Юксалаётган Сирдарё. Вилоят ҳокими билан бугунги ўзгаришлар, келгуси режалар ва мақсадлар ҳақида интервью

15:19 21 Февраль 2019 Жамият
909 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё ­вилоятига кўклам арафасидаги ташрифи ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ­янада катта янгиланиш, юксалиш баҳорини келтирди, десак, ­муболаға бўлмайди. Зеро, ташриф доирасида давлатимиз ­раҳбари томонидан берилган топшириқлар ўн йиллар давомида иқтисодий имкониятлари деярли аграр соҳа билан чекланган вилоятнинг яқин вақтларда мамлакатимизнинг йирик индустриал манзилларидан бирига айланишидан мужда беради.

Мухбиримиз вилоят ҳокими Fофуржон Мирзаевдан Президент томонидан белгиланган вазифалар ижроси, амалга оширилаётган кенг кўламли ­ўзгаришлар хусусида эксклюзив интервью олди.

— Fофуржон Fаниевич, очиғи, биз, журналистлар бундан икки-уч йил аввал Сирдарёнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ­янгиликлар топишда қийналар эдик. Бугун эса, муболаға эмас, кунда-кунора бир неча хушхабарни эшитамиз ва ҳатто уларнинг барчасини ёритишга улгурмай ҳам қоляпмиз...

— Эътироф учун раҳмат, аммо мамлакатимиз ҳаётида рўй ­бераётган мислсиз янгиланишлар олдида бизнинг вилоятда бажарилган ишлар ҳали денгиздан томчидек гап, деб ўйлайман. Шу маънода, Президентимизнинг ҳар бир раҳбар, ҳар бир юртдошимиз руҳиятида фаолиятидан қониқмаслик, шахсий жавоб­гарлик масъулияти қарор топиши юксалишнинг энг асосий ­мезони экани ҳақидаги талабини келтириш ўринлидир.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ўтган йилги ташрифи чоғида вилоятимиз аҳолисининг ҳамжиҳатлигига “Сирдарё — юртга, Ватанга садоқат намунаси” дея юксак баҳо бергандилар. Ва бу таъриф сир­дарёликларни жуда шодлантирганди. ­Шубҳасиз, нимагаки эришган бўлсак, уларнинг барчаси — ­Юртбошимизнинг Ўзбекистонимиз равнақи йўлидаги илғор ғоялари, ­ташаббуслари ва шахсий ­ибратларидан илҳомланган халқимизнинг бир ёқадан бош чиқариб, эртанги кунга ишонч билан ҳаракат ­қилаётгани самарасидир.

Вилоят ҳокими сифатида учинчи йилги фаолиятимдан келиб чиқиб, айта оламанки, қайсики раҳбар — хоҳ у корхона, хоҳ туман ёки вилоят ташкилоти етакчиси ёки ­депутат бўлсин, халқ ичига кириб, одамлар билан яқин мулоқотга киришиб ишламас экан, масалалар ечимида муаммоларга дуч келаверади.

Яна бир жиҳат шуки, оддий кишилардан ҳам раҳбар учун фойдали таклифлар эшитиш мумкин бўлади. Негаки, бугун юртдошларимизда Ватан равнақига дахлдорлик ҳисси ва шахсий масъулият туйғуси тобора кучайиб бормоқда. ­Президентимизнинг одамлар дунёқарашини ўзгартириш, эртанги кунга бўлган ишончини ошириш, тараққиётга ҳисса қўшиш иштиёқини қўллаб-қувватлаш, ҳар бир инсоннинг ҳаётдан, давлатдан рози бўлиб яшашини таъминлаш борасидаги ғояларини амалда татбиқ этиш йўлида эришган энг катта ютуғимиз ҳам мана шу, албатта.

— Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан республикамизнинг турли ҳудудларида кластер йўналишида истиқболли лойиҳалар амалга ошириляпти. Шундан келиб чиқиб, айтинг-чи, ­кластер бўйича Сирдарё ­тажрибасини қандай тасаввур қиласиз?

— Кластер тажрибаси бўйича ­тасаввур давлатимиз раҳбари куни кеча ташриф буюрган Мирзаобод ­туманидаги “Бек кластер” қўшма корхонасининг ўтган йилги натижаларидаёқ намоён бўлди. Яъни ­ишлаб чиқаришнинг мазкур замонавий ­занжир усули туфайли қайд этилган биринчи ижобий кўрсаткич шуки, корхона ихтиёрига берилган майдонлардан аввалги йиллардагига ­нисбатан 7 центнердан кўп ҳосил олинди. Бунга, аввало, ернинг ­унумдорлигини ошириш ва вегетация жараёнида илмий ҳамда инновацион ёндашувлар асосий мезон бўлди. Энг муҳими, кластернинг ҳар бир аъзоси пировард-натижа мўмай даромад келтиришини тўлиқ ­англади. Яъни буни ҳосил етиштирувчидан уни тайёр маҳсулот ҳолига келтирувчигача бўлган мустаҳкам ришта-занжир, деб тасаввур қилиш мумкин.

Албатта, вилоятимизда кластер усулини қўллаш фақат агросаноат соҳаси билан чекланмайди. Дейлик, ҳозир “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасида фармацевтика йўналишидаги кластер пайдо бўлмоқда. Ҳали чет эл инвесторлари билан ҳамкорликда бошқа соҳаларда ҳам ана шундай ишлаб чиқариш тузилмаларини ташкил этиш лойиҳаларимиз бор.

Шу билан бирга, кластерлар учун мутахассислар тайёрлаш ҳам мўлжалланганки, Президентимиз қўллаб-қувватлаган “Бек кластер”да давлат-­хусусий шериклиги асосида очиладиган коллеж бу борада қалдирғоч таълим муассасаси бўлади.

— Яна бир жиҳат, Сирдарёда иссиқхоналар ташкил этиш кенгайиб боряпти. Уларга айнан гидропоника усулини тўлиқ жорий этиш учун қандай чора-тадбирлар ­ишлаб чиқилган?

— Аввало, гидропониканинг Сирдарё вилояти ер шароити учун нечоғли аҳамиятли ва зарурлигини айтиб ўтсам. Биласиз, ҳудудимизда экин майдонларининг шўрланиш даражаси юқори. Ҳатто минглаб гектар ерлар неча йилдирки, яроқсиз ҳолга келиб, бекор турибди. ­Юртбошимиз бевосита танишган “Gran Ruta De La Seda” корхонасининг 9 гектарлик иссиқхонаси айни ўта шўрланган майдонда барпо этилди. Яна “Бек кластер” томонидан Гулис­тон ва Янгиер шаҳарлари оралиғидаги йўл ёқасидаги абгор ҳолда ётган ерда ҳам ана шундай йирик иссиқхона қурилди. Шу корхонага қарашли Тошкент — Термиз автомагистрали четидаги 35 гектарлик гидропоника усулидаги иссиқхона эса ўтган йили фойдаланишга топширилган эди. Бундай деҳқончилик хўжаликлари янада кўпаяди. ­Президентимиз топшириғига биноан, уларда етиштириладиган маҳсулотлар ассортименти ҳам ранг-баранг, энг муҳими, ташқи бозор талабига мос бўлади. Масалан, Мирзачўл қовунини плёнка остида етиштириб, Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги брендларидан бирига айланган ушбу полиз маҳсулотининг қишки экспортини ҳам йўлга қўйишни белгилаб олдик. Яна гидропоникада тупроқ ўрнини босувчи кокос чириндисини маҳаллий шароитда бамбук ўстириш орқали ҳосил қилишни мўлжаллаб турибмиз.

— Ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурига кўра, яна қандай инновацион лойиҳалар амалга ошири­лади?

— Дарвоқе, бажарилиши белгиланган лойиҳалар вилоятнинг турли туман ҳамда шаҳарларини қамраб олганлиги узоқ ва чекка ҳудудларга ҳам саноатнинг кириб келишига, пировардида, энг аввало, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Масалан, “Сирдарё универсал ойна” корхонаси томонидан кластер усулида амалга оширилаётган лойиҳалар аҳоли зич жойлашган Сирдарё туманида бўлса, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан “Samsung Engineering” компанияси билан ҳамкорликда Янгиер шаҳрида йирик аммиак ва карбамид заводи қурилади. Саноат ишлаб чиқариши мундарижасига инвестиция маблағлари асосида ташкил этиладиган фармацевтика, тўқимачилик, элек­тротехника маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ҳам қўшилади.

Сирдарё вилоятининг мамлакатимиз энергетика соҳасидаги ўрни Фарҳод ГЭСини модернизация қилиш, Сардоба сув омбори қошида кичик ГЭС қуриш лойиҳалари билан янада оширилади. Яна яқин вақт ичида “Сирдарё голден фрутс” масъулияти чекланган жамиятининг кўп тармоқли логистика маркази ­фаолият бошлайди. Шунингдек, мамлакатимизнинг Хитой, Италия ва Қозоғистон давлатларидаги элчилари иштирокида вилоятга тўғридан-тўғри хориж инвестицияларини жалб этиш, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва экспорт ҳажмини юксалтириш бўйича тақдим қилинган истиқболли лойиҳалар ҳам воҳанинг турли ҳудудларига жойлаштирилади. “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти томонидан жами 4 минг 200 дан ортиқ иш ўринлари яратиш имконини берадиган 32 та тикувчилик мажмуаси эса бутун вилоят ҳудудини қамраб олади.

Жойларда кўплаб иш ўринлари ташкил этилишини таъминловчи паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик, уруғчилик ва узумчиликни ривожлантириш ҳам устувор вазифа бўлиб қолади. Бугунги кунда долзарб масалага айланаётган суғоришнинг тежамкор технологияларини жорий қилиш, ер майдонларини қайта ўзлаштириш, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури бўйича ­аҳолининг томорқадан самарали фойдаланишига эришиши юзасидан ҳам бир неча лойиҳалар амалга ­оширилмоқда.

Очиғи, Президентимиз таъкидлаганидек, ҳали ҳудуднинг саноат ва хизмат кўрсатиш салоҳиятидан тўлиқ фойдалана олмаяпмиз. ­Қишлоқларда саноат деярли йўқлиги ҳам бор гап. Шу боис махсус ишчи гуруҳ ўрганишлари натижасида қишлоқ жойлари учун 342 та ўрта ва йирик инвестиция лойиҳаси ­дастури ишлаб чиқилгани бу ­борадаги аҳволни тубдан яхши­лаши, шубҳасиздир.

— Бир вақтлар, аниқроғи, ўтган асрнинг саксонинчи ­йиллари охирида олимлар ­Гулистонда баланд иморатлар қуриб бўлмайди, ер ости сувлари яқин, дейишганини эшитгандик. Бугун эса беш қаватли иморатлар барпо қилингани ҳолда, энди етти қаватли бинолар бунёд этишга ҳам киришилмоқда. Шу маънода, вилоят маркази, ­туман ва шаҳарларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳам тўхтал­сангиз.

— Тўғри, яқин йилларгача Гулистон заминига бир-икки кетмон урса сув тўпланиб қолиши айни ҳақиқат эди. Ҳозир эса ундай эмас, сизот сувлар сатҳи анча пасайди. Негаки, кейинги пайтларда шаҳарнинг қоқ ўртасидан оқиб ўтувчи “Дўстлик” канали бетон билан қопланди. Тик қудуқлар тўлиқ ишга туширилиб, оқова сувларни марказлаштирилган коллектор орқали ташқарига чиқариб юбориш таъминланди. Ва энди бемалол баланд иморатлар қуриш имконияти пайдо бўлди. Хусусан, ана шундай тураржой мавзесини жамоатчилик таклифи билан “Буюк келажак” деб атадик. Бу ерда ўтган йили 8 та беш қаватли уй қурилди ва 360 оила ўз хонадонига эга бўлди. Айни пайтда эса мавзеда 420 хонадондан иборат 7 қаватли 10 та уй қурилмоқда. Давлатимиз раҳбари қурувчиларимизнинг бу меҳнат маҳсулини “Сирдарё тажрибаси” сифатида жорий қилиш ҳақида берган кўрсатмалари эса бутун сирдарёликларга қувонч бахш этди.

Яна 40 гектар майдонни эгаллайдиган “Guliston City” қурилиши ­лойиҳамиз ҳам маъқулланди.

2019 — 2022 йиллар мобайнида уч босқичда амалга ошириладиган ­замонавий шаҳарчада кўп қаватли уйлар, савдо мажмуалари, кўнгил­очар масканлар, маданият ва бизнес маркази, анжуманлар саройи, таълим ҳамда тиббиёт муассасалари, меҳмонхона, ҳунармандлик уйи каби иншоотлар қурилади. Шаҳарнинг бошқа манзилларида ҳам кенг кўламдаги қурилиш ишлари амалга оширилади. Ховос шаҳарчасининг “Мирзачўл тажрибаси” асосида ­пайдо бўладиган янги маркази ҳар жиҳатдан кўркам бўлади ва энг муҳими, бу манзилнинг зах ҳудудида яшаётган аҳолига замонавий қулайликларга эга хонадонларда яшаш имконияти яратилади.

— Туризм салоҳияти ҳақида гап кетганда, кўпроқ Самар­қанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларимиз тилга олинади. Сизнинг-ча, ана шу шаҳарлар йўлида жойлашган Сирдарё ҳудудига ҳам сайёҳларни жалб қилиш ­мумкинми?

— Албатта, мумкин. Вилоятимизда тарихий ёдгорликлар Сардоба обидаси, Эски Ховостепа ва бошқа бир неча археологик аҳамиятга эга манзиллар билан чекланса-да, Сирдарёда экотуризмни ривожлантириш имконияти катта. Ана шу мақсадда бугун дарё бўйида бир неча туристик лойиҳалар татбиқ этиш устида ишлар олиб борилмоқда. Яна Тошкент вилоятидан Сирдарёга кириш остонасида сайёҳлар тўхтаб ўтадиган объектлар қурилиб, буюк Амир Темур бобомиз билан боғлиқ “Лой жанги” композицияси яратиляпти.

— Маънавиятимиз, ғурур-ифтихоримиз биринчи ўринга чиқадиган вақт келди, дея алоҳида таъкидлади ­Президентимиз. Давлатимиз раҳбарининг бу ғоясини ҳаётга татбиқ қилиш борасида Сирдарёда қандай дастурлар ­белгиланмоқда?

— Аввало, шуни айтиш лозимки, Юртбошимизнинг мазкур кўрсатмасини бажариш ота-онадан тортиб, вилоят раҳбаригача — ҳар бир кишининг кундалик вазифасига айланишига эришишга астойдил ҳаракат қиламиз. Хусусан, ташриф доирасида тақдимот қилинган китобхонликни кенг тарғиб этиш концепцияси асосида ҳам амалга оширмоқчимиз. Яъни мазкур концепцияга кўра, фарзанд тарбияси ҳали у туғилмасиданоқ бошланмоғи лозим. Сўнгра чақалоқлик, мактабгача ­тарбия ва мактаб ёшидаги таълимгача вақтдаги тарбия тадбирлари белгиланган. Шу билан бирга, тез орада “Oʻqituvchi” бренди билан ­Гулистон шаҳрида марказий китоб дўкони ташкил этиш ва китобхонлик ­маданиятини ривожлантириш режаларини ўз ичига олган концепциямиз ҳам бор.

Давлатимиз раҳбарининг Сир­дарёда туғилиб ўсган, халқимизнинг ардоқли фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ҳаёти ва ижодига юксак эътироф сифатида Гулистонда унинг номидаги ижод мактаби ташкил қилиш ҳақида ­билдирган таклифлари барча ­сирдарёликлар, атоқли ижодкорнинг мухлислари томонидан зўр шоду хуррамлик билан кутиб олинганини айтиш менга мамнуният бахш ­этади. Шубҳасиз, мазкур таълим маскани ҳам ёшларимизнинг баркамол ­инсонлар бўлиб вояга етишларига асрлар оша хизмат қилади.

“Халқ сўзи” мухбири Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019