Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ: “Мен бой бўлишни жуда хоҳлайман ва мен буни уддалайман”

10:12 23 Апрель 2020 Жамият
436 0

Роберт Кийосакининг “Бой ота ва камбағал ота” номли китобида қуйидаги фикрларни ўқишингиз мумкин: “Камбағал отам менга қандай қилиб яхши ўқиш орқали каттароқ маош олишни ўргатган бўлса, бой отам менга қандай қилиб керакли билимларни олиб бой бўлиш мумкинлигини ўргатарди”.

Таъкидлаш жоиз, билимни олиш учун унинг керакли эканлигини билиш, билиш учун эса аввало ўқиб, ўрганиш, билимларни ошириш, фикрлаш доирасини кенгайтириш зарур. Ҳозирги карантин ҳолати ҳам уйда қолиб, керакли билимларни уқиш, илғаш ва тафаккур қилиш, аниқ мақсадларни белгилаш ва ҳаракат қилиш учун имконият яратмоқда.

Тадқиқотларга кўра, дунёдаги барча пуллар ҳаммага тенг тақсимлаб берилса, тез орда у пуллар яна аввалги чўнтакларга, яъни аввалги бойларнинг чўнтакларига бориб тушар экан.

Нега? Бойларнинг чўнтакларида пулларни ўзига тортиб оладиган магнит борми? Йўқ! Магнит уларнинг чўнтакларида эмас, уларнинг миясида, тафаккурида жойлашган. Чунки бойлар доимо “Бойиш ва пул топиш осон ва мен буни уддалай оламан”, деб фикрласа, камбағаллар “Мен бой бўлишни жуда хоҳлайман, аммо бу жуда қийин, бой бўлиш мен учун эмас, буни уддалай олмайман”, деб фикрлар экан. Демак, муаммо тафаккурда, фикрлашда. Камбағалликни тарк этишни бойлардек фикрлашни ўрганишдан бошлаш керак, назаримизда.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш демакдир”.

Тадбиркорлик руҳи эса, томорқаларга эътибор бериш орқали уйғониши сир эмас. Мен сайланган Норин тумани Қорадарё ва Норин дарёлари оралиғида жойлашган. Аҳолиси зич, деҳқончилик маданияти ривожланган ҳудуд бўлиб, ҳозирда томорқалардан фойдаланиш борасида ижобий ишлар амалга оширилаётганининг гувоҳиман.

Хусусан, туманда 30047 та дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари бўлиб, жами экин ер майдони 1394 гектарни ташкил этади. Шундан 744 гектар майдонларда 2019 йилнинг август-сентябрь ойларида саримсоқпиёз, пиёз ва тўқсонбости экинлар экилиб, 890 гектар майдонга баҳорги экинлар, жумладан, 642 гектарга сабзавот, 198 гектарга картошка, 8 гектарга дуккакли экинлар ва 42 гектарга бошқа экинлар экилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, туманда ташкил этилган “Норин томорқа хизмати” МЧЖ орқали техника ва зарур уруғлик ва кўчатлар аҳоли хонадонларига етказиб берилган. Туманда 2020 йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқаларда жами 23 минг 697 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, тўқсонбости экинларидан 8546 тонна, эртанги экинлардан 15151 тонна, шундан 9696 тонна сабзавот, 4746 тонна картошка, 16 тонна дуккакли маҳсулотлар ҳамда 420 тонна бошқа турдаги маҳсулотлар етиштирилиши кутилмоқда. Булар ҳазилакам рақамлар эмас, улар ортида аниқ мақсад ва унга эришиш учун қаратилган ҳаракат ётибди.

Шундай экан, ҳозирги карантин даврида “Мен бой бўлишни хоҳлайман ва мен буни уддалайман”, деган мақсадни олдингизга қўйинг-да, барча ҳаракатларингизни томорқангиздан самарали фойдаланишдан бошланг! Ишонинг, Сиз ҳеч қачон камбағаллар сафида бўлмайсиз!

Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?