Юқори технологияга асосланган инновацион тузилма

14:55 05 Май 2020 Иқтисодиёт
563 0

Кластер элга манфаат келтиради, одамларни иш билан, даромад билан таъминлайди. Энг катта мақсадимиз мана шу.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат МИРЗИЁЕВнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан

Бугунги кунда иқтисодиётимизнинг кўплаб соҳалари, айниқса, қишлоқ хўжалигида иш юритишнинг янгича шакли — кластер усули тобора оммалашмоқда. Айни шу йўсинда фаолият юритаётган субъектлар амалиётда қўллаётган янгиликлар, қўлга киритаётган ютуқлар таҳлили кластерлар соҳада туб ўзгаришлар ясаб, уни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ишонч уйғотмоқда. 

Хўш, кластернинг афзаллиги қандай? 
Улар эришаётган муваффақиятлар сири нимада?  
Аввало, шуни айтиш жоизки, кластерлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. У иқтисодий ривожланиш, ихтисослашувлар тақсимоти ва ишлаб чиқариш кооперацияси жараёнида чуқур стратегияга таянилган ҳолда юзага келган инновацион тузилмадир. АҚШдаги мамлакат электроника ва ҳисоблаш техникаларининг қарийб ярми жамланган Силикон водийси, Калифорниядаги дунёга машҳур узумчилик ва виночилик кластери бунга ёрқин мисолдир.
Европа комиссияси 2006 йилдаёқ кластерларга эътиборни кучайтириш ғоясини илгари суриб, шундай мурожаат қилган эди: “Кластернинг бир қисми бўлиш бизнесда устунликка эришиш гаровидир. Кластерлар бизнес, тадқиқотлар ва ресурслар ўртасидаги бўшлиқни тўлдиришга ёрдам беради. Шундай қилиб, бозорга ҳам тез суръатларда билимларни етказади. Муваффақиятли кластерлар интенсив рақобат билан бир вақтнинг ўзида ҳамкорликни тарғиб қилади. У маҳсулдорликни кўпайтиради, инвестицияларни жалб этади, ¬тадқиқотларни илгари суради, саноат базасини кучайтиради, махсус маҳсулотлар ва хизматларни ишлаб чиқади ҳамда малака ошириш пойдеворига айланади”.
Европадаги минтақавий сиёсат дастурида нафақат илғор шаҳарлар, балки нисбатан камбағал қишлоқ жойларида ҳам ҳудудий инновацион кластерларни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қарати¬лаётганининг боиси ҳам шунда. Хусусан, кўҳна қитъанинг қатор мамлакатлари ўзларининг инновацион дастурларини шакллантиришда ҳамон кластер усулидан самарали фойдаланмоқда. Зеро, қаердаки ишлаб чиқариш техникаси ва технологияларини юксалтириш асосида янги бозорларга чиқиш зарурати ёки имкониятлари мавжуд бўлса, айнан ўша ерда илм ва амалий самарага асосланган кластерлар яратилади. Давлат ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан олиб бориладиган кластерлаштириш жараёнлари эса юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, инновацион жараёнларни фаоллаштиришга туртки беради. У хом ашёни комплекс қайта ишлаш, тежамкор технологияларни қўллаш, ихтисослашув ва кооперация даражаларини чуқурлаштиришни таъминлайди. Бу эса кластер таркибига кирадиган корхоналар маҳсулотлари ҳамда хизматларининг миллий ва халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини оширади. Юртимизда ҳам ҳудудлар иқтисодиётини кўтариш, чекка ҳудудларга саноатни олиб кириш мақсадида қишлоқ хўжалиги тармоқларида кластерлар ташкил этилаётгани эътиборга моликдир.

Иқтисодий сиёсатга ишонч кучаймоқда
Президентимиз ташаббуси билан дастлаб Бухоро вилоятида пахта-тўқимачилик кластерига асос солинган бўлса, эндиликда ушбу усул республикамизнинг деярли барча ҳудуди соҳаларини қамраб олмоқда. Чунки у пахтачилик, ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, балиқчилик тармоқларида ҳам ўзини оқламоқда.
Кластер назариясини яратганлардан бири М. Портернинг сўзларига кўра, маҳаллий кластерлар куч-қудрати, улардаги инновацияларнинг яшовчанлиги ва ранг-баранглиги ҳудудий иқтисодий тараққиёт тақдирини кўп жиҳатдан белгилаб беради. “Ҳудудлардаги ойлик иш ҳақлари бўйича фарқ кластерларнинг ривожланиш суръатларини ўзида акс эттиради. Бундай хулоса ҳудудий сиёсатнинг асосида ётиши керак”, дейди у. Демак, Ўзбекистонда ҳам ҳудудий агросаноат кластерлари кўпайиши жамиятда иқтисодий сиёсатга нисбатан ишонч ҳиссини янада кучайтиради.
Тан олишимиз керак, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги узоқ муддат эски қолипларда қолиб кетди, соҳага янгича ёндашувлар, ноу-хаулар деярли татбиқ этилмади. Имкониятларидан самарали фойдаланмаслик оқибатида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари тушиб кетди. Хом ашёни сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш билан шуғулланувчи бозор субъектлари ўртасидаги ўзаро ҳуқуқий-иқтисодий муносабатларга, фаолият самарадорлиги ва рақобатбардошлик кўрсаткичларига жиддий путур етди, фермерларда ерга эгалик ҳисси йўқолди, қишлоқ меҳнаткашларининг моддий манфаатдорлиги, келажакка ишончи пасайди.
Фақатгина кейинги йилларда соҳага янги нафас олиб кирилиб, клас¬терлар пайдо бўлгач, деҳқон ва саноатчиларнинг манфаатлари муштараклашди, етиштирилаётган хом ашёни чуқур қайта ишлаш “занжири” вужудга келди. Давлат, бизнес ва меҳнаткашлар бирлашган жойда эса фақат халқ ютади, жамият равнақ топади, ҳар қандай мураккаб синовларни енгиб ўтиш анча осонлашади, ҳатто бугун ҳаммани хавотирга солаётган “тождор” вирус пандемияси келтириб чиқарган инқироз ҳам чекинади.
Юртимизда глобал инқироз оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт ҳажмини ошириш, ишсизликка қарши курашишда айнан қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш, айниқса, бу борада кластер механизмларини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор берилаётир. Мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробар ошириш вазифаси қўйилмоқда. Буни тўла-тўкис бажаришда эса мева-сабзавотчилик ва узумчиликда кластер географиясини кенгайтириш жуда катта роль ўйнайди. Жиззах вилоятида фаолият юритаётган “Jizzax organic” агросаноат кластери COVID-19 пан¬демияси шароитида аҳолига сифатли қишлоқ хўжалиги товарлари, жумладан, гўшт ва сут маҳсулотларини мақбул нархларда етказиб бераётгани нафақат нархлар барқарорлигини ушлаш, балки кластер ҳар қандай вазиятда ҳам халқнинг оғирини енгил қилишга қодир эканлигини амалда исботламоқда.

Салоҳиятдан нечоғли фойдалана оляпмиз?
Машҳур ирланд ёзувчиси Жонатан Свифт “Аҳоли ҳаёти ва фаровонлиги учун зарур бўлган унумдор тупроқ ҳар қандай мамлакат гуллаб-яшнашининг бирламчи сабабидир”, дея таъкидлаган эди. Кластер тизими эса адиб қарашидан фарқли равишда шўрланган, лалми ерларни ҳам ўзлаштириб, уни даромад манбаига айлантира олишга қодирдир. Шу боис бугун дунё тажрибасида ўзини оқлаган “маҳсулот етиштириш — йиғиштириб олиб, сифатли сақлаш — чуқур қайта ишлаш — қўшимча қиймат яратиш — экспорт” “занжири”га асосланган агрокластерлар сонини кўпайтириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бинобарин, юртимиз агрокластерлар, хусусан, мева-сабзавотчилик ва узумчилик кластерларини равнақ топтириш учун катта салоҳиятга эга. Ундан оқилона фойдаланиш ишлаб чиқарувчиларга қатор устунликлар беради. Негаки, бундай кластерлар рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаш орқали ташқи бозорларга чиқиш имкониятини яратиб берибгина қолмай, балки замонавий агротехнологияларни жорий қилиш туфайли ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришга ҳар томонлама кўмаклашади.
Корхоналар ва фирмалар учун нисбатан таннархи арзон, сифати юқори, маҳсулотларни тайёрлаб, яхлит агрологистик тизимда бир хил технологик режимда ташқи ва ички бозорларга етказиб беришдек устунликка эга бўлади. Агрокластер тизимидаги барча корхоналарга ноу-хауларни тез тарқатиш имконияти ҳудудларнинг инновацион салоҳияти ортишида айни муддаодир. Натижада у ҳудудларни тараққий эттириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш орқали давлатнинг рақобатбардошлик индексларини кўтаришга замин яратади. Бу эса, ўз навбатида, хорижий инвестицияларни жалб қилиш имкониятини ошириб, қишлоқларни саноатлаштириш, замонавий қувватларни барпо этиш жараёнларини тезлаштиради. Бунга хориж тажрибаси яққол мисолдир. Масалан, Германия, Франция, Италия, Болгария, Греция, Нидерландия, Буюк Британия, Швейцария, Дания каби Европа давлатларида ҳам юқори технологияли мева-сабзавотчилик, узумчилик кластерлари иқтисодиётнинг таянч устунига айланган. Франциянинг Монпелье шаҳрида 1986 йилда ташкил этилган “Агрополис” уюшмаси, айниқса, дунёга машҳур. У Европа ва жаҳон технология ҳамда инновация бозорларида етакчилик қилаётган бўлса, ёпиқ грунтда, яъни иссиқхонада деҳқончилик, боғдорчилик ва сабзавотчилик қилиш жабҳасида Буюк Британиядаги инновацион агросаноат кластери — Стокбридж технологик марказига бугун тенг келадигани йўқ.
Австрияда ҳам кластерларни ихтисослаштириш, агросаноат ва илмий-тадқиқот корхоналарининг ўзаро алоқаларини рағбатлантириш, инновация дастурларини бошқариш тартибидаги тўсиқларни камайтириш ҳамда рақобатбардош марказларни шакллантиришга кўпроқ аҳамият берилмоқда. Дания қишлоқ хўжалигида чорвачилик деҳқончиликка қараганда устувор аҳамият касб этади. Хусусан, сут маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган “Сутли вертикал” кластери дунёда тан олинган.
Эътироф этиш жоиз, озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар кўпайиб бораётган бугунги синовли даврда айнан агрокластерлар барча иштирокчиларни давлат ва хусусий шериклик механизми асосида мураккаб вазиятдан талафотларсиз олиб чиқиш, қишлоқ хўжалиги ва саноатни ривожлантириш имкониятларини кенгайтиради.

Муваффақиятли модель янги бозорларни очмоқда
Ўзбекистонда кластер усули нафақат пахтачилик, балки мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоқларида ҳам синовдан муваффақиятли ўтяпти. Натижада 2019 йилда мева-сабзавотчилик кластерлари сони 66 тага етказилиб, уларга жами 18,9 минг гектар ер майдони ажратиб берилди. Самараси қандай бўлди, дерсиз. 133 та лойиҳа ¬доирасида 597 та қайта ишлаш корхонаси томонидан жами 2 млн. 107,6 минг тонна маҳсулот қайта ишланди. Умумий қиймати 1 млрд. 250,4 млн. долларга тенг бўлган 
1,4 млн. тонна (2018 йилдагига нисбатан 113 фоиз кўп) маҳсулот, 589,4 минг тонна сабзавот, 
296,1 минг тонна мева, 38,7 минг тонна полиз маҳсулотлари, 
187,8 минг тонна узум, 170,8 минг тонна дуккакли ва мойли экинлар маҳсулотлари, 121,3 минг тонна қуритилган мева ва сабзавотлар, 
3,1 минг тонна кўчатлар экспорт қилинди. Бунда Словакия, Бразилия, Жазоир, Исроил, Венгрия, Гонконг, Кувайт, Греция, Мўғулистон, Марокаш, Австралия, Босния ва Герцеговина, Франция, Канада, Қатар каби ўнлаб давлатларда янги бозорлар ўзлаштирилгани, айниқса, қувонарлидир.
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида кластерларни янада ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб, жумладан, шундай деган эди: “Мева-сабзавот, шоличилик, чорвачилик ва ипакчилик каби бошқа тармоқларда ҳам бугунги кун талабига жавоб берадиган кластерларни ташкил этиш ишларини давом эттирамиз. Бу йил 2 миллиард долларлик, кейинги 5 — 7 йилда эса бундан 3-4 баробар кўп мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун маҳсулот етиштиришни кескин кўпайтириш чораларини кўриш зарур. Парламентимиз, ушбу ислоҳотларимизнинг ҳуқуқий асоси бўлган “Кооперация ва кластерлар тўғрисида”ги янги қонунни тезроқ қабул қилса, ушбу катта режа ва ниятларимизга мос иш бўлур эди. Бу йил мева-сабзавотчилик, узумчилик, уруғчилик, чорвачилик, агрологистикани ривожлантириш, сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, илмий тадқиқот ишлари, соҳа учун малакали кадрларни тайёрлашга 3 триллион сўм маблағ йўналтирамиз. Чорвачилик, қоракўлчилик, балиқчилик, паррандачилик каби соҳаларда наслчиликка алоҳида эътибор қаратилиб, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари татбиқ этилади”.
Айни чоғда ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалла майдонлари ўрнига мева-сабзавот ва озуқа экинларини етиштириш кенгайтирилади. Хусусан, маҳсулот ҳажмини ошириш учун жорий йилда 
124 минг гектар оборотдан чиққан ерлар тўлиқ ўзлаштирилади. Етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари нобуд ва исроф бўлишига йўл қўймаслик, уларни сифатли қайта ишлаб, ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш, фермер ва ¬деҳқонларнинг манфаатдорлигини ошириш борасидаги ўрганиш ва изланишлар жадал давом эттирилади. Шулар билан бир қаторда, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини 2,5 млрд. долларга, яқин уч йилда эса 5 млрд. долларга етказиш мақсади қўйилган. Бунинг учун Испания, Нидерландия, Польша, Греция, Туркия, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Вьетнам, Индонезия каби давлатларнинг энг илғор тажрибалари кенг қўлланилмоқда.
Жойларда кластерлар фаолиятини самарали ташкил этишга вилоятлар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари шахсан масъул этиб тайинлангани эса уларни ҳудудларга экспортбоп экинларни жойлаштириш, зарур уруғлик, кўчат, минерал ўғит, ёнил¬ғи масаласини ҳал қилиш ва уларнинг таъминотини тизимли йўлга қўйишда айни муддаодир. Ўз нав¬батида, Марказий банк ва тижорат банклари раҳбарларининг ўринбосарларидан бири мева-сабзавотчилик кластерларини айланма маблағлар билан таъминлаш ва улар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштиришга масъул қилингани ҳам кўп нарсани англатади.
Буларнинг барчаси ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда бозор тамойилларини, фан ва техниканинг илғор ютуқларини жадал жорий этиш, экологик тоза ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш орқали деҳқонлар даромадини кўпайтириш борасида олиб ¬бораётган тизимли ислоҳотларни сифат ҳамда кўлам жиҳатидан янги босқичга кўтаради.

Энди орқага йўл йўқ
Белгилаб олинган устувор вазифаларга эришишда, айтиш мумкинки, мева-сабзавот ва узумчилик кластерлари энг яқин кўмакчига айланиши, шубҳасиз. Зеро, ҳисоб-китобларга кўра, 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хом ашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш имконияти мавжуд.
Тўғри, бу йилги мавсум деҳқончилик ва боғдорчилик учун бир оз ноқулай келди. Мевали дарахтлар ҳосил кўрсатиб, ток ва ёнғоқлар айни гуллаган пайти ҳарорат пасайиб, қор ёққани ҳосилга маълум миқдорда зиён етказди. Аммо тадбирли одамлар учун  бу катта синов бўлиши баробарида, кенг имкониятлар ҳамдир. Шунинг учун табиат инжиқликларига қарамай, агротехника тадбирларини сифатли ўтказаётган боғбону деҳқонлар ҳосил салмоғидан кўнгли тўқ. Шу кунларда юртимизда кўкат, помидор, бодринг, гилос ва ўрик тарозига тушиб, пишиқчилик мавсуми бошланди. Агар экспортнинг 
60 — 70 фоизи ушбу маҳсулотлар улушига тўғри келишини, бундан айнан кластерлар яқин дастёрга айланганини инобатга олсак, аграр соҳадаги ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётганини кўриш мумкин. Зеро, Президентимиз айтиб ўтганидек, “Бу йил қишлоқ хўжалигида катта ислоҳотларни бошлаяпмиз. Ҳокимлар бу маса¬лани чуқур тушуниб, ичига киришлари шарт. Энди орқага йўл йўқ. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини эркинлаштирмасак, манфаатдорликни оширмасак, иқтисодий ўсиш ва самарадорликка эришиб бўлмайди”.
Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғига кластерларни жорий этиб, тармоқларни -ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ана шундай руҳда изчил давом эттирилаверади.
Муҳаммадали САИДОВ,
Тошкент давлат аграр университети
Агрологистика кафедраси мудири, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?