Замонавий технологиялар ва маънавият

17:59 10 Июль 2020 Жамият
672 0

Уйғунлигига эришиш — миллий тараққиёт пойдевори

Бугунги кунда олий ўқув юртлари олдида илм-фан ва маънавият, назария ҳамда амалиётни, таълим ва тарбияни уйғунлаштириш масаласи кўндаланг турибди. Мураккаб глобаллашув даврида миллий урф-одатлар, анъана ҳамда қадриятларни сақлаб қолиш, миллат ва халқ олдидаги масъулият ҳамда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Университетимиз аҳил жамоаси, салоҳиятли профессор-ўқитувчилари шу эзгу мақсадга эришиш, таълимда сифат масаласини кўтариш, кредит тизимини жорий этиш жараёнини такомиллаштириш йўналишида билим, тажриба ва имкониятларини сафарбар қилмоқда.

Глобал пандемия шароитида дунё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам устувор тармоқлар шарт-шароитининг ўзгариши, ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг рақамлашуви, барча соҳага сунъий интеллектнинг жорий этилиши билан боғлиқ мураккаб даврни бошидан кечирмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, 2022 йилда дунё бўйича ялпи ички маҳсулотнинг қарийб чорак қисми рақамли технологияларга тўғри келиши прогноз қилинаётган ҳозирги шароитда бу йўналишдаги ишларни ривожлантиришга эътибор қаратиш ўта муҳимдир. Бинобарин, жаҳон мамлакатларида иқтисодий муаммоларнинг кўпайиши, транспорт ва ишлаб чиқариш муносабатларининг бузилиши, тадбирларнинг онлайн ўтказилиши ҳозирги кўринишдаги глобаллашувга нуқта қўйиши таъкидланмоқда.

Умидбахш ғояларнинг амалий самараси

Шу ўринда Президенти-мизнинг икки муҳим ташаббуси — «электрон ҳукумат» ва миллий дастурчилар ҳақидаги ўз вақтида амалга оширилган ҳаётбахш ғояларининг самарали натижалари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармонининг давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган биринчи йўналишида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда мамлакатимизни модернизация қилишда «Электрон ҳукумат» тизимини такомил-лаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш вазифаси ҳам кўрсатиб ўтилган.

Маълумки, 2017 йилдан бошлаб, «Электрон ҳукумат» тизими жамият ҳамда давлат ҳаётида янада долзарблик касб эта бошлади. Бу тизимни йўлга қўйишдан асосий мақсад: аҳоли ва тижоратга ҳукумат томонидан кўрсатилаётган хизматларни оптималлаштириш; сайловчиларнинг давлатни бошқариш ҳамда раҳбарлик жараёнидаги иштироки даражасини ошириш; фуқароларнинг ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш; фуқароларнинг технологик таъминланганлигини кўтариш; давлат бошқарувида сарф-харажатларни камайтириш, сиёсий тизимнинг самарадорлигини ошириш ва рақобатбардошликни таъминлашдан иборат.

Ушбу масалаларнинг ечилиши эса давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари самарадорлигини юксалтириб, уларга боғлиқ сарф-харажатларни камайтирибгина қолмасдан, жамият билан ҳукумат ўртасидаги ўзаро муносабатларни тубдан яхшилайди. Бу, ўз навбатида, жамиятнинг модернизациялашуви ва давлатнинг халқ олдидаги масъулиятини юқори поғонага кўтариш демакдир.

Узоқни кўзлаган ҳолда, 2020 йил 28 апрелда «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. «Электрон ҳукумат» доирасида 1,3 триллион сўмлик 104 та лойиҳа, иқтисодиётнинг реал секторида 5,3 триллион сўмлик 87 та лойиҳа, телекоммуникациялар борасида 15,1 триллион сўмлик 35 та, аграр соҳада 24 та, IT парклар бўйича 18 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Юртбошимизнинг яна бир ташаббусига биноан, мамлакатимизда «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бугунги кунда унинг доирасида машғулотлар uzbekcoders.uz ўқув портали орқали олиб борилмоқда. Унда энг машҳур тўртта талабгор мутахассислик бўйича бепул видеокурслар ўзбек тилида субтитрлар билан тақдим этилган, жумладан, маълумотларни таҳлил қилиш, «андроид» иловаларни, веб-иловаларни ва дастурий таъминотларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси ZiyoNET таълим портали, Uzmobile мобил алоқа оператори ҳамда Uzonline интернет-провайдерларининг бепул хизматларига киритилди. Рақамли технологиялар ўқув марказларида ушбу лойиҳа доирасида дастурлаш кўникмаларига ўқитиш жорий этилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг 2020 йил 8 майдаги 53-сон баёнига мувофиқ, uzbekcoders.uz портали орқали олий ўқув юртлари талабалари ҳамда умумтаълим мактаблари юқори синф ўқувчиларини ахборот технологиялари соҳасида ўқитишни ташкил этишнинг асосий кўрсаткичлари тасдиқланди.

Олий ўқув юртлари талабаларини ахборот технологиялари соҳасида uzbekcoders.uz портали орқали 2020/2021 ўқув йилида 44 та олий таълим муассасасининг 54 мингдан ортиқ талабалари ўқитилиши режалаштирилган. Янги ўқув йилидан бошлаб олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида тегишли йўналишларнинг мутахассислик фанлари ҳамда умумтаълим мактабларининг информатика фани дастурларига «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасидаги дастурлаш йўналишлари мавзуларини киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Очиғи, тан олиш керак, бугунги кунда рақамли иқтисодиёт, «электрон ҳукумат» хизматларига талаб кундан-кунга ошиб бормоқда. Лекин ҳозир 780 тур давлат хизматидан бор-йўғи 185 тасидан электрон портал орқали фойдаланиш имконияти мавжуд. Аксарият ташкилотларда иш жараёнини рақамлаштириш фақат ҳужжат алмашинувини электронлаштириш билан чекланиб қолмоқда. Шу боис «Электрон ўқитиш дастури» орқали ўқиб, диплом олган дастурчиларни давлат ва хўжалик муассасаларига IT мутахассис сифатида ишга олиш режалаштирилган. Улар ташкилотларнинг барча иш фаолиятини анъанавий электрон форматдан рақамли кўринишга ўтказишга масъул бўлади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан барча ҳудудда рақамли технологиялар бўйича камида 100 та ўқув маркази очиш режалаштирилмоқда. Бу даргоҳларда дастурлаш асослари, электрон савдо ҳамда графикли дизайн каби йўналишлар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ҳам ташкил этилади.

Бизнинг университетимиз васоҳамиз олдидаги бош вазифа барча йўналиш ҳамда тармоқларни қамраб олган, Ўзбекистон иқтисодиётининг тўлиқ ва комплекс ижобий ўзгаришига ҳамда рақобатбардошликни оширишга йўналтирилган «Рақамли Ўзбекистон — 2030» йирик лойиҳасини амалга оширишга қаратилган.

Шу билан бирга, 2020 — 2022 йилларда «электрон ҳукумат», телекоммуникациялар ва дастурий маҳсулотлар ҳамда ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини янада ривожлантириш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида ва қишлоқ ҳамда сув хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бўйича жами 268 та лойиҳани рўёбга чиқариш режалаштирилмоқда.

Мазкур вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, шубҳасиз, республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида беқиёс роль ўйнайди.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат педагогика университети ва Тошкент давлат юридик университетида тажриба тариқасида масофавий ўқитиш шакли жорий этилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида масофавий таълим ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Хусусан, университет медиа марказида масофавий таълим учун медиа контент, онлайн дарслар яратилмоқда. Янги ўқув йилидан эътиборан талабаларга масофадан дарс бериш шаклига ўтилади.

Миллат фидойиларини улуғлаш йўлидаги тарихий қадам

Университет жамоаси илм-фан, таълим, ўқув жараёнларини маънавият масаласи билан уйғунлаштирган ҳолда олиб боришда етарли тажриба тўплаган. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида Адиблар хиёбонининг очилиши адабиёт ва халқ, маънавият ҳамда ёшларни яқинлаштириш, миллат фидойиларини асраб-авайлаш сари ташланган улкан тарихий қадам бўлди, дейиш мумкин. Мазкур хиёбонда ўзиданбебаҳо адабий мерос қолдирган йигирма тўрт сўз санъаткори ҳайкалларининг ўрнатилиши, 8 гектарга яқин майдонда серҳашам боғнинг барпо этилгани, унда учрашувлар, суҳбатлар, шеърхонлик, назм ва наво кечалари ўтказиб туришга замин ҳозирлангани университетимиз жамоасига ҳам алоҳида ғурур бағишлади. Эндиликда Навоий, Бобур, Огаҳий, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Зулфия ҳаёти ҳамда ижодига бағишланган маънавий тадбирлар одатдагидай кичик залларда эмас, балки кенг, баҳаво, хушманзара манзилда, ижодий уюшмалар ва мутасадди ташкилотлар ўзаро мулоқоти ҳамда ҳамкорлиги кучайган ҳолда, миллатимизнинг фахрли кунлари, шодиёнаси сифатида юқори савияда ўтказилиши тажрибаси қўлланилади. Зеро, ушбу оммавий тадбирлар халқнинг жипслиги ҳамда бирлашувига хизмат қилади, руҳияти ва маънавияти юксалишига, маданий даражаси ошишига ёрдам беради.

Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида Тошкент ахборот технологиялари университетида ҳам бу йил севимли адибимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад шахси ҳамда ижодига оид бир қатор тадбирларни ўтказиш мўлжаллаган. Шу йилнинг май ойида профессор-ўқитувчилар ва истеъдодли талабаларимиз хиёбонга кўп марта ташриф буюриб, улуғ адиб ҳаётининг очилмаган саҳифалари билан яқиндан танишдилар. Саид Аҳмад 1950 — 1955 йилларда ноҳақ қамалиб, Жезқозғон лагерида азоб-уқубатлар тортганига қарамай, она юртига оқланиб келганидан кейин букилмас иродаси, сабр-бардошини синаб, «Уфқ» (1964 — 1974) трилогия романи, «Жимжитлик» (1988) романи ҳамда юздан зиёд ҳикояларни ёзади. Бу ҳақиқий матонат ва қаҳрамонликни биз ёшларга ибрат сифатида ўргатиб борамиз. «Келинлар қўзғолони» спектаклини ҳар бир ўзбек хонадони, жумладан, ўзим ҳам кўп марталаб томоша қилиб, ижтимоий ҳаётимизда миллий қадриятлар, урф-одат ҳамда анъаналар, меҳр-оқибат, одамийликнинг нақадар муҳим аҳамиятга эгалигига амин бўламиз.

Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова садоқатли дўст, ҳамдард, ҳамкор ҳамда вафодор ёр бўлиб умр кечирдилар. Уларнинг ягона фарзанди Нодирахон Ҳусанхўжаева қутлуғ юбилей арафасида «Саид билан Саида» ҳужжатли фильми ва «Сабру садоқат» 5 қисмли сериалининг сценарийси муаллифи бўлди. Бу фильмларга улуғ адиб ҳамда бетакрор шоиранинг ўзаро мактублари ва кундаликлари асос қилиб олинди. Фильмда қатағон йилларининг ўзбек жамиятидаги фожиали асоратлари ишонарли очиб берилган.

Устоз адиб 87 йил яшаб, ўзидан яхши ном, ўлмас китобларни авлодларга мерос қолдирди. Эл-юрт олдидагибуюк хизматларини ҳисобга олиб, давлатимиз адибни «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвони (1999) билан мукофотлади. Бундай иззат-икромга камдан-кам адиб ва шоирлар сазовор бўлган.

Адабиёт яшаса — миллат ҳам яшайди, дейди шоир Чўлпон. Адабиёт жамият ҳамда шахс ҳаётига ажойиб, умрбоқий ғояларни олиб киради, инсон ҳаёти ва қалбини безайди, инсон мўъжизавий қудрат эгаси эканлигини исботлайди. Шунинг учун адиб ҳамда шоирлар ўлимидан кейин иккинчи умрини яшайдилар. Улар сафида сўз санъаткори ва жамоат арбоби Саид Аҳмад номининг борлигидан фахрланамиз.

Университетимиз жамоаси Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг 100 ёшли таваллуд кунига бағишлаб 10 июнда республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги билан ҳамкорликда онлайн илмий конференция ташкил этди. Тадбирда маданият намояндалари, юздан зиёд профессор-ўқитувчилар, адиблар ҳамда шоирлар, адабиёт ихлосмандлари қатнашди. Йил давомида Саид Аҳмаднинг виртуал музейи, сайтлари, анжуман ва давра суҳбатлари ҳамда турли маърифий тадбирларни ўтказиш ҳаракатини бошлаб юборганмиз.

Хулоса шуки, замонавий технологиялар ҳамда маънавият бир-бирини тўлдирадиган, бойитадиган, ёш авлод онги ва қалбига умид, ишонч, миллатпарварлик туйғуларини сингдирадиган соҳалардир. Таълим ҳамда тарбия эгизак бўлиб, миллат ривожланишининг пойдевори вазифасини бажаради. Технология инсон такомилида шакл, маънавият эса мазмун бўлади. Шундай экан, шакл ва мазмун бирлигига эришиш бош мақсадимизга айланиши керак. Биз ахборот технологиялари соҳасининг такомиллашуви ва ривожланишига камарбаста бўлган базавий олий ўқув юрти эканлигимиздан фахрланиш билан бирга, масъулиятни чуқур ҳис қилиб, қўлимиздан келган барча имкониятни ишга солишда давом этаверамиз.

Тўлқин ТEШАБОЕВ,
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?