“Жаҳолатга қарши маърифат”

18:48 09 Сентябр 2019 Жамият
2145 0

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Жаҳолатга қарши маърифат” рукни остида “Давлат ва дин” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти, Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, ИИВнинг Жазони ижро этиш бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББнинг Экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўлими вакиллари, таниқли имомлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда давлатнинг дин ва диний ташкилотлар билан ўзаро муносабати, ислом динининг тинчликпарварлик моҳияти ҳамда ислом динида мутаассиблик ва жаҳолатнинг қораланиши, “жаҳолатга қарши маърифат” билан курашиш ғоясининг аҳамияти, экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш каби бугунги куннинг бир қатор долзарб масалалари ушбу тадбирда атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбирда академиянинг Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази томонидан тайёрланган “Жаҳолатга қарши маърифат” ўқув қўлланмасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мазкур қўлланмада миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг моҳияти, мутаассиблик, экстремизм ҳамда терроризмнинг салбий жиҳатлари кенг қамровли маълумотлар ва далиллар асосида кенг баён қилинган. Ислом ниқоби остида фаолият кўрсатаётган бузғунчи оқим ва ҳаракатларнинг юзага келиш тарихи, уларнинг мақсади, ғоявий-ақидавий асослари, молиявий манбалари, фаолият услублари ва ғайриисломий моҳияти алоҳида бандлар асосида очиб берилган.

Давра суҳбатида оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига жавоблар қайтарилди.

 

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?