Юқори ҳосилдорликка қандай эришиш мумкин?

18:11 06 Сентябр 2020 Кластер
723 0

Эътироф этишларича, кейинги пайтда Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида деҳқончилик маданияти тубдан ўзгарди. Аграр соҳа мутахассислари, тажрибали олимлар буни қишлоқ хўжалигида иш юритиш ва маҳсулот етиштиришнинг кластер усулига ўтилгани билан изоҳлашмоқда. Чунки тумандаги мавжуд экин майдонлари “TCT Cluster” кластери ихтиёрига берилгач, зироат кушандаси бўлган ажриқдан буткул тозаланиб, пахтачиликда яқин 10-15 йил ичидаги энг юқори натижага эришилмоқда. Бундан ташқари, ҳар бир агротехника тадбири илмий асосда олиб борилиб, мавжуд сув йўллари, ариқлар, ирригация-дренаж тармоқлари мунтазам тозаланаётгани туфайли ғаллачилик ва шоличиликда ҳам мўл ҳосил олинмоқда.

Кластер жамоаси томонидан жорий мавсумда бажарилган ишлар таҳлили, кузги тадбирлар муҳокамасига бағишлаб ташкил этилган йиғилишда шу каби муваффақиятлар яна бир карра эътироф этилди. Унда “TCT Cluster” кластери раҳбарияти, кластер қошида ташкил этилган Илмий марказ ҳамда Илмий-техник кенгаш аъзолари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар алоҳида таъкидлаганидек, охирги икки йилда кўплаб ютуқлар қўлга киритилган бўлса-да, ҳали олдинда бажарилиши керак бўлган ишлар ҳам бир талай. Уруғчилик улар орасидаги энг долзарб масалалардан биридир.

— Бир қанча хорижий давлатларда ғаллачилик ва шоличиликда ҳосилдорлик 80-100 центнерни, пахтачиликда эса бу кўрсаткич 50 центнердан юқорини ташкил этади, — дейди “TCT Cluster” кластери раҳбари, сенатор, иқтисодиёт фанлари доктори Муртазо Раҳматов. — Ваҳоланки, бизнинг тупроғимиз унумдорлиги, экин майдонларининг сув билан таъминланганлик даражаси уларникидан асло кам эмас. Бироқ уруғчилик масаласида илм-фанга, илғор тажрибаларга катта эҳтиёж сезилмоқда. Шунинг учун селекционер олимларни кластерга жалб этган ҳолда, истиқболли навларни синаш, ҳудуд тупроқ-иқлим шароитига мосларини чуқур ўрганиш ниятидамиз. Бу нафақат пахтачилик, ғаллачилик ва шоличилик йўналишларини сифат жиҳатидан ривожлантиришда, балки такрорий экинларни жойлаштиришда энг мақбул зироат тури ва навини танлашда ҳам қўл келади.

Анжуман иштирокчилари уруғчилик йўналишида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш учун кластер қошида уруғчилик мини заводи ташкил этиш ташаббусини илгари суришди. Бу эса кластер раҳбарияти ва Илмий марказ томонидан маъқулланди.

Тажрибаларнинг кўрсатишича, экин майдонларининг текислиги ҳам ҳосилдорликка 30 фоизгача таъсир қилар экан. Агар ер нотекис бўлса, озуқани, ҳатто қор-ёмғир сувини ўзлаштиришда кескин фарқ кузатилиб, оқибатда бир майдондаги экинларнинг ривожи бир-биридан 10-15 кунгача ортга қолиб кетади. Шунинг учун кластерда ерларга лазерли текислагичларда ишлов бериш йўлга қўйилди. Бунинг учун хориждан тўртта махсус техника ва механизмлар келтирилди.

— Кузги шудгорни кечиктирмасдан ўтказиш, ерни тобига келтириб текислашда ҳикмат кўп, — дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Шерали Нурматов. — Шудгорда ернинг ҳайдов қатламига эътибор бериб, икки ярусли плугда тупроқ 40 сантиметр чуқурликда ағдарилса, далалар бегона ўтларнинг 80 фоизидан тозаланади. Шунингдек, бу жараёнда «тупроқ хамиртуриши»ни солиш ҳам ёддан чиқмаслиги керак. Яъни кузги ҳайдов пайтида ерга фосфорли ўғитлар йиллик меъёрининг 70 фоизини, калийли ўғитларнинг эса 30 фоизини солиш керак. Афсуски, кейинги пайтда ҳамма ҳам бу тавсияларга амал қилмаслиги туфайли тупроқ унумдорлиги пасайиши, ҳосилдорлик камайиши кузатиляпти.

Йиғилишда энг катта бойлигимиз бўлган ер қийматини белгилаш, экин майдонларининг ҳар бир контур кесимида паспортини яратиш, шунингдек, Қуйи Чирчиқ тумани имкониятларидан келиб чиқиб, алмашлаб экишни тизимли йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди. Бу борада илм аҳли ва амалиётчиларнинг қарашлари ва фикри бир хил бўлиб чиққани эътиборга моликдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?