Юрт юкини кўтараётганлар...

19:35 30 Август 2019 Жамият
343 0

Мустақиллик тенгдошлари – ҳаётга дадил қадамлар биланкириб келаётганкуч! Эртанги кунни ўзгартира оладиган салоҳиятли раҳбар! Тенгдошларини иш билан таъминлаётган, узоқни кўра оладиган тадбиркор! Қонунчилик минбарларидан туриб, катта ислоҳотларни амалга ошираётган ислоҳотчи! Ўзбекистон билан улғаяётган келажак! Ана шундай ёшлардан бири Мирсаид Ҳайдаров. У Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментикатта терговчиси, капитан. Ҳали ёш бўлишига қарамайюрт юкининг бир учини кўтариб келаётган фарзанд.

- Мирсаид, суҳбатимизни талабаликдан бошласак, олий ўқув юрти Сизни қандай тарбиялади? Олтин даврда эришганларингиз...

- Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси йигитлар таълим олишни орзу қиладиган даргоҳ. Бу илм масканида ўрганганларим ҳаётим давомида асқотиб боряпти. Тартиб-интизомга қатъий риоя этиш, иродали, сабрли ва қатъиятли бўлиш, ностандарт вазиятларда тўғри қарор қабул қила олиш каби фазилатларни тингловчилик даврларим билан боғлайман. Гарчи нокамтарлик бўлса-да, айтиб ўтай, Академияда энг фаол тингловчилардан эдим. Жиноят ҳуқуқи ва информатика фанларидан ўтказилган олимпиадаларда умумакадемия босқичида ғолиб бўлганим эсимда. Эҳҳе, бу завққа тўла кунларни қайтариб бўлганда эди...

- Жуда масъулиятли касб эгасисиз. Ўзингизни касбига муносиб кадр деб ҳисоблайсизми? Касбингиз ҳаётингизда қанчалик муҳим ўринга эга?

- Ички ишлар органи ходими бўлиш мен учун ота касб. Биласизми, ота касбини давом эттириш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.Бу ҳам бир фахр. Отам Миржаббор Ҳайдаров 20 йилдан ортиқ давр мобайнида ички ишлар органларида хизмат қилган. Ҳозир нафақада.Ёшлигимда уларнинг мардлиги, чўрткесарлиги, ҳатто қадам ташлашларигача тақлид қилиб, тушларимгача кириб чиқарди. Шунинг учун отамга – дунёдаги энг мард одамга - ўхшашни хоҳлаганман. Кўриб турибсизки, мақсадимга эришдим.

- Мустақиллик тенгдоши сифатида эришган муваффақиятларингиз ҳақида ҳикоя қилиб берсангиз.

- Биласизми, мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтини муваффақиятли тамомладим.Гарчи ўқиш қисқа вақт давом этган бўлса-да, янги йўналишдаги янги билимларни ўзлаштирдим. Давлат бошқаруви, давлат иқтисодиёти ҳамда психологик бошқарув соҳаси билан чуқурроқ танишдим ва ўзимда лидерлик, бошқарувчилик қобилиятларини шакллантирдим. Буни нафақат мустақиллик тенгдоши сифатидаги, балки ҳаётимдаги энг катта ютуқларимдан бири деб ҳисоблайман. Чунки илм умрбоқий бўлади, дейишади-ку.

- Ёшлар ўртасида турли хил жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ҳозирда кўплаб тадбирлар, тарғиботлар, рейдлар ташкил этиляпти. Лекин натижа сезиларли даражада эмас. Мутахассис сифатида бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

- Бу фикрингизга тўлиқ қўшила олмайман. Сабаби, бугунги кунда ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг сезиларли даражада камайишига эришилди. Бироқ биз бу билан чегараланмаслигимиз, барча турдаги, айниқса, ёшлар жиноятчилигини жиловлашимиз, олдини олишимиз зарур. Менинг фикримча, мазкур жиноятларнинг содир этилишига аксарият ёшларнинг давлатимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланмай, бўш вақтларини қўшимча таълим олишга, фойдали меҳнатга эмас, аксинча бекорчи ишларга сарфлаётганлиги, аксарият ота-оналарнинг фарзанди тарбияси устидан назоратни сусайтириб юборганлиги, уларга кам вақт ажратиб, тақдирига бефарқ бўлаётганлиги, қолаверса, таълим муассасалари билан ота-оналар ўртасидаги ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги каби омиллар сабаб бўлмоқда.

- Иш ва оилани мувозанатда ушлаб туриш сиз учун қанчаликосон?

- Албатта, оиланинг боши бўлиш катта масъулият талаб этади. Чунки оила аҳиллиги ва фарзанд тарбияси оилабошига боғлиқ. Шу сабабли ҳам турмуш ўртоғим ва фарзандимга имкон қадар кўпроқ вақт ажратишга, улар билан ҳамсуҳбат бўлишга ҳаракат қиламан. Фарзанд тарбиясига келсак, қизим билан дўстона муносабатдаман. Уни дунёни энг тоза рангларда кўришини хоҳлайман. Хуллас, мендан қаттиққўл ота образини яратиш анчагина мушкул.

Иш ва оилани бир мувозанатда сақлаш, албатта, қийин. Бунинг учун анчагина тажриба ҳам керак, назаримда. Ота-онамнинг ибратли ҳаёти эса мен учун ўрнак. Отамнинг оила бошқарувидаги “сиёсати”ни ўзлаштирган ўғил сифатида ўша қоидаларга суяниб иш кўраман. Турмуш ўртоғим ҳам ички ишлар органларида хизмат қилгани сабабли хизмат фаолиятидаги тартиб-интизом ҳамда олдимизга қўйилган вазифаларни тўғри тушунган ҳолда оилада менга кўмакдош бўлишга ҳаракат қилади.

- Мирсаид, мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Гўзал ОХУНОВА суҳбатлашди

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?