Жадал ислоҳотлар самараси сурхондарёликлар ҳаётида ўз ифодасини топмоқда

16:52 30 Декабрь 2019 Жамият
495 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг ўзида Сурхондарё вилоятига уч маротаба ташриф буюрди. Бу, албатта, давлатимиз раҳбарининг Сурхон воҳаси, унинг меҳнаткаш одамларига бўлган юксак эътиборидан дарак беради. Ушбу ташрифлар чоғида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, бунёдкорлик ишларини кенгайтириш, воҳада қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш, пировардида аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, воҳани том маънода мамлакатимизнинг жанубдаги гавҳарига айлантириш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланди.

Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир манзилли дастур ва йирик лойиҳалар ижроси борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида мухбиримиз вилоят ҳокими Тўра Боболов билан суҳбатлашди.

— Якунланаётган йил Сурхон воҳаси ҳаётида тарихий, эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ташрифида олдимизда турган энг муҳим вазифалар алоҳида кўрсатиб берилди. Вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга йўналтирилган, ҳудудларимиз қиёфасини янгилаш, одамларимиз учун ҳар жиҳатдан қулай турмуш шароитларини яратишга доир мақсадли дастурлар ва муҳим лойиҳалар ишлаб чиқилиб, унинг ижроси тўла таъминланаётир. Жумладан, яқинда Жарқўрғон туманида “Сурхонцементинвест” хорижий корхонаси томонидан 78,9 млн. долларлик йирик лойиҳа амалга оширилиб, йилига 450 минг тонна цемент ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилди. Термиз туманидаги “Сурхон керамикс” МЧЖнинг керамика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, Термиз шаҳридаги “Комфорт мебель сервис” МЧЖнинг мебель маҳсулотлари, Жарқўрғон туманидаги “Жасур агромаш сервис МТП” МЧЖнинг гипсокартон, Термиз шаҳридаги “ZIF TEХTILE” МЧЖнинг тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби кўплаб янги корхоналар ишга туширилди. Айни мақсадлар учун белгиланган 107,2 миллион доллар ўрнига 160 миллион долларга тенг тўғридан-тўғри хориж инвестицияси ўзлаштирилди.

Яна бир маълумот: вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 2019 — 2021 йилларда умумий қиймати 32,6 трлн. сўмга тенг бўлган 1247 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган. Шундан 2019 йилда умумий қиймати 2 трлн. 249 млрд. сўмга тенг бўлган 455 та инвестициявий лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, амалда қиймати 2 трлн. 319 млрд. сўмлик 580 та инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилди.

— Қулай тадбиркорлик муҳити ва инвестициявий жозибадорлик хорижий инвесторлар оқимининг ортишига хизмат қилади. Айни жиҳатлар инобатга олинган ҳолда, бу йил иккинчи маротаба “Open South International Business Forum II” халқаро бизнес форуми ташкил этилди. Мазкур форумнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз...

— Маълумки, Сурхондарё вилояти 3 та хориж давлати билан бевосита чегарадош. Давлатимиз раҳбарининг очиқ, прагматик ташқи сиёсати туфайли қўшни давлатлар билан азалий дўстлик ва қардошлик муносабатларимиз қайта тикланиб, тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу эса ўзаро борди-келди, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамда бошқа соҳалар бўйича ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратиб бермоқда. Бунда “Open South International Business Forum II” халқаро бизнес форумининг ҳам аҳамияти беқиёс бўлмоқда. Бу йилги тадбирда нафақат яқин қўшни давлатлар, балки 20 дан ортиқ хорижий давлатлардан 170 дан зиёд салоҳиятли инвесторлар, компаниялар, дипломатик корпус ва хорижий савдо уйлари вакиллари ҳамда 400 дан ортиқ маҳаллий ишбилармон доира вакиллари иштирок этди. Форумда Афғонистон Ислом Республикасининг Балх, Саманган, Фарёб, Жаузжон, Қандаҳор вилоятлари, Тожикистон Республикасининг Хатлон вилояти делегациялари, Венгрия, Бангладеш, Япония ва Тожикистон Республикасининг ¤збекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчилари, Россия, Канада, Буюк Британия, Греция, Исроил, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Қозоғистон каби давлатлардан инвесторлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилди. Бизнес лойиҳалар муҳокама қилинди.

Эътиборли жиҳати шундаки, бизнес форуми якуни бўйича жами қиймати 429,7 млн. долларга тенг бўлган 76 та инвестиция ва экспорт шартномалари имзоланди.

— Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ҳамда “Обод марказ” дастурлари шаҳару қишлоқлар, ҳудудлар қиёфасини тубдан ўзгартиришга хизмат қилмоқда. Сурхондарё вилоятида айни йўналишда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Президентимизнинг 2019 йил 20 февралдаги “Обод қишлоқ“ дастурини 2019 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорига мувофиқ, вилоятда 30 та қишлоқда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. “Обод маҳалла” дастури доирасида учта маҳалла, “Обод марказ” дастури бўйича Сариосиё туманидаги Шарғун шаҳри ва Музработ туманидаги тўртта маҳаллада йирик ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, реконструкция ишлари бажарилди.

Давлат дастурига асосан, вилоятдаги қишлоқ массивларида 1001 замонавий лойиҳалар асосидаги намунали арзон уй-жойлар барпо этилди.

Дарвоқе, давлатимиз раҳбарининг шу йил 30 апрель куни Шахтёрлар шаҳрига ташрифи чоғида Шарғун кўмир конини сифатли қайта ишлаш, Шарғун шаҳри қиёфасини тубдан ўзгартириш, бу ерда яшовчи аҳоли учун қулай турмуш шароитларини яратиб бериш юзасидан берган топшириқларига кўра, “Обод марказ” дастури доирасида катта ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Хусусан, мавжуд кўп қаватли уйлар мукаммал таъмирланиб, янги замонавий тураржой бинолари, кенг ва равон йўллар бунёд этилди. Электр энергия, табиий газ, тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланиб, ҳудуднинг замонавий инфратузилмаси яратилди. Шуни ҳам айтиш керакки, Шарғунда кўмир, оҳактош, кумуш ва фосфорит каби ноёб қазилма бойликларнинг катта захираси мавжуд. Шарғун кўмир конини қайта тиклаш ва ундан самарали фойдаланиш учун “¤збекистон темир йўллари” АЖ ҳамда Хитой давлатининг Эксимбанки томонидан ажратилган маблағлар эвазига 2021 йилгача йирик ҳажмдаги лойиҳа амалга оширилиб, йилига 900 минг тонна кўмир қазиб олиш йўлга қўйилади. Бу лойиҳа шарофати билан 600 та иш ўрни яратилади

— Дунёга янги имиж билан юзланаётган замонавий ¤збекистон учун туризм соҳаси иқтисодий юксалишнинг муҳим омилига айланмоқда. Шу боис ҳам туризм истиқболларини таъминлашга доир кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилиб, сайёҳлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Сурхондарё вилояти сайёҳликнинг барча йўналишини ривожлантириш бўйича улкан салоҳиятга эга ҳудуд ҳисобланади. Шундай эмасми?

— Дарҳақиқат, шундай. Воҳада анъанавий сайёҳлик билан бир қаторда, экотуризм, агротуризм, экстремал туризмни ривожлантириш учун аниқ вазифалар белгиланган. Хусусан, маданий мерос объектларини таъмирлаш, ободонлаштириш, сайёҳлар учун оммавий кўнгилочар тадбирлар ташкил этиш, меҳмонхоналарда хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш, замонавий инфратузилма объектлари барпо қилишга доир кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Вилоятнинг ташқи ва ички туристик имкониятлари, мавжуд туристик объектлар ҳамда воҳа тарихи чуқур ўрганилган ҳолда, Сурхондарё туризм брендининг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилди. Шуни ҳам айтиш керакки, жорий йилда туризм йўналишида маҳаллий ва хорижий ташаббускорлар томонидан умумий қиймати 4,1 млрд. сўм миқдоридаги жами 12 та лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, 77 та жойлаштириш воситалари,13 та меҳмонхона, 64 та оилавий меҳмон уйи фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, бу йил вилоятимиз Халқаро бахшичилик санъати фестивали, “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали, “¤збекистон — цивилизациялар чорраҳаси” мавзуидаги археологик форум ҳамда ¤збекистон Республикаси Президенти соврини учун Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган кураш бўйича анъанавий турнир каби кўплаб йирик тадбирлар ўтказилдики, бу ҳам хорижий сайёҳларнинг қадимий ва навқирон воҳага бўлган қизиқишини янада оширди. Натижада вилоятга жорий йил давомида 114 та хорижий давлатдан 119 756 нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди ҳамда ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 3,7 баравар ўсиш кузатилди. Шу билан бир қаторда, ички сайёҳлар сони жорий йил давомида 501,8 минг нафарни ташкил этди, бу кўрсаткич ўтган йилдагига нисбатан 10 баравар ортган.

— Президентимиз вилоятга ташрифи чоғида мавжуд табиий бойликлардан унумли фойдаланиш имконини берувчи бир неча йирик саноат корхоналарига ҳам тамал тоши қўйилган эди. Иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, саноат корхоналарини техник ва технологик янгилаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ишлари ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

— Сурхон заминида Менделеев жадвалидаги деярли барча элемент учрайди. Жумладан, тошкўмир, газ, цемент, нефть, мармар, ош тузи, калий тузи, оҳак, уран, полиметалл, гранит тош, олтингугурт, керамзит, гипс, кварц, йод, карбид, бром, сланс... Бу рўйхатни яна  давом эттириш мумкин. Воҳанинг қулай иқлими йил давомида очиқ усулда, ҳатто, уч маротаба қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини беради. Ҳудуднинг ана шундай ўзига хос жиҳатлари кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун йўл очмоқда.

Жумладан, россиялик ишбилармонлар ҳамкорлигида Бойсун туманида “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида лойиҳа қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ бўлган йилига 4 миллиард куб метр газни қайта ишлаш, 289 минг тонна полипропилен, 211 минг тонна полиэтилен ва 293 минг тонна олтингугурт ишлаб чиқариш қувватига эга газ-кимё мажмуасини қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Музработ туманида эса “Сурхон КСП Гранд” МЧЖ томонидан йиллик ишлаб чиқариш қуввати 150 минг квадрат метр бўлган қамишдан ёғоч қириндили плиталар ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилди. Шеробод туманида “Комфорт инерт сервис” МЧЖ томонидан йиллик ишлаб чиқариш қуввати 150 минг квадрат метр бўлган гранит плиталарни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, Сариосиё туманида Тўполанг дарёсида “Зарчоб” кичик гидроэлектр станцияси каскадларини қуриш ишлари амалга оширилади.

Шунингдек, Шеробод туманида Корея Республикасининг “NCG Engineering Co LTD Company” томонидан йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1 млн. тонна бўлган цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш йўлга қўйилади.

Туркиянинг “Azom Enerji Mьhendislik Insaat Ticaret Limited Sirketi” компанияси томонидан 100 гектар ер майдонига лимончилик кластерини ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилади.

Умуман, жорий йилда вилоят бўйича 107,2 млн. долларга тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган бўлиб, амалда жорий йилнинг январь — декабрь ойларида жами 160 млн. долларлик ёки белгиланган режага нисбатан 1,5 баробар ортиқроқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди. 2020 — 2022 йилларда эса 900 млн. долларга тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш мўлжалланган.

— Бугун вилоятнинг маъмурий маркази Термизни улкан қурилиш майдонига қиёслаш мумкин. Янгидан бунёд этилаётган маданий-маиший, сервис ва хизмат кўрсатиш иншоотлари, кўп қаватли тураржой бинолари қўҳна ва навқирон кентга замонавий қиёфа касб этиши баробарида, аҳоли турмуш даражасини тубдан яхшилашга хизмат қилмоқда. Қурилиш, бунёдкорлик ишларининг бориши ва яқин келажакдаги режалар қандай?

— Термиз ўзининг янги ривожланиш босқичини бошдан кечирмоқда, гўё. Замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида бунёд этилаётган бири-биридан кўркам иншоотлар, кенг ва равон йўллар, Амударё дам олиш маскани каби гўзал боғ ҳамда хиёбонлар кўз ўнгимизда Термизни йирик мегаполис шаҳар сифатида гавдалантирмоқда.

Биргина Термиз шаҳрида 2019 йилда давлат дастурларига асосан, жами 5218 хонадонли 101 кўп қаватли уй-жойлар қуриш ишлари олиб борилмоқда. Шундан тижорат банкларининг кредит маблағлари ҳисобидан 1474,0 млрд. сўмлик 70 та (4, 5, 9 қаватли), 3830 хонадонли уй-жойлар ҳамда ташаббускор тадбиркорларнинг ўз маблағи ҳисобидан жами 330,8 млрд. сўмлик 13 та 728 хонадонли тураржой бинолари барпо этилди.

Шаҳарда 10 та 7 қаватли 420 хонадонли арзонлаштирилган уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, ҳарбий хизматчилар учун 8 та 5 қаватли 240 хонадонли уй-жойларни қуриш ишлари якунига етказилди

Инвестиция дастурига асосан, 37,4 млрд. сўм ҳисобидан, жами 8 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилди.
¤тган давр мобайнида Термиз шаҳридаги 14,7 км. марказий ва кичик ҳалқа йўли таркибидаги автомобиль йўллари 28 миллиард 263 миллион сўмлик маблағ эвазига реконструкция қилинди. 117,6 км. маҳалла ички йўлларини жорий таъмирлашга 18 млрд. 140 млн. сўмлик маблағ йўналтирилди. 

Шуни ҳам айтиш керакки, Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази қад ростлади. Марказда ислом дини, Қуръони Карим ва ҳадис илмининг асл моҳияти, Имом Термизий ва термизий аллома, мутафаккир зотлар мероси чуқур ўрганилади, ёзма манбалар тизимли тадқиқ этилади. Марказ ёнида Ҳаким ат-Термизий номидаги жоме масжиди барпо этилди.

Термиз туманидаги Султон Саодат мажмуасини реконструкция қилиш, унинг ҳудуда масжид, автомобиллар тураржойи ва мажмуага борадиган йўл ёқасида намунавий уйлар барпо этиш ишлари давом эттирилмоқда.

Вилоятнинг маъмурий марказида бунёд этилаётган кўплаб савдо, маданий-маиший ва хизмат кўрсатиш иншоотлари, аҳоли дам олиш масканлари шаҳар кўркига кўрк бағишлаб, одамлар тумуш фаровонлиги кўзгуда акс этаяпти, десак, ўринлидир.

— Одамларни рози қилиш, уларнинг дарду ташвишларини аритиш, мавжуд муаммоларни бартараф этишга доир изчил саъй-ҳаракатлар аҳолининг давлатга бўлган ишончини ошириб, жамиятимизда адолат тамойилларини қарор топтиришнинг муҳим шартига айланди. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони инсон шаъни, қадр-қимматини улуғлаш, жамиятда адолат тамойилларини қарор топтириш, қонун устуворлигини таъминлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Шундай эмасми?

— Биз ўз фаолиятимизда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ҳаётий тамойилга қатъий амал қилиб келмоқдамиз. Мунтазам сайёр қабуллар ташкил этиш, уйма-уй юриб халқ билан бевосита мулоқот қилиш натижасида йиллар мобайнида йиғилиб қолган, халқимизни қийнаётган муаммоларни аниқлаб, уни бартараф этишга астойдил киришганмиз. Ҳар бир ҳудудда аниқланган камчиликлар бўйича “Йўл хариталари” шакллантирилиб, унинг ижроси босқичма-босқич таъминланмоқда. Кенг аҳоли қатламининг талаб ва истакларини ўрганиш, улар мурожаатларини қайд қилиб бориш мақсадида ижтимоий тармоқлардан ҳам унумли фойдаланмоқдамиз.

Жорий йилнинг ўтган даври Термиз шаҳар ва туманлардаги энг олис ҳудудларда жами 39 маротаба оммавий сайёр қабуллар ҳамда учрашувлар ўтказилиб, бу қабулларда 4363 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилган. Шундан 3073 таси ёки 70,4 фоизи ижобий ҳал этилди.

Қабулларда ўрганилган аҳоли муаммоларини бартараф этиш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 9 млрд. 480 млн. сўм маблағ ажратилган.
Таъмирга муҳтож бўлган 123 км. ички йўллар тупроқ йўлдан тош йўлга айлантирилган, 29 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига ичимлик суви тармоқлари тортилган ва 130 мингдан ортиқ аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилган.

Биргина 2019 йил февраль ойида Ангор ва Денов туманларида ўтказилган сайёр қабуллар мобайнида, Денов туманидаги 14 та маҳаллада тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 1 млрд. сўм, ички йўлларни тошлашда ёнилғи мойлаш материаллари сотиб олиш учун 500 млн. сўм ҳамда Ангор туманидаги 9 та маҳаллани тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 700 млн. сўм, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш учун 800 млн. сўм миқдорида маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида  электрон мурожаатлар сони 4 986 тани ташкил этиб, барчаси рўйхатга олинган ва мурожаатлар ўрганилиб, қонунда белгиланган муддатлар ичида муаллифларга ёзма равишда жавоб хатлари берилиши таъминланиб келинмоқда.
Олдимизга қўйилган вазифалар кўп. Уларни бажариш учун бор куч-имкониятимизни ишга соламиз. Мақсадимиз ислоҳотлар самараси сурхондарёликлар ҳаётида ўз ифодасини топсин.

Илҳом РАҲМАТОВ
(«Халқ сўзи»)
суҳбатлашди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?