Юртига муҳаббати бор одам давлат тилини ҳурмат қилади

17:20 20 Октябр 2018 Жамият
450 0

Бугун Ўзбекистонда ислоҳот деган тушунча ҳаётимизнинг, ҳеч бир истисносиз, барча соҳасидаги улкан ўзгаришларнинг мунтазам ҳаракатлантирувчи кучига айланганлиги бор ҳақиқат. Зотан, ушбу жараёнлар юртимиз тараққиётнинг тамоман янги босқичига кирганлигидан далолат бериб турибди. Албатта, буларнинг барчаси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан қабул қилинган мамлакатни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ифодасини топган кенг қамровли тадбирларнинг самарасидир.

Мамлакатимизда маънавий муҳитни юксалтириш, адабиёт, санъат ва маданият соҳаларини янада равнақ топтириш, миллий меросни асраб-авайлаш ва ҳар томонлама тарғиб қилиш, ижод аҳлининг меҳнатини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган тадбирлар фавқулодда муҳим ишлар эканлигини мамнуният билан таъкидламоқ жоиз. Шубҳасиз, уларнинг мазмун-моҳиятида она тилимизга, халқимизнинг бадиий тафаккурига, бадиий сўз қудратига адоқсиз эҳтиром мужассам.

Ифтихор билан айтмоқ лозимки, ўзбек тили Ер юзидаги энг кўҳна ва бой тиллардан, унинг ибтидоси эрамизнинг илк асрларига бориб тақалади. У қадимдан ёзув анъанасига соҳиб, ўзбек адабий тилининг асослари сўз мулкининг султони Алишер Навоий қаламидан шамойил ва расолик топган. Ўзбек тили ўзбек халқининг сийрату суратини, тафаккур ва тахайюл оламини, ақл кенгликларию қалб қатларини, қайғую қувончларини, ўтмишу бугунини борича акс эттирадиган, энг муҳими, шу тилнинг ўз воситаси ҳамда “ўз қўли” билан чизгиларига жо қилинган холис қиёфасидир. Бу қиёфа халқимизнинг кўп асрлик лисоний-тарихий тараққиёти жараёнларида, бетакрор маданий ва ақлий, адабий-бадиий дурдоналарида бўй кўрсатиб турибди. Дунё адабиётининг атоқли намояндаси Чингиз Айтматов “Авезов ҳақида сўз” номли мақоласида “Тил халқнинг автопортретидир”, деган беҳад теран образли гапни айтган. Ўзбек тили ўзбек халқининг автопортрети, беназир қиёфасининг мукаммал ва расо тасвири сифатида парваришу муҳофазага, эъзозу эҳтиётга, кўз қорачиғидек асрамоққа, янада камолот сари элтмоққа шоён муҳташам бойликдир.

Сир эмаски, ўзбек тили ўзининг узун ва ҳузунли тарихида не-не талотўпларни, оғриқли зуғуму тазйиқларни, писандсиз таҳқиру тақиқларни бошидан кечирмаган. Не-не сиёсатлар, мафкуралар бу тилнинг қадрини кам, қаддини хам қилиш қайғусида минг бир найрангларни ўйлаб топмаган. Аммо бу тил Навоий, Бобур, Огаҳий каби бир қатор улуғ сўз саркардалари, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат сингари миллат фидойилари, Ойбек, ўафур ўулом, Абдулла Қаҳҳор янглиғ сўз синчилари қаламининг қудрати билан у тўфонлардан самандардек саломат ўтган, нафақат саломат ўтган, балки туганмас меҳру маҳорат билан сайқал топган.

Юртимиз истиқлоли арафасида, 1989 йилнинг 21 октябрида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу Қонундаги ўша давр тақозосига кўра, қоидалаштирилган айрим нодуруст ҳолатларга унинг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган янги таҳририда барҳам берилди, Қонун истиқлол шартлари ва талабларига уйғунлаштирилди.

Бугун ўзбек тили ўзбек халқининг, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили, мустақил давлатнинг муқаддас тимсолларидан бири сифатида эмин-эркин тараққиёт йўлига тушиб олди, унинг сўз хазинаси бойиб, вазифавий услублари сайқаллашиб бормоқда. Дангал айтиш жоизки, ўтган ўттиз йилга яқин давр мобайнида ўзбек тилининг барча мулоқот жараёнларида ҳеч бир чекловсиз яшаши, ўрганилиши, такомил топиши учун қонунга мувофиқ тегишли расмий тадбирлар кўрилган. Табиийки, муайян бир тилга бўлган нописандлик ёки хусумат шу тил эгаси бўлган миллат вакилига оғир ботади, унинг ўзлигини оғринтиради. Мамлакатимиз — кўп миллатли. Шу маънода, турли миллатларнинг тилларига ҳам ҳурмат билан қаралиши қувонарлидир.Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, “бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.”

Юртимизда ҳозирги пайтда ўрта таълим еттита тилда олиб борилмоқда, бир қанча тилларда оммавий ахборот воситалари фаолияти йўлга қўйилган. Бинобарин, ўзбек тилининг давлат тили мақоми бошқа миллатга мансуб фуқароларимизга ҳеч бир малоллик келтираётгани йўқ, улар ўзбек тилига эҳтиром билан қарашмоқда.

Аммо, шуни ҳам таассуф билан қайд этмоқ зарурки, ҳали-ҳамон жамиятимиз аъзоларининг каттагина қисмида миллий сезги, она тилидаги нутқий маданият кўникмалари етарли даражада эмаслиги кўзга ташланиб қолади. Эҳтимол, шу ҳолат билан боғлиқдир, турли муассаса, идора раҳбарлари, катта-кичик ташкилотлар мутасаддилари имзолаётган хатлар, идоравий ёзишмалар ҳануз давлат тилида эмас, балки бошқа тилда ёзилмоқда. Қандай асос ёки важ келтирилмасин, бундай салбий ҳолатлар, қонунан давлат тили мақомидаги тилга нописандлик ёки, умуман, қонунга хилоф эканлигидан кўз юмиб бўлмайди. Тўғри, муайян зарурият ёки эҳтиёж билан ёзишма бошқа тилда олиб борилишига йўл қўйилади, лекин она тили айнан ўзбек тили бўлган икки раҳбарнинг бир-бирига бошқа тилда “нома” битиши истиқлолининг ёши чорак асрдан ошган давлатда ҳеч бир ўлчамга сиғмайди. Ҳар қандай кишининг раҳбарлик салоҳиятини шакллантирадиган омилларнинг аввалида ватанпарварлик туради. Ватанпарварлик туйғусини эса она тили севгиси, Ватаннинг давлат тилига ҳурмат тушунчаларидан тамоман айро ҳолда тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

Айрим телерадио каналлари бошловчилари нутқида сўз сезгиси, тил тиниқлиги бениҳоя ночор, мазмун-мантиқнинг тамоман зарарига “чиройли” сўзга кераксиз “ошуфталик” тасвир ва таъсирни бутунлай издан чиқариб юбориши кўзга ташланади. Масалан, касб қилмоқ билан кашф қилмоқнинг фарқига бормай, айтайлик, Қишлоқларимиз янги қиёфа касб этмоқда ўрнида Қишлоқларимиз янги қиёфа кашф этмоқда қабилидаги нодуруст жумла тузиш ёки ҳуда-беҳуда бошқа гапга қаҳат келгандай такрор ва такрор бир сўзни (мисол учун, офарин, баракалла, жуда яхши каби) қалаштириб ташлайвериш сўзловчининг билим ва нутқ малакасининг расолигидан далолат бермайди. Таассуфки, нони сўз бўлган кишиларнинг нутқидаги бу каби ноқисликлар жамиятдаги нутқ маданияти савиясига соя солиши табиий.

Қўшиқ тингловчи қалбини ичдан ишғол эта билмоғи учун, энг аввало, унинг матнидаги тил расо бўлмоғи зарур. Эътибор қилинса, бугун айрим қўшиқлар тилига асло тоқат қилиб бўлмайди. Санъаткор ўз қўшиғидан сўз сезгиси ўтмаслиги боис ўзи ҳузур қилгандай бўлаверади, лекин унинг бу ҳузури эшитувчига юқмайди, тил сезгиси тирик ва тийрак кишиларнинг энсасини қотираверади. Бир қўшиқчи “Асалим, қаймоғим, онам, Сизни шундай эркалайман-да, Сиз хиром айлаганда, Мен ёниб куйлайман-да” қабилидаги анчайин чала тил билан қўшиқ куйласа, тил ўзининг довдир ҳолатга тушганидан инграниши табиий. Онага нисбатан қўлланган сўзларнинг бежо эканлигига изоҳ ортиқча.

Тилимиз онамиздек мўътабар, муҳташам ва муҳтарам, унинг мунтазам камолу иқболи учун масъулиятни ҳар сонияда ҳис қилиб туриш ҳар биримизнинг бўйнимиздаги бурчдир. Ватанимиздаги жадал ва кўламли ислоҳотларнинг бугунги босқичида, маънавият ва маърифатни янада ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган бугунги паллада қонун мажбурияти билан эмас, балки миллий ўзлигимизнинг пойдорлигини таъминлаш заруриятини чуқур англаш эҳтиёжи билан она тилимизга муносабатда бўлиш, унинг яшаши ва тараққиёти учун имкон қадар барча саъй-ҳаракатда бўлиши зарур.
Низомиддин МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон Фанлар академияси
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори,
филология фанлари доктори, профессор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар