Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги лойиҳа портфели 2,8 миллиард долларга етди

12:18 21 Май 2018 Иқтисодиёт
323 0

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигида Майкл Феррантино бошчилигидаги Жаҳон банки миссияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда ЖСТ масалалари бўйича маслаҳатчи Вики Чемутай ҳам иштирок этди. Бу ҳақида вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Учрашув давомида томонлар Тошкент шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки гуруҳи ва ЮСАИД агентлиги томонидан ташкил этилган “Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш жараёнини янгилаш” мавзусидаги семинарга юқори баҳо берди. Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари вакиллари ҳамда ЖСТга кириш масалалари бўйича халқаро экспертлар иштирокида шу каби анжуманлар ўтказишни давом эттиришга қизиқиш билдирилди.

Тадбирда ЖБ гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси билан консультация хизматларини кўрсатишга доир имзоланган битимлар муҳим эканлиги таъкидланди. Ўз навбатида Ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров электр самарадорлиги, шошилинч хизмат кўрсатиш хизматларини яхшилаш, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича Жаҳон банки Ўзбекистонга 940 миллион доллар заём берганини айтиб ўтди.

“Мазкур маблағлар Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги транспорт, таълим, қишлоқ хўжалиги, ирригация ва сув таъминоти каби тармоқларни қамраб олган лойиҳа портфелини 2,8 миллиард долларга кўпайтирди”, - деди у.

Учрашувда меҳмонларга мамлакатимиздан Хитой ва Афғонистонга янги транспорт йўлакларини, маҳсулотларни халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда сертификатлаш, тўқимачилик ва мева-сабзавот кластерларини яратиш ҳамда тараққий топтириш, электрон тижоратни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Жаҳон банки юртимизга рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасига экспертларни жалб этиш ҳамда бу борада тадқиқот ишларини олиб бориш йўли билан электрон тижорат, шунингдек, хизмат кўрсатиш жабҳаларини равнақ топтиришга кўмаклашиш учун тайёр эканлигини билдирди.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар