Жаҳон банки Ўзбекистонда ЯИМни келгуси йилда 6,6 фоизга ўсишини башорат қилмоқда

17:21 10 Июль 2020 Сиёсат
946 0

Жаҳон банкининг ҳисоботида келтирилган 24 та Европа ва Марказий Осиё давлатларидан фақат Ўзбекистонда 2020 йил натижалари бўйича ЯИМнинг ўсиши прогноз қилиниб, қолган давлатларда – ёки «ноль» ҳолат, ёки пасайиш, айрим давлатларда эса – ЯИМнинг кескин пасайиши прогноз қилинмоқда. Шунингдек, мазкур ҳисоботда келтирилган давлатлардан фақат иккитасида 2021 йилда кескин иқтисодий ўсиш кўрсаткичи таъкидланиб, мамлакатимизда ЯИМни келгуси йилда 6,6 фоизга ўсиши башорат қилинмоқда.

Ушбу ижобий ҳолатнинг бош мезони сифатида – мамлакатимизда пандемия шароитида ҳам ишбилармонлик муҳитини сақлаб қолиш ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш орқали кенг аҳоли қатламларини иш билан бандлигини йўлга қўйишга қаратилган ҳаракатларни кўриш мумкин.

Яъни, йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилинди ва қийналган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилди. Бундай қийин шароитда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмаслиги, халқаро савдодаги вазиятни инобатга олиб, экспорт-импорт бўйича кечиктирилган қарздорликка жарима қўлламаслик, «яшил йўлак»лардан маҳсулот ўтказишни кўпайтириш, юк ташишда юзага келаётган масалаларни оператив ҳал этиш белгилаб қўйилди.

Бизнес вакилларининг фикрини инобатга олган ҳолда, уларга яна қўшимча енгилликлар берилди – 1 октябрга қадар тадбиркорларнинг фойдаланилмаётган объектларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари бекор қилинди, коронавирус пандемияси туфайли молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган корхоналар банкрот деб эълон қилинмай, карантин муддати давомида тадбиркорлик субъектлари фойдаланаётган 3 минг 600 дан ортиқ давлат мулки объектлари бўйича ижара ҳақларини ундириш тўхтатилди.

Шунингдек, барча лойиҳалар доирасида инвестициявий мажбуриятларни бажариш муддатлари 6 ойга узайтирилди. Бундан ташқари, карантин даврида тадбиркорларнинг ҳисоб рақамини тўхтатиб қўйиш таъқиқланди, аҳолига товарларни етказиб бериш ҳамда ташиш хизматларини кўрсатиш учун лицензия олиш талаби бекор қилинди. Янги иш ўринлари яратишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадини ошириш ва камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди.

Пандемия натижасида келиб чиққан иқтисодий инқироз шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш орқали иқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида – карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилди. Тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати кечиктирилди, юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилди.

Тадбиркор олган кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда унинг 12 фоизини давлат қоплаши, бунинг учун тадбиркорларнинг 3 триллион сўмлик кредитлари фоизини қоплашга Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қўшимча 400 миллиард сўм йўналтирилиши, интизомли ва ишончли тадбиркорларга кредитнинг 75 фоизига жамғарма кафиллик бериши белгиланди. Қийин аҳволдаги корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг 12 триллион сўмлик кредит мажбуриятининг муддати узайтирилди.

Шунингдек, қишлоқларда кўп иш жойларини ташкил этиб, энди оёққа тураётган пахта-тўқимачилик кластерларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари йўлга қўйилиб, уларнинг 2019 йилда пахта етиштириш учун олган кредитларини қайтариш муддати узайтирилди.

Жаҳон банкининг юқорида таъкидланган эътирофига сабабчи бўлган омиллардан бири – мамлакатимизда битта корхона фаолиятини тўхтатишига ҳам «фавқулодда ҳолат» деб қаралиши бўлди, десак муболаға бўлмайди. Чунки бу корхоналар қанчадан-қанча иш ўринлари ва оилалар даромадини таъминлаб турди. Айниқса, ялпи ички маҳсулотнинг асосий қисми ва аҳоли бандлигини таъминлайдиган 2 мингдан ортиқ йирик корхона фаолиятини умуман тўхтамаслигига эришилди.

Шунингдек, Жаҳон банки башоратини рўёбга чиқиши, аввало, юртимизда пандемиянинг кейинги «тўлқинлари» рўй беришига йўл қўйилмаслигига ва бунинг натижаси бўлган – ишчанлик муҳитининг пасайиб кетмаслиги билан бирга, ташқи омилларга – геосиёсий турбулентликнинг вужудга келмаслиги ва ҳамкор давлатларимиз иқтисодининг кескин тушиб кетмаслиги билан боғлиқ. Шунинг учун, бугунги ҳолат ҳар биримиздан сергакликни, ўта масъулиятни ва юқори яратувчанликни талаб этмоқда.

Одилжон ИМИНОВ,
Олий Мажлис Сенати
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар

масалалари қўмитаси раиси ўринбосари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?