Александр НЕКИПЕЛОВ: Юртингиз иқтисодий ривожланишнинг тўғри йўлини танлади

11:20 15 Июнь 2018 Иқтисодиёт
760 0

Яқинда Тошкентда “Ўзбекистон Республикасининг Ҳаракатлар стратегияси: макроиқтисодий барқарорлик, инвестициявий фаоллик ва инновацион ривожланиш истиқболлари” мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда номдор хорижлик олим ва мутахассислар, жумладан, россиялик экспертлар ҳам қатнашди. М. Ломоносов номидаги МДУнинг Москва иқтисодиёт мактаби директори, Россия Фанлар академияси академиги, профессор Александр НЕКИПЕЛОВ Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:

— Ушбу кўргазмали илмий-амалий анжуманда қатнашиш мен учун касбий нуқтаи назардан катта қизиқиш уйғотди. Бугун Ўзбекистон бутун дунё эътиборида. Бунинг сабаби, биринчи навбатда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг кўплаб соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсдаги ташаббусларидир. Айни пайтда аввалги йилларда эришилган натижалар ҳам четга чиқариб қўйилмаяпти. 
Биз, мутахассисларни, аввало, иқтисодиёт соҳасидаги ислоҳотлар қизиқтиради. Қайд этиш керакки, анжуман ташкилотчилари хориждан келган иштирокчилар бу борадаги барча ахборот ва янгиликларга эга бўлиши учун шароит яратиб берди. Ўзбекистон иқтисодиёт вазири ўз чиқишида анжуман қатнашчиларига табрик йўллаш билангина чекланмасдан, республика раҳбарияти томонидан Ҳаракатлар стратегиясини рўёбга чиқариш бўйича кўрилаётган чоралар, мамлакатни иқтисодий ривожлантиришга оид аниқ вазифалар ва бу йўлда юзага келаётган муаммолар ҳақида батафсил маъруза қилгани ҳам диққатга сазовор. 

Форумдаги умумий муҳит унинг доирасида маърузаларни қизғин муҳокама қилишга, Ўзбекистонда бошланган иқтисодий ислоҳотларга алоқадор кўплаб масалалар бўйича баҳс-мунозаралар олиб боришга имкон берди. Хорижий қатнашчиларнинг айнан шундай муаммоларга турли мамлакатларда қандай ечим топилгани ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ўзбек ҳамкасбларимизда қизиқиш уйғотди, деган умиддаман.
Албатта, бошқаларнинг тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар уни шунчаки миллий иқтисодиётга кўчириб олиш учунгина керак эмас. Бу боши берк кўча. Мавжуд тажрибаларни ўрганиш муаммоларнинг моҳиятини тезроқ ва яхшироқ англаб етиш, шу аснода миллий хусусиятларга тўла мос келувчи қарорлар ишлаб чиқишга ёрдам беради. 

Яна бир фикр, ўзбек халқи ҳозир жудаям кўтаринки кайфиятда: одамлар, бу қанчалик баландпарвоз эшитилмасин, иқтисодиётни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ва шу асосда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлидаги қабул қилинган ва амалга оширилаётган чора-тадбирлардан руҳланган. Анжумандан ва ўзим гувоҳ бўлганларимдан қолган энг катта таассуротим шу бўлса керак. 
Мустақил Ўзбекистон янада кучлироқ ва қудратлироқ бўлиши учун аввалги йилларда қилинган ишлар ҳам эътироф этилмоқда. Бу жуда муҳим, ахир мамлакат социалистик тузумдан кейинги даврдаги ўзгаришларнинг илк босқичида “шок терапияси”ни танлаган кўп мамлакатлар бошидан ўтказган (улар орасида Россия ҳам бор) иқтисодиёт ва турмуш даражасининг инқирозидан сақланиб қолди. Мана энди, дастлабки — янги муҳитга эҳтиёткорлик билан мослашув даври ортда қолгач, хўжалик фаолиятини янада либераллаштириш орқали иқтисодиётни модернизация қилиш, унинг жаҳон иқтисодиётига мутаносиблик билан қўшилишига қаратилган ислоҳотларнинг янги тўплами ишга туширилмоқда. 

Ўзбекистонлик ҳамкасблар ўзгаришлар шамоли билан келган бу умумий кўтаринкилик таъсирида ислоҳотлар билан боғлиқ баъзи хатарларни ҳам назардан четда қолдирмаётганига ишонч ҳосил қилдим. Аслида, мамлакат икки томонлама вазифа қаршисида турибди. Бир томондан, замонавий бозор иқтисодиётига хос институтларнинг бутун бошли мажмуасини шакллантириш керак. Иккинчи тарафдан эса, барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, бозор механизмларининг ҳаракати билан ёнма-ён юрадиган турли зарбаларни юмшатиш имконини берувчи ҳам макро, ҳам микроиқтисодий таъсир воситаларига эга бўлиш жуда муҳим. Анжумандаги маърузамда мен давлат активларини бошқариш, жумладан, уларни хусусийлаштириш билан боғлиқ муаммолар ва имкониятларга эътибор қаратдим. Бироқ бу диққат марказида бўлиши лозим бўлган ягона жиҳат эмаслиги аниқ.

Ўзбекистон томонидан очиқ иқтисодиёт, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ички инвестицияларни сафарбар этиш йўналиши танлаб олингани мутлақо тўғри. Шу маънода, валюта сиёсатини либераллаштириш, ягона курсни шакллантириш учун шароит яратиш бўйича қўйилган қадамлар ўзини оқлайди. Айни дамда, бозор институтларининг ривожланиши, хусусан, фонд бозорининг шаклланиши билан капиталнинг трансчегаравий, энг аввало, қисқа муддатли ҳаракати билан боғлиқ муаммоларга жиддий аҳамият берилиши лозим. Бу жуда нозик масала ва агар унга етарли эътибор қаратилмаса, катта муаммолар келиб чиқиши мумкин. Валюта курсининг ўта беқарорлиги иқтисодий фаолиятнинг чекланишига олиб келади, чунки курснинг исталган томонга кескин ўзгариб кетиши бизнесни чалғитади, тўғри қарор қабул қилишга халақит беради. 
Яна бир масала. 
М. Ломоносов номидаги МДУнинг Москва иқтисодиёт мактабидан бир неча мутахассислар ўз маърузалари билан қатнашган мазкур анжуманда биз Ўзбекистондаги ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилдик. Тошкентга сафар олдидан Ўзбекистон иқтисодчиларининг ютуқлари билан танишиш ва ўзимиз нимага эришганимизни намойиш этишни мақсад қилган бўлсак-да, биз кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотлар ўтказиш бўйича ҳамкорлик учун ҳам очиқмиз. Ўзбекистон томонидан бундай ҳамкорликка катта қизиқиш билдирилди. Ҳозирча эса мутахассислар алоқаларни тўхтатмаслик ва имкониятларимиздан келиб чиққан ҳолда ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олишга келишдилар. Шуни қайд этишни истардимки, биргаликда ишлаш учун шароитлар етарли. МДУнинг Москва иқтисодиёт мактаби Россиянинг етакчи олимлари, хусусан, Россия фанлар академиясининг илмий доираларда ном қозонган академиклари ва мухбир аъзолари, фан докторларини ўзида жамлаган салоҳиятли профессор-ўқитувчилар жамоасига эга. Франция, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония ва бошқа қатор мамлакатлардан келган хорижлик олимларнинг алоҳида курслари ташкил қилинади. Москва иқтисодиёт мактабининг бош вазифаси — глобал рақобат шароитида амалий масалаларни ечиш учун чуқур назарий билимларга, замонавий кўникмаларга эга бўлган ва давлат бошқарувининг федерал ҳамда ҳудудий органларида, йирик бизнес тузилмаларда, шунингдек, фан ва олий таълим соҳаларида самарали ишлай оладиган юқори малакали мутахассислар тайёрлашдир. Даргоҳда катта миқёсда илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Агар ушбу фаолиятимиздаги бирор жиҳат Ўзбекистон вакилларини қизиқтирса, биз ҳамкорлик бўйича аниқ масалаларни кўриб чиқишга тайёрмиз.
Собир АЛИЕВ 
ёзиб олди.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019