“Зарафшан”ми ёки “Зарафшон”

Кекса авлод вакиллари, ўтган асрнинг етмишинчи, саксонинчи йилларидаги собиқ шўролар даврида шов-шувларга сабаб бўлган икки воқеани яхши эслашади. Бири авар шоири Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” асари эди. У, кам сонли аҳоли яшайдиган авар тилини ҳар қандай камситишу тақиқлардан шу қадар мардона ҳимоя қилдики, халқнинг онага, тилга, бебаҳо қадриятларга бўлган эҳтиромини жонли чизгилар билан кўрсатиб, жамоатчилик олқишига сазовор бўлганди.
Иккинчиси, Ўлжас Сулаймоннинг “Минг бир сўз” этимология луғати эди. У этимологиядаги янги усул билан, дунёнинг турли тил оилаларига киритилган инсониятнинг энг қадимги сўзларининг келиб чиқишини қайта тикламоқчи эди. Қозоқ адиби ўз луғати устида туркий тилнинг қадимийлиги ва жозибадорлигини, Қозоғистонда руслаштириш кучайган бир пайтда,бутун оламга намойиш эта олди. Шу боис, ҳар иккаласи ҳам, ўз даврида жамоатчилик томонидан чуқур эътироф этилгани учун, жазоланишдан омон қолди.
Неча асрлар аввал, она тилимизни Ҳазрати Алишер Навоий камситишу маломатлардан ҳимоя қилиб, тилнинг софлигини сақлаш учун ҳайқирган эди. Назаримда биз, улуғ боболаримиз билан фахрланишни боплаймизу, уларга муносиб бўлишни унутиб қўяётганга ўхшаймиз. Яқинда Иштихон туманидаги кўчалардан бирида, пештоқига зарҳал ҳарфлар билан “Мы открились” лавҳаси осилган сомсахона ёнида тўхтадим. Рости, сомса ейиш учун эмас, русийзабон аҳоли деярли бўлмаган жойдаги русча чорловдан ажабланиб тўхтадим.
- Здраствуйте, самса по чём, - дедим синаш учун, қўлини кўксига қўйиб, тавозе кўрсатаётган сомсапаз йигитга.
- Ие, сиз ахир ўзбексизку дейди, ҳайратланган шоввоз...
Касб тақозоси билан кўп жойларда бўлганман. Масалан, Бухорога зиёратга кетаётганимда Навоий вилоятининг халқаро аэропорти яқинидаги беш юлдузли меҳмонхона тепасидаги “Зарафшан” ёзуви узоқ йиллардан бери тургани ажаблантирди. Уни ҳоким ҳам, олим ҳам, ҳатто ношир ҳам кўради. Лекин ҳеч ким буни “Зарафшан эмас, Зарафшон деб ёз” демайди. Хоразм йўлидаги “Город Газли” ёзувини ўзбекчалаштириш ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаса керак. Бу каби мисоллардан минглаб келтиришим мумкин.
Афсуски, ҳанузгача кўпгина ташкилот ва корхоналардаги ҳужжатлар русча юритилиб, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги Қонун талаблари қўпол равишда бузилмоқда ва ҳатто айримларининг расмий электрон саҳифаларида бирорта ўзбекча жумлани топа олмайсиз. “Ўзбекэнерго”, “Ўзбекнефтегаз” каби илғор тизимлардан маълумот олсангиз, уни ўзбекчага ўгириш учун аниқ тилмоч қидириб қоласиз. Ҳамон Тошкентдаги Сирғали - Сергели, Фарғонадаги Қиргулини Киргели деб атаймиз. Бу кўникма лоқайдликми ёки тилга хиёнат?
Хайриятки, она-тилимизнинг илдизи бақувват экан. Улкан қоядек, не-не бўҳтону маломатларга бардош берди. Унга бир пайтлар ниғизлаб киритилган область, район сингари сўзлар луғатимизни аллақачон тарк этди. Лекин ҳали замон, бу тилда ғализ гаплашишдан тийила олмаяпмиз...
Самарқанд шаҳрини қайта реконструкция қилиш пайтида, мутасаддилар ўзбек тили ҳақидаги қонунни ҳам эслаб қолишди. Шаҳар кўчалари номлари, корхона, ташкилот пештоқларидаги ёзувлар ўзбекчалаштирилди. Бу Қонун талаблари доирасидаги дастлабки хайрли ишлар эди. Лекин бу иш давом эттирилмади. Яъни бошқа вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг айрим жойларидаги ёзувлар “эски тос, эски ҳаммом”лигича қолаверди.
Хуллас, юртни, элни севишни тилга эътиқоддан, эътибордан бошлаш керак. Бу гап ўтган асрнинг тўқсон биринчи йилларида эмас, айнан бугун матбуот саҳифаларига кўчаётгани бежиз эмас. Демак, она-тилимиз эврилишлар остонасида турибди. Бугун, тилимизга бўлаётган муносабат ҳар биримизни чуқур ўйлантириши, ўзбекона дўппимизни бошдан олиб, яна бир карра мулоҳаза қилишга, ўзлигимизни англашга мажбур этиши керак. Шундай эмасми?
Умид СОРИЕВ, “Халқ сўзи” мухбири
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда яна бир янги енгил автомобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Нархи 270 млн. сўмдан бошланади (ФОТО)
- Эркинжон Турдимов: “Бугун биз халқимизни тинглашни ўрганишимиз керак. Халқимизнинг дардига қулоқ тутишимиз керак”
- Иқтисодиёт университети беш кунлик таълим тизимига ўтди
- Муштарийлар учун ажойиб янгилик!
- Фарғонада бензиннинг нархи ўн минг сўмга чиқиб кетди. Савдо фақат нақд пулда амалга оширилмоқда
- Бош прокуратура Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва журналистлар ўртасидаги можаро бўйича баёнот берди
Муҳокама қилинган
- Молия вазири: “Олдин АҚШ долларини 4000 сўмдан ҳам ололмаганмиз, Олой бозоридаги қора бозордан 8000-8500 минг сўмдан олганмиз”
- Қўйлиқ бозоридаги ёнғин бўйича расмий маълумот берилди
- Ўзбекистон ва Россия Президентлари телефон орқали мулоқот қилди
- Фарғонадаги маҳаллада фуқаролар қурт босган сув истеъмол қилмоқда
- 2 нафар ИИВ ходими 500 доллар пора билан қўлга тушди
Afisha
Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.
02 Декабрь 2019
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг: