Зарафшондаги сайёр қабулда ногиронлиги бўлган фуқарога уй ажратишга топшириқ берилди

13:01 06 Октябр 2020 Жамият
155 0

Аҳолининг эртанги кунга ишонч ва бугундан рози ҳаёт кечиришини таъминлашда фуқаро мурожаатлари билан ишлаш ва бевосита мулоқотларнинг ўрни бўлакча. Зеро, ташвишли фуқаро наинки раҳбар, балки жамиятдан ҳам норози кайфиятга тушади.

Инсон омили ва унинг манфаатлари юксак қадрият даражасига кўтарилиб, устувор тутилгач, масъул раҳбарларнинг бунга муносабати ўзгарди. Узоқ йиллар «мавсумбозлик»ка ўрганиб, буниси ҳам «ўтиб кетар», қабилида иш тутиш ўзини оқламаганлиги бугун рўбарў келинаётган муаммоларнинг илдизидир. Қолаверса, ҳар бир мурожаат ортидаги фуқаро ташвишини чуқур ўрганиш, унга мутасадди раҳбарнинг муносабати ўша раҳбарга халқнинг ишончни ҳам белгиламоқда. Зеро, секторлар кесимидаги таҳлил ва ечимлар, аҳолини узоқ муддат давомида ташвишга солиб келган масалаларга муносабат жамиятда соғлом маънавий муҳит гарови ҳамдир. Бунга Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри мисолида ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.

Шаҳар ҳокими, биринчи сектор раҳбари Анвар Раджабовнинг «Алишер Навоий» маҳалласида ўтказилган сайёр қабулида 12 нафар фуқаро ўзларини ташвишга солаётган муаммолар билан мурожаат келган эдилар. Уларнинг 10 таси жойида ҳал этилган бўлса, 2 таси бўйича тегишли масъулларга аниқ муддатли топшириқлар берилди.

Мурожаатларнинг асосий қисмини тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун имтиёзли маблағ, ер ажратиш, банк кредити олиш, бандлик каби масалалар ташкил қилади. Чунончи, бир неча йилдан буён тикувчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Зарнигор Мустафоеванинг 10 дона тикув машинаси олиш учун кредит олишда амалий кўмак сўраб қилган мурожаатини «Халқ банки» Зарафшон шаҳар филиали ўз зиммасига олди.

Шунингдек, Дилафрўз Омонованинг тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида ер ажратилишини сўраб қилган мурожаати ҳам эътибордан четда қолмади. Фуқаролар Шоҳруҳ Исмоилов ва Феруза Абдиеваларнинг ишга жойлашиши жойида ўз ижобий ечимини топди. Сайёр қабулда ногиронлиги бўлган фуқаро Анвар Искандаровга «Мурунтау» маҳалласидан уй ажратиб бериш бўйича мутасаддиларга аниқ муддатли кўрсатма берилди.

Темур ЭШБОЕВ,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?