Зангиотадаги 235 метрлик иккита антенна мачтаси қулатилди

12:44 14 Февраль 2019 Жамият
480 0

13 февраль куни Тошкент вилояти Зангиота тумани Қуёшли қўрғонида жойлашган баландлиги 235 метрлик иккита антенна мачта иншооти мураккаб услубда демонтаж қилинди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 2002 йилда узун ва ўрта тўлқинларда радиоэшиттиришлар тўхтатилганидан буён ушбу антенна мачта иншоотлари ишлатилмаётганди.

Улкан антенналарнинг демонтаж қилиш ишлари олдидан ушбу ҳудуд аҳолиси огоҳлантирилиб, туман ҳокимлиги, фавқулодда вазиятлар ва ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги бўлимлари, тез тиббий ёрдам, электр ва газ таъминоти хизмати мутахассисларини жалб этган ҳолда, барча эҳтиёт ва хавфсизлик чоралари кўрилган. Ушбу антенналар жойлашган мазкур ҳудуд энди Мудофаа вазирлиги тасарруфига ўтказилиб, бу ерда замонавий ҳарбий шаҳарча қад кўтаради.

Ўтган асрда радиоэшиттириш тизимлари асосан узун ва ўрта тўлқинларда, қисман қисқа тўлқинларда ташкил этилар эди. Тошкент вилояти Зангиота тумани Қуёшли қўрғони ёнидаги катта қувватли радиостанция ўз вақтида узун тўлқинларда радиоэшиттириш сигналларини тарқатишга мослаштирилган эди. Ушбу радиостанция ҳудудида ўтган асрнинг 80-йиллари бошида баландлиги 235 метрлик иккита мачталар орасига узун тўлқинларни тарқатувчи радиоантенна тизими қурилган.

Радиоэшиттиришларнинг узун (частотаси 148,5 – 408 кГс, тўлқин узунлиги 2020 – 735 метр) ва ўрта (частотаси 526,5 – 1606,5 кГс, тўлқин узунлиги 570 – 186 метр) тўлқинлар диапазонларида кенг ривожланишининг асосий сабаблари ўша даврдаги радиолампалар ва транзисторлар ёрдамида айнан ушбу диапазонларда ишловчи арзон радио қабул қилгичларни кўп миқдорда ишлаб чиқариш имконияти бўлган. Шунингдек, мазкур диапазонларда ишловчи юқори қувватли радиоэшиттириш узатгичлари тарқатаётган радиотўлқинлар ер шари эгрилиги бўйлаб, нисбатан анча узоқ масофаларга тарқала олган.

Хабарда айтилишича, узун тўлқинларда 10 – 20 радиостанцияларгина ишлаши мумкин эди. Аналог сигнал сифати нисбатан паст ва турли халақитлар таъсири юқори бўлганлиги боис, дунё миқёсида узун тўлқинларда радиоэшиттириш қисқариб бормоқда. Жумладан, Украина, Арманистон, Беларусь, Грузия, Озарбойжон, Молдавия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонда узун тўлқинларда радиоэшиттириш тўхтатилган.

Ўзбекистонда ҳам узун ва ўрта тўлқинларда радиоэшиттиришлар 2002 йилдан тўхтатилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019