Юртимиз байроғи Олимпия ўйинларида доимо юқори ўринларда ҳилпираб турсин!

15:07 23 Июнь 2020 Сиёсат
310 0

23 июнь – Халқаро Олимпия куни 

Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик туйғуларини камол топтириш, шунингдек, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Натижада юртимиз вакиллари Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари, Осиё ўйинлари ва чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришмоқда, дунёда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори ва спорт салоҳияти янада ошмоқда.

Ҳар йили 23 июнда дунё бўйлаб Халқаро Олимпия куни (International Olympic Day) кенг нишонланади. Бу сана тарихига назар соладиган бўлсак, Олимпия куни лойиҳаси илк бор 1947 йилда Стокгольмда Халқаро олимпия қўмитасининг 41-сессиясида тилга олинган, орадан бир йил ўтиб, Сент-Морисда Халқаро олимпия қўмитасининг 42-сессиясида эса расман тасдиқланган.

1894 йил июнь ойида Парижда 12 мамлакат вакиллари иштирокида жисмоний тарбия муаммоларига бағишланган халқаро конгресс бўлиб ўтади. Айнан 23 июнь куни барон Пьер де Кубертен делегатларни Олимпия ўйинларини замонавий тарзда ташкил қилиш бўйича ишлаб чиқилган режа билан таништиради. Унга кўра, Олимпия ўйинларини қайта тиклаш, ҳар тўрт йилда ўтказиш ва мусобақаларга барча халқларни таклиф қилиш ғояси илгари сурилади. Конгресс томонидан унинг таклифини қабул қилинган. Шу сабабли «Олимпия куни» 23 июнь санасида кенг нишонлаш анъанага айланган.

Коронавирус пандемияси туфайли дунёда кўплаб тадбирлар, лойиҳалар қолдирилди. Яна кўплаб тадбир, анжуман, байрамлар онлайн тарзда ўтказиладиган бўлди. Хабарингиз бор, 2020 йилга белгиланган Олимпия ва Паралимпия ўйинлари 1 йилга кечиктирилди. Олимпия куни эса кўтаринки руҳда онлайн тарзда ўтказилмоқда.

Республикамизда ушбу тадбир бу йил ҳам Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ўзгача шукуҳда онлайн тарзда ўтказилиши кўзда тутилган. «Олимпия куни» тадбиридан кўзланган асосий мақсад – аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, каттаю, кичик қалбида жисмоний тарбия ва спортга бўлган меҳрни янада юксалтиришдан иборатдир.

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу байрам билан Олимпия ҳаракатига ўз ҳиссасини қўшаётганлар, жумладан, спорт мухлислари, мутахассис ва спортчиларимизни чин қалбимдан қутлайман. Сизларга сиҳат-саломатлик, шахсий ҳаётингизда ва албатта, спорт соҳасида янги ютуқларга эришишингизни тилаб қоламан. Юртимиз байроғи Олимпия ўйинларида доимо юқори ўринларда ҳилпираб турсин!

Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ,
Олий Мажлис Сенати
Ёшлар, маданият ва

спорт масалалари қўмитаси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?