Жаҳон банки Роғун ГЭСи қурилишини молиялаштирмайди

11:34 22 Июнь 2018 Дунё
544 0
Фото: PUBLIKA.MD

Мазкур банк бунинг ўрнига Нурек ГЭСи реконструкциясини қўллаб қувватлайди. Бу ҳақда Reuters хабар берди. Хабарга кўра, Тожикистон Роғун ГЭСи қурилиши учун Жаҳон банки (ЖБ) маблағларини олмайди.

Маълумот учун, ушбу давлат ўтган йили қиймати 3,9 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган мазкур йирик лойиҳа учун маблағ йиғиш мақсадида илк бор 500 миллион долларлик еврооблигацияларни чиқарган эди. Лекин ўшанда ҳам келгусидаги молиялаштириш учун ресурслар қаердан келиши номаълум эди.

Ўз навбатида, ЖБнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Сирил Мюллер ҳам Душанбе шаҳрида сув ресурсларини бошқариш бўйича ташкил этилган халқаро конференцияда банк бошқа йирик гидроэлектростанцияни модернизация қилишга эътибор қаратаётганини билдириб ўтди.

“Роғунни молиялаштирмаслигимизнинг сабаби шундаки, ҳукуматда Роғун билан ишлаш бўйича қатор вариантлар бор эди ва улар... ушбу жараённи тезлаштиришни исташди ва Жаҳон банки энергетика секторидаги бошқа инвестицияларни қўллаб-қувватлашни фойдали деб топди”, - деди у.

Маълум қилинишича, ҳукумат ва мазкур молия муассасаси Нурек электростанциясини реконструкциялашни молиялаштириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олишган.

“Ва бу бизнинг мазкур босқичда энергетика тармоғига қўшган ҳиссамиз бўлади”, дея қайд этди Мюллер.

Ўз навбатида, Тожикистон Роғун ГЭСи бунёд этилиши йўлида яна облигациялар чиқармоқчи.

Айни чоғда Мюллер Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларнинг яхшиланиши электр энергияси экспорти учун яхши истиқболлар очишини эътироф этди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар