Юртимизда кечадан​ мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизими жорий этилди. Хўш, бундан абонентларга нима фойда?

09:35 02 Апрель 2019 Жамият
479 0

Иллюстратив фото

Яқинда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан “Республикамиз ҳудудларида мобил алоқа тармоқларини кенгайтириш ва мобил қурилмаларни ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида” матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълумки, ахборот технологияларини жорий этиш мамлакатимиз учун муҳим иқтисодий ва ижтимоий аҳамият касб этади, шунингдек, мамлакатимизнинг рақобатбардошлилик даражасига бевосита таъсир кўрсатади.

Бугунги кунда мамлакатимизда 22 миллиондан зиёд мобил алоқа абонентлари, шунингдек, 16 миллиондан кўпроқ мобил интернет фойдаланувчилари мавжуд. Республикамиздаги мобил алоқа тизими АКТ соҳасининг барча йўналишларини ривожлантиришда улкан аҳамиятга эга. Айнан шунинг учун матбуот анжуманида ҳудудларда мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш, аҳолига ҳамда корпоратив мижозларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ва инфратузилмаларини модернизациялаш масалалари муҳокама этилди.

Тадбир мамлакатимизнинг барча мобил алоқа операторлари иштирокида ўтди. Унда улар ўз мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш, тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш, янги хизматлар ва технологияларни жорий этиш борасидаги тақдимотларини ўтказдилар.

2019 йилда Ўзбекистон мобил алоқа операторлари республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб 3000 та янги база станциясини ўрнатади.

Матбуот анжумани доирасида республикамиз учун янги бўлган халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этиш ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Мазкур жараёнлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 847-сонли “Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Қайд этилганидек, мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимининг жорий этилиши мамлакатимизда 2019 йилнинг 1 апрелидан бошланади.

Нега шундай қилинмоқда?

“Телекоммуникациялар бозорида контрафакт ёки ноқонуний йўллар билан олиб келинган мобиль қурилмалар жуда катта солиштирма оғирликка эга, - деди вазирликнинг телекоммуникация тармоқларини истиқболли ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Тимур Машанпин. – Статистикага кўра, ҳар йили 10-15 фоиз абонентлар ўз мобиль қурилмаларини ўзгартиришади. Бироқ амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, расман олиб кирилган мобиль қурилмалар жуда кам ва мамлакатга 95-96 фоиз мобиль қурилмалар ноқонуний йўл билан олиб кирилмоқда деб тахмин қилиш мумкин”.

Унинг сўзларига кўра, вазирликка одамлар алоқа сифати бўйича кўплаб шикоятлар қилишади. Вазирлик ва мобиль алоқа операторлари, шунингдек, Электрмагнит мослашув маркази вакиллари жойларга бориб, вазиятни ўрганиб, тегишли ўзгартиришларни амалга оширишганда, қизиқарли хулосага келишмоқда.

“Шикоят қилувчиларда алоқа сигнали даражаси қонунчилик стандартлари талабларига мос келиши аниқланмоқда. Бироқ фойдаланувчининг мобиль қурилмаси умумқабул қилинган халқаро талабларга мос эмас. Одам алоқадан эмас, балки контрафакт йўл билан олиб кирилган мобиль қурилмасидан шикоят қилаётган бўлиб чиқяпти”, - деди у.

Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизимининг оператори сифатида “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази” Давлат унитар корхонаси белгиланган бўлиб, мазкур корхона негизида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизими ўрнатилди. Мазкур тизим Ўзбекистон Республикасининг барча GSM-операторлари тармоқларига уланган бўлиб, улар ўртасида онлайн режимида ўзаро маъулумот алмашиш имконини беради. Шунингдек, мазкур тизим импорт қилинадиган мобил қурилмаларнинг регистратори вазифасини бажаради.

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон GSM-операторлари тармоқларида фойдаланиладиган барча мобил қурилмаларнинг автоматик тарзда рўйхатга олиш амалга оширилади.

Қурилмани автоматик рўйхатдан ўтказганлик учун ҳақ олинмайди.

Маҳаллий GSM-операторлар тармоғида ўзининг мобил қурилмасидан фойдаланаётган абонентлардан уларга тегишли қурилмани рўйхатдан ўтказиш учун ҳеч қандай ҳаракатлар талаб этилмайди – рўйхатга олиш ҳаракатлари тизим оператори ва алоқа операторлари томонидан амалга оширилади.

“Янги тизим ИИВ, Давлат божхона қўмитаси маълумотлар базаси билан интеграция қилинади, бу контрафактни камайтириш имконини беради. Қолаверса, бундай тизимлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияда ҳам жорий этиляпти. Унинг ишга туширилиши билан телефон ўғирлаш ва уларни қўшни давлатларга олиб чиқиш пучга чиқади, сабаби улар “қора рўйхат”га тушади ва барибир ишламайди”, - деди у.

Ҳисобга олиш ва қурилмани рўйхатдан ўтказиш тизими қуйидагилардан фойдаланишни чеклашга имкон беради:

1) контрафакт қурилмаларни – яъни IMEI-коди қурилманинг ҳақиқий моделига мувофиқ келмайдиган қурилмани,

2) ўғирланганлик ёки йўқотганлик сабабидан “қора рўйхат”га кириб қолган қурилмани,

3) божхона назоратидан ўтмаган қурилмаларни.

Телефон сотиб олишдан аввал қурилма IMEI-коди мақомини тўғрилигини – uzimei.uz тизимининг расмий сайтида текшириб олиш тавсия этилади.

Ҳисобга олиш ва рўйҳатдан ўтказиш тизими, шунингдек, GSMA ассоциацияси билан ахборот алмашинувини ўрнатишга, қолаверса, ўғирланган ёки йўқолган абонент қурилмалари рўйхати алмашинувини йўлга қўйиш имконини беради.

Ҳозирги пайтда GSMA базасига 43 мамлакатнинг 118 та мобил оператори уланган. Бельгия, Чили, Коста-Рика, Кипр, Дания, Финляндия, Франция, Германия, Гана, Венгрия, Ирландия, Италия, Малта, Норвегия, Португалия, ЖАР, Швеция, Буюк Британия, Венесуэла шулар жумласидандир. GSMA билан ахборот алмашинуви бошқа мамлакатлар ҳудудида ўғирланган ёки йўқолган қурилмаларни ишлатишни чеклаш имконини беради. Айни пайтда, Ўзбекистон ҳудудида ва аксинча GSMA’га аъзо компаниялар тармоқларида Ўзбекистон Республикасининг «қора рўйҳати»га киритилган қурилмаларни ишлатишнинг имкони бўлмайди.

Мобил терминалларни ҳисобга олиш назорати тизими қуйидагиларга имкон беради:

Абонент қурилмаларидан фойдаланиш ёки ўғирланган қурилмалар билан боғлиқ жиноятларни олдини олиш ва аниқлаш.

Ўзбекистон Республикасига ноқонуний, контрабанда йўл билан абонент қурилмаларини олиб келинишини чеклаш.

Харидорларга абонент қурилмаларини сотиб олиш пайтида уларнинг мақомини текширишга, харид қилинаётган маҳсулот сифати ва сервис хизмати кафолатини таъминлашга ёрдам бериш.

Хавфсизлик талабига жавоб бермайдиган контрафакт абонент қурилмаларидан фойдаланишни камайтириш ҳисобига фуқаролар соғлиғи ҳимоялаш.

Контрабанда ва контрафакт абонент қурилмалари ноқонуний айланмасининг пасайиши ҳисобига телекоммуникация бозорида соғлом рақобатни таъминлаш.

Матбуот анжуманида муҳокама қилинган масалалар миллионлаб абонентлар учун ўта муҳимлиги сабабли Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш dазирлиги мутахассислари журналистларга мурожаат қилиб, аҳолини мобил алоқа қурилмаларини ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизимининг жорий этилаётгани юзасидан кенг хабардор қилишни сўрашди.

Ўз навбатида, Вазирлик 2019 йил мобайнида Ўзбекистон мобил алоқа абонентлари учун ноқулайлик туғилишининг олдини олиш ва аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида кенг тушунтириш ишларини йўлга қўяди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019