Юртимизнинг тоғли ҳудудларида қишки туризм ривожлантирилади

14:25 04 Октябр 2019 Жамият
77 0

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Абдулазиз Аққулов Туркиянинг Мустақил саноатчилар ва ишбилармонлар ассосатсияси (MÜSİAD) вакилларини қабул қилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.

Туркия делегацияси вакиллари бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, туризмни ривожлантириш йўлида қилинган ишлар ва келгусидаги режалар билан таништирилди.

MÜSİAD делегацияси вакиллари, ўз ўрнида, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини юқори баҳолаб, юртимизга саёҳат қилаётган туркияликлар сони 60 фоиздан ошганини эътироф этишди.

Туркия томон Ўзбекистонга зиёрат туризми, маданий туризм ҳамда гастрономик туризмни ривожлантиришда яқиндан ёрдам беришга тайёр эканликларини таъкидлашди.

Шунингдек, улар маҳаллий ва хорижий инвесторларни бирлаштириш имконига эга эканликларини маълум қилиб, Туркиянинг 87 вилоятида ўз филиаллари мавжудлигини билдиришди.

Бундан ташқари, меҳмонлар ҳозирда Туркияда қишки туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини маълум қилиб, у ерда ҳатто Қишки туризм федератсияси ҳам фаолият кўрсатишини қайд қилишди. Шу ўринда Ўзбекистон ҳам туризмнинг қишки турларини ривожлантириш учун истиқболга эга экани қўшимча қилинди.

Ўзбекистон томон MÜSİAD вакиллари билан “ИдеалИСТ” компанияси ҳамкорлигида тайёрлаган Наманган вилоятининг “Нанай”, Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги “Супа”, Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Омонхона” қишлоғи лойиҳалари тақдимотини ўтказиш масаласини муҳокама қилди.

Учрашув якунига кўра, Туркиядаги ҳамкор ташкилотлар ва тадбиркорларни жалб қилган ҳолда у ерда юқорида қайд этилган туризм кластерлари тақдимотини ўтказишга оид келишувга эришилди.

Фурсатдан фойдаланиб, Туркия томон Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қоʼмитаси вакилларини MÜSİAD компаниясига ташриф буюришга таклиф қилишди ва Туркия сафари доирасида икки томон ҳамкорлигига доир аниқ “йўл харитаси” белгилаб олинишига келишишди.

Учрашув сўнгида томонлар ўзаро совғалар алмашишди.

Маълумот учун, MÜSİAD инсонлар ва ташкилотлар, давлат ва жамият, шунингдек минтақа ва жаҳондаги ижтимоий, маданий, сиёсий, иқтисодий, илмий ва технологик ривожланишни қўллаб-қувватлаш учун яратилган ривожланиш ва оʼзаро ҳамкорлик ҳамда ҳамжиҳатлик платформасини ташкил қилувчи фаол ва кучли нодавлат ташкилотдир. У чет элда жойлашган филиаллари, ваколатхоналари ва координаторлари билан ишончли ва кенг бизнес тармоғини таклиф этувчи кучли “фуқаролик жамияти институти” бўлиб, жамиятнинг бизнес ва бошқа соҳалари учун намунали таълим, маслаҳат, йўл-йўриқ кўрсатувчи марказ ҳисобланади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019