Юртимизда мақом санъати байрами

11:02 06 Сентябр 2018 Маданият
292 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 6 апрелда имзоланган “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан,  6 — 10 сентябрь кунлари юртимиз аҳли ва меҳмонлари ушбу нуфузли тадбирнинг гувоҳи бўлишади. Айни дамда эса анжуман ўтказиладиган манзил — Шаҳрисабз мақом санъати шукуҳи билан яшамоқда.

Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида соҳибқирон бобомиз Амир Темур қурдирган Оқсаройни зиёрат қилиб, Шаҳрисабз қадимий меросимиз бўлган мақомларни дунёга таратиш учун энг мақбул жой эканлигини таъкидлаганди. Зеро, “Шашмақом” дунёга келган ўша давр айнан Амир Темур давлатчилиги тарихи билан чамбарчас боғлиқ.

Буюк бобомиз даврида мусиқа санъати жадал ривожланиб, чинакам уйғониш даврини бошдан кечирганлиги, созандалик ва хонандалик, мусиқа илми ҳамда бастакорлик камол топганлиги ҳақида кўплаб манбалар мавжуд. Уларда таъкидланишича, ХVII-ХVIII асрларга келиб, Шаҳрисабзда бухоролик ва самарқандлик санъат усталари ҳамкорлигида “Шашмақом” тароналарига рақсга тушадиган раққослар ҳамда созандалар гуруҳлари тузилган.

Анжуман муносабати билан кўплаб мамлакатлардан ҳофизу созандалар, сайёҳлар ва бошқа меҳмонлар Шаҳрисабзга ташриф буюрмоқда. Бу эса дунё миқёсида ушбу санъат ҳамда юртимизга бўлган қизиқувчилар сафининг ошиб бораётганини билдиради. Сўнгги маълумотларга кўра, хорижий давлатлардан 22 нафар мусиқашунос олим, 29 яккахон ижрочи ва мусиқий жамоа, 21 нафар мутахассис ҳамда фахрий меҳмон санъат байрамида қатнашиш истагини билдирган.

Президентимиз қарорига асосан, ушбу анжуман доирасида Ўзбек миллий мақом санъати марказининг Шаҳрисабз филиали ташкил этилди. Шаҳрисабзга келган меҳмонлар шаҳар Маданият саройида ташкил этилган мақом санъати музейида мақом тарихи ҳақидаги анимацион кўргазма воситалари орқали ўзларини қизиқтирган барча маълумотга эга бўладилар. Шунингдек, шаҳардаги “Наврўз” маданият ва истироҳат боғи ҳамда “Дор ут-тиловат” мажмуаси ҳудудидаги хиёбонда эса онлайн тизимида ишлайдиган катта экран орқали анжуманни кузатиб борадилар.
Бугун Шаҳрисабз чин маънода халқаро мақом марказига айланмоқда. Албатта, бу, ўз навбатида, юртимизни, ўзбек мақом санъатини дунёга танитишга, жаҳон аҳли эътиборини эса Ўзбекистонга қаратишга хизмат қилади.
* * *
Эртага бошланадиган Халқаро мақом санъати анжумани муносабати билан тайёрланган махсус саҳифани газетамизнинг 4-бетида ўқишингиз мумкин.

* * *
40 дан ортиқ мамлакатларга тўғридан-тўғри намойиш этилади
Анжуманда 70 дан ортиқ давлатлардан санъаткорлар қатнашади, 300 дан зиёд хорижий меҳмонлар келиши кутилмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, 40 дан ортиқ хорижий давлатлар телевидениелари анжуманни ўз юртига тўғридан-тўғри узатиш истагини билдирган.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 6 апрелдаги “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари ўзбек мумтоз мусиқаси тарихида янги даврни бошлаб берган муҳим ҳужжатлар бўлди.

Уларда мақом санъатини янада ривожлантириш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Анжуман 2018 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир марта Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилади.

Унда қуйидаги тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган:

“Мақом мусиқа санъатининг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзуида илмий-амалий конференция;
жаҳон ва Ўзбекистон мақомот санъати усталарининг якка концертлари;

мақом ансамбллари, хонанда ва созандаларнинг кўрик-танлови;

сайиллар, мамлакатимизнинг дунёга машҳур шахслари ҳаёти ҳамда ижодий фаолияти ҳақида замонавий ва креатив усулда саҳналаштирилган дастур намойишлари;

мақом санъати тарихига оид кўргазма, ўзбек, форс, араб, инглиз ва рус   тилларида нашр этилган илмий асарлар ҳамда илмий-маърифий адабиётлар намойиши.

ЮНЕСКО рўйхатида
2003 йил ноябрь ойида “Шашмақом” ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси дурдонаси” деб тан олинди. 2008 йилда эса умумжаҳон Репрезентатив рўйхатига киритилди.

Ўтмишнинг буюк ёдгорлиги Шаҳрисабз — Буюк Ипак йўлида жойлашган, қадимий, машҳур шаҳарлардан бири. Шаҳрисабз Самарқанддан 80 километр Жанубда, Тахта-Қорача тоғ тизмасида жойлашган. Бугунги кунда шаҳарда кўпгина меъморий ёдгорликлар мавжуд. Унинг тарихий маркази ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси объектлари рўйхатига киритилган. Бу шаҳар буюк қўмондон, соҳибқирон Амир Темур туғилган юрт номи билан ҳам машҳур. Илгари Шаҳрисабз қадимги Сўғд давлатининг пойтахти бўлиб, Кеш деб номланган. У маданият, савдо ва ҳунармандчиликнинг маркази эди.

Бадиий дурдона
Мақом мусиқа ижодиётининг бошқа турларидан бадиий мукаммаллиги, куй ҳамда шакл тузилишлари, лад ва усул тизимлари ҳамда илмий ва амалий асослари пухта ишлангани билан фарқ қилади. Мақом мусиқа, шеърият ҳамда рақс санъатларини мужассамлаштирувчи муштарак бадиий дурдонадир.

Ўзбекистонда мақом асарлари ва туркумлари — Бухоро “Шашмақом”и, “Хоразм мақомлари” ҳамда “Фарғона — Тошкент мақом йўллари” туркумлари, шунингдек, унинг локал вариантлари — “Тошкент ироғи”, “Қўқон ироғи”, “Самарқанд ушшоғи”, Фарғона “Сурнай мақом йўллари”, Хоразм “Дутор мақом туркуми”, “Феруз” туркуми ва бошқалар мавжуд.

Бетакрор анъаналарни тарғиб қилувчи марказ
Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбек миллий мақом санъати маркази ташкил этилди.

Унинг асосий мақсади ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактаблар анъаналари, буюк бастакорлар, ҳофиз ҳамда созандалар меросини чуқур илмий асосда ўрганиш ва қайта тиклаш, тарғиб қилиш, халқимизни мусиқий меросимизнинг энг гўзал анъаналаридан баҳраманд этиш, ёш авлодни мақом санъати билан кенг таништириш орқали уларда миллий ўзликни англаш туйғусини камол топтириш каби қатор вазифалардан иборат.
Ўзбек миллий мақом санъати маркази таркибида Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли фаолият олиб бормоқда.

Юнус Ражабий номидаги ансамбль
Ўзбекистонда дастлаб илк профессионал мақом ансамбли фольклоршунос, Ўзбекистон халқ артисти, академик Юнус Ражабий томонидан 1959 йили ташкил этилган.

Ансамбль томонидан 1960 — 1962 йилларда “Шашмақом” ва “Тошкент — Фарғона мақом йўллари” туркумларига кирувчи чолғу ва асосан, ашула йўллари илк бор граммпластинкага ёзила бошланган ва нашр этилган.

1976 йилда ансамбль раҳбари, академик Юнус Ражабий вафотидан сўнг Ўзбекистон халқ артисти Ориф Алимахсумов, Ўзбекистон санъат арбоби Шавкат Мирзаев, Ўзбекистон халқ артисти ўанижон Тошматов, Ўзбекистон халқ ҳофизи Исроил Ваҳобов унга раҳбарлик қилди. Айни пайтда ансамбль раҳбари — Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов.

Мақом ансамбли аъзолари шу кунга қадар бир неча чет мамлакатларда ижодий сафарларда бўлиб, ўз концерт дастурларини намойиш қилиб келишган. Узоқ йиллар давомида бу даргоҳда етук хонанда ва созандалар хизмат қилишган.

Ноёб музей
Ўзбек мақом санъати мумтоз ва замонавий ижро намуналарининг фондини яратиш ҳамда музей ашёлари ва коллекцияларини илмий тадқиқ қилиш ишларини кучайтириш, унинг натижаларини эълон қилиб бориш Шаҳрисабздаги музей фаолиятининг асосий вазифалари сирасига киради.
Айни пайтда анжуманга тайёргарлик жараёнлари қизғин тус олган. Хусусан, совриндорларга топшириладиган диплом, сертификат лойиҳалари, статуэтка намуналари ишлаб чиқилди.

Миллийликни ўзида акс эттирувчи либослар, актёрлар жойлашуви ва Оқсарой ҳудуди атрофида уларнинг юришларини ташкил этиш, майдонларни ҳудудлар кесимида тақсимлаш, уларга хос бўлган миллий урф-одат, анъана ва қадриятлар акс этган сценарий ҳамда дастурлар лойиҳалари, мос мусиқий кетма-кетлик ва видеороликлар тайёрланмоқда. Ўзбек, рус, инглиз тилларида “Мақом нима?” деб номланган китоб нашр этилди.

Мумтоз куй-қўшиқлар оламига сафар қиламиз
— 2018 йил мен учун унутилмас таассуротларни туҳфа этди. Президент Шавкат Мирзиёев Фармонига биноан “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” унвонига сазовор бўлдим. Бу эъзоздан бошим осмонга етди. Айни пайтда эса Шаҳрисабзда ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжуманига таклиф этилганимдан беҳад шодман. Ўзбек санъатини дунёга ёйишда ушбу анжуманнинг аҳамияти беқиёс. Унда мумтоз куй-қўшиқлар оламига сафар қиламиз. Санъат қадрланган, тинчлик, осудалик улуғланган юртда мана шундай нуфузли, байрамона тадбирлар ташкил этилади. Бунга фақат ҳавас қилиш керак.
Изро МАЛАКОВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ артисти.

Анжуман бизни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиради
— Юртимиздан олисда яшасамда, қалбим Ўзбекистонда. Бу ердаги ҳар бир ўзгаришдан қувонаман. Шу кунларда эса ўзгача ҳаяжон билан Халқаро мақом санъати анжуманини кутяпман. Санъат дунё халқларини эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиради. Халқаро мақом санъати анжуманидан кўзланган мақсад ҳам шу. Бу тадбир ўзбек миллий мақом санъатининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида миллий мумтоз санъатимизга ҳурмат туйғусини кучайтириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.    
Муҳаббат ШАМАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси халқ артисти.

Янги истеъдодлар номи, албатта, жаранглайди
— Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда Ўзбекистонда мақом санъати бўйича халқаро мусиқа анжумани ўтказилишини эшитиб, хурсанд бўлдим. Биласиз, Озарбайжонда ҳам шунга ўхшаш фестиваль бор. Ўйлайманки, ҳар икки мамлакатда уюштириладиган санъат анжуманлари ўнлаб, юзлаб истеъдод эгаларини кашф этиш, икки томонлама ўрнатилган дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Симара ИМАНОВА, 
Озарбайжон Республикаси халқ артисти.

Соҳибқиронни ҳайратлантирган наво
Темурийлар даврида яшаган Хожа Абдулқодир Мароғий, манбаларда зикр қилинишича, соҳибқирон ғазабига учрагач, бир қанча вақт ёлғиз яшаб, қаландарона ҳаёт кечирди.

Кунлар ўтди. Саркарда ўз лашкари билан Ироққа юриш қилиш ҳаракатига тушди. Бундан хабар топган Абдулқодир Амирнинг қулоғига етиб борадиган бир назм тузишга қарор қилди. Шундай хаёлда у бир ғазал битди, уни басталади. Сўнг темирчига бориб, шу куй нағмаларини ҳосил қилувчи ҳар хил катталикдаги қўнғироқчалар ясатди. Сарбон билан маслаҳатлашиб, бу қўнғироқчаларнинг қайси туяга осилиши кераклигини ҳам келишиб олди ва куйни бехато ҳосил қиладиган бир тартибда туяларга остирди. Карвон йўлга чиқди. Туялар ҳаракатга келиб юра бошлагач, белгилаб қўйилганидек куй чалина бошланди. Соҳибқирон мусиқа илмидан хабардор эди, мусиқани яхши тушунарди. Қўнғироқчалардан таралаётган бу ёқимли куй Амирни бефарқ қолдирмади. Бу куй “Ироқ” мақоми йўлида яратилган бўлиб, уни бастакор “Амали тарона” деб атаган эди. Темур куйга эътибор қилар, куй эса ўз оҳангидан адашмасди. Шунда у сарой мусиқашуносларининг пешқадами бўлиб қолган, айни пайтда бош хонандалик вазифасида турган ва ушбу тадбирдан огоҳ Хожа Абдуллоҳ Лорийни ҳузурига чорлаб, унга деди:
— Муғанний, эшитяпсанми, бу қўнғироқчалар бир чиройли куй чиқармоқда.
— Шоҳим, — деди Лорий, — бир бегуноҳнинг гуноҳидан кечсангиз, мен бунинг сирини айтаман.
Амир:
— Бўпти, мен унинг гуноҳидан кечдим, — деди.
— Хожа Абдулқодир сизга ўзининг содиқлигини изҳор қилиш ниятида “Ироқ” мақоми йўлида ушбу куйни басталади, — деди меҳтар ва Амир қошида ана шу янграб турган куй жўрлигида Абдулқодир ёзиб берган янги ғазални куйлай бошлади:
Чун мирави сўйи Ироқ фаромушам накун…
(Мазмуни: Ироқ сари йўлга чиқсанг, мени унутма).
Натижада Амир Абдулқодирнинг содиқлигига шубҳа қилмай, унга аввалгидек марҳаматлар кўрсата бошлади.

АҚШдан ҳам иштирокчилар бор
2018 йил 2, 6, 13 июль кунлари Ўзбек миллий мақом санъати марказида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тузилган саралаш комиссияси аъзолари Шаҳрисабз шаҳрида бўладиган Халқаро мақом санъати анжуманида иштирок этиш истагини билдирган хорижий давлатлар мақом ансамбллари ва яккахон хонандаларининг ижод намуналарини кўриб чиқди.

Саралаш комиссияси аъзолари йиғилиш давомида форумнинг www.maqomforum.uz сайтига келиб тушган хорижий давлатлар вакиллари томонидан юборилган ижод намуналари билан танишдилар.

Афғонистоннинг “Сафар” гуруҳи, АҚШнинг “Шашмақом академияси” болалар мусиқий жамоаси, Ҳиндистоннинг “Устад Иқбал” жамоаси, Озарбайжоннинг Саҳиб Пашшазаде раҳбарлигидаги “Мугам” ансамбли жамоаси, Хитой Халқ Республикасидан Гулзира Аблат — яккахон ижрочи, Жазоирнинг “Жазира” мусиқий жамоаси, Тожикистондан яккахон ижрочи Сирожиддин Жўраев, Ҳиндистоннинг “Двали” мусиқий жамоаларининг ижод намуналари маъқул, деб топилди.

Ҳиндистоннинг “Двали” мусиқий жамоаси Янги Деҳлида ўз фаолиятини юритмоқда. Мазкур жамоа кўплаб фестивалларда иштирок этиб келади. Жумладан, Хива шаҳрида ўтказилган “Рақс сеҳри” фестивалида ҳам қатнашган. 6 — 10 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Халқаро мақом санъати анжуманида ҳинд классик мусиқасини ижро этиши кўзда тутилмоқда.
«Халқ сўзи» мухбири
Мақсуд ЖОНИХОНОВ тайёрлади.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар