидан, ҳали ўзи туғилиб ўсган Марокашдаёқ бошлаганди.

“АС Марокаш” клубида ўйнаётган қаҳрамонимизни нисбатан кучли саналган “Касабланка” жамоасига таклиф этишади. Ўшанда у 17 ёшда эди.Касабланка шаҳрида уйи йўқлигидан стадионда ётиб-туришга мажбур бўлади. Тўпурарнинг довруғи Францияга ҳам етиб боради. Уни “Ницца” клуби ўз сафига қўшиб олганида Жюст 20 ёшга қадам қўйганди.

Биринчи мавсумдаёқ у жамоаси билан Франция кубогини қўлга киритади. Баҳорда эса мамлакат чемпиони бўлади. Фонтэн 23 ёшга кирганида Франция терма жамоасида дастлабки ўйинини ўтказди. Лекин мамлакат чемпионатида 34 та гол киритганига қарамай, бош мураббий Пол Николя терма жамоанинг ҳужум чизиғида Рене Блиар хизматидан фойдаланишни маъқул кўрди.1958 йилги жаҳон чемпионатига эса Фонтэн бахтли тасодиф туфайлигина борадиган бўлди. Негаки, Блиар кутилмаганда жароҳат олди. Унинг ўрнини Фонтэн эгаллади. Агар шундай ҳол рўй бермаганида дунё футболи “Фонтэн – Копа” жуфтлигини кўрмаган бўлармиди, деб ўйланиб қоласан, киши.

Копа ўша пайтда “Реал” билан Европа Чемпионлар Кубогини қўлга киритган, яхши спорт формасида эди. Биринчи чигилёзди ўйинлардаёқ Копа билан Фонтэн шунақанги ҳаракатлар қилишдики, билмаган киши улар узоқ йиллардан буён бирга тўп суриб келишяпти, деган фикрга борарди. Швецияда бўлиб ўтган мундиалда улар ҳар қандай ҳимояни ёриб ўтишга қодир жуфтлик эканликларини кўрсатишди. Гуруҳ баҳси дастлабки учрашувида Парагвай терма жамоаси дарвозасига тўплар ёмғири ёғилди. Французлар 7:3 ҳисобида ғалаба қозонишди. Фонтэн хет – трикка эришди. Тўғри, иккинчи баҳсда Францияни Югославия терма жамоаси 3:2 ҳисобида мағлуб этди.Аммо иккала жавоб тўпини ҳам Фонтэн киритди. Кейин французлар Шотландия терма жамоасини 2:1 ҳисобида енгишди. Фонтэн ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўйди. Шимолий Ирландияга қарши кечган чорак финал баҳсида 4:0 ҳисоби қайд этилди. Фонтэн дублга эришди. Французларнинг ўйини учрашувдан учрашувга очилиб бораётган, ҳамма уларни жаҳон чемпиони бўлишади, деб ўйлаётган эди. Ҳатто Бразилия терма жамоасига қарши кечадиган финал учрашуви олдидан ҳам кўпчилик шу фикрда эди. Аммо айнан шу паллада жаҳон футболи осмонида Пеле деган юлдуз порлади. Финал ўйинига қадар атиги битта гол киритган Пеле французлар дарвозасига 3 та тўп йўллади. Ўйин 5:2 ҳисобида бразилияликлар фойдасига ҳал бўлди. Фонтэн жавоб тўпларининг биттасини киритиб, мундиалдаги голлари сонини 9 тага етказди. Ўшанда рекорд натижа венгр Шандор Кочишга тегишли бўлиб, у 1954 йилги мундиалда 11 та гол киритганди. ГФР терма жамоасига қарши кечган учинчи ўрин учун курашда Фонтэн Кочишнинг рекордини янгилашнинг уддасидан чиқди. У бу ўйинда покер қайд этиб, голлари сонини 13 тага етказди. Қизиғи, Фонтэн бу рекордни захирадаги футболчи Стефан Брюэлнинг бутсисини кийган ҳолда ўрнатган.Негаки, ўйин арафасида ўзининг бутсисини ўғирлаб кетишган. Айтмоқчи,унинг бу рекорди ҳалигача янгилангани йўқ.

Тўғри, 1970 йилда немис Герд Мюлллер бу натижага яқинлашди. 10 та гол киритди. Орадан тўрт йил ўтиб, 1974 йилги мундиалда яна тўртта гол киритди ва бошқа бир рекордни ўрнатди. Яъни бир неча жаҳон чемпионатида қатнашиб, энг кўп гол киритган футболчига айланди. Лекин мабодо Фонтэн ҳам лоақал яна битта жаҳон чемпионатида қатнашганида Мюллер қайд этган рақам рекорд натижа бўлиши даргумон эди. Чунки Фонтэн 1958 йилда эндигина 25 ёшга кирган, ҳали тўпурарлик қобилиятини кўп бор намойиш этишига шак-шубҳа йўқ эди.

Швецияда ўтган жаҳон чемпионатидан кейин Копа билан Фонтэннинг йўллари яна бир бор тўқнаш келди.1959 йилда “Реймс” Чемпионлар кубоги финалида “Реал”га қарши тўп сурди. Копа ҳали ҳам испан клуби сафида эди. Ўша ўйинда омад “Реал”га кулиб боқди. Лекин ўша йилнинг ўзида Копа “Реймс”га қайтиб келди ва мухлислар яна бу ажойиб жуфтлик ўйинидан баҳраманд бўлдилар. Афсуски, бу ҳол узоқ давом этмади. Фонтэн жиддий жароҳат олди. Оёғи олти ой давомида гипсда турди. Қаҳрамонимиз руҳан синмади, майдонга қайтиш иштиёқи билан яшади. Ниятига етди ҳам. Йил охирига бориб, бир неча учрашувда қатнашди. Лекин 1961 йилнинг бошида яна оёғидан жароҳатланди. Узоқ даволанди. Соғайганидан кейин эса шифокорлар унга футбол ўйнашни тақиқладилар. Шундай кучли ва камёб тўпурарнинг фаолияти ҳали 28 ёшга кирмай туриб якун топди.

Фонтэн футболдан узоқлашмади. Мураббийлик қилди. Ҳатто қуйи лигага тушиб кетган “ПСЖ”ни олий дивизионга олиб чиқди. Лекин бу жабҳада айтарли ютуқларга эриша билмади.

Бразилия футболи афсоналаридан бири Диди 1958 йилги мундиалдан сўнг у ҳақида “Бу ҳужумчи тўп ўзига келиб тушган 10 та ҳолатнинг 9 тасида уни дарвозага аниқ йўллай олади. Агар Бразилияда ўйнаганида орадан икки ой ўтиб, ҳамманинг кумирига айланган бўлур эди”, деганди. Бу фикрни бежиз келтираётганимиз йўқ. Фаолиятига назар ташларканмиз,унинг имкониятларидан терма жамоада унумли фойдаланилмаганини кўрамиз. Масалан, 1953 йилда уни терма жамоага илк бор таклиф этишган ва Фонтэн Люксембург терма жамоаси дарвозасига 3 та гол киритган. Бу учун унга раҳмат айтишгану ҳужумчининг номини 1954 йилги жаҳон чемпионатига борадиган футболчилар рўйхатига киритишмаган. Ваҳолонки, орадан уч йил ўтиб, Фонтэн Франциянинг энг қимматбаҳо футболчисига айланди. Ўз клуби сафида мунтазам гол уриб турган бу ҳужумчининг 1958 йилги жаҳон чемпионатига бориши ва асосий таркибдан ўрин олиши ҳам мақоламиз аввалида таъкидлаганимиздек, бахтли бир тасодиф туфайли амалга ошганди.Дарвоқе, ўша мундиалда индивидуал совринларни Фонтэн билан Копа ўзаро бўлишиб олишганди. Копа турнирнинг энг кучли футболчиси деб топилган, Жюстга эса ов милтиғини совға қилишганди. Фонтэн “Нега менга қурол туҳфа қилаяпсизлар?”, дея сўраганида мундиал ташкилотчилари “Сиз дарвозани худди снайпердек нишонга олдингиз. Шу боисдан ушбу милтиқни совға қиляпмиз”, дея жавоб беришган. Ўз навбатида қаҳрамонимиз “Ҳа, лекин мен яна футбол ҳам ўйнадим”, деб жавоб қайтарган эди. Фонтэннинг самимий, ҳазил-мутойибага ўч инсон эканлигини шу биргина сўзидан ҳам билиш мумкин.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?