Юксак меҳр-мурувват, оқибат ва бағрикенглик бизга буюк аждодларимиздан мерос фазилатдир

10:42 01 Май 2018 Жамият
1002 0
Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".


“Ер юзида жуда камдан-кам давлат ва миллат бундай юксак инсоний фазилатлар билан ғурурланиши мумкин. Вақт ўтган сари Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатган бу қаҳрамонликнинг аҳамияти ва қадри тобора ошиб бормоқда”.

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Тарих — мактаб. Ўтмиш эса ибрат. Инсониятнинг минг йилликлар орасида топган ҳақиқатлари шундай! Бироқ қачонлардир одамзодни зор қақшатган, ёстиғини қуритган оғир мусибату кулфатлар, мислсиз талафоту йўқотишлар борки, улар туфайли ҳосил бўлган қалб жароҳатларининг асорати асрларни қаритса ҳам изсиз йўқолмайди.

XX аср башарият тақдирида Иккинчи жаҳон урушининг ўчмас асоратлари билан доғ қолдирди. Айниқса, олти йил давом этган даҳшатли қирғинбарот 50 миллиондан ортиқ кишиларнинг ҳаётига зомин бўлди. 90 миллиондан зиёд кишиларни ярадор ва майиб-мажруҳга айлантирди. Миллионлаб кексаларни, опа-сингилларни, энг ачинарлиси, мурғак болаларни ўз туғилган еридан узоқ-узоқларга кўчиб кетишга мажбур этди.

Тасаввур қилинг, вагонларда бомбалар ваҳмидан, ўлим хавфидан юраклари ҳаприққан кексалар, тирқишлардан жонсарак мўралаган кўзлар... Қалбларда ҳадик ва қўрқув...
XX асрнинг қабиҳ кучлари зулмига учраб, елкалари пир-пир учиб, “Биз энди нима қилайлик?” дея нажот истаган, қалбига кўзёшлар тош бўлиб санчилган, қўллари муштга айланган гуноҳсиз болалар...

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

Хўш, уларга ким паноҳ берди? Ким меҳр қучоғини очди?

— Бир майизни қирқ бўлиб еган халқмиз, — дейди Бекобод туманида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Эргаш ота Рўзибоев. — Бағрикенглик, инсонпарварлик қон-қонимизга сингиб кетган. Болалигимиз уруш йилларига тўғри келди. Эсимда, шаҳару қишлоқларга олис ўлкалардан мажбурий эвакуация қилинган болалар пешма-пеш олиб келинарди. Улар орасида ҳатто ҳали эс-ҳушини таниб улгурмаган болакайлар ҳам бор эди. Ана шундай мураккаб ҳамда оғир шароитда халқимиз уларни ўз қанотига олди. Оталик, оналик муҳаббатини дариғ тутмади. Буни таърифлашга тил ожиз. Силаи раҳм, шафқат, ҳиммат, эъзозу эътибор, бағрикенгликнинг қиёси йўқ китоби, ёдгорлиги, бебаҳо хазинаси бу. Яна нима деб атай? Буни ҳис қилиш, юракдан ўтказиш керак ахир...

Энг улуғ Ота ва энг улуғ Она

Ўзбек шеъриятининг йирик вакили Ғафур Ғулом машҳур “Сен етим эмассан” шеърини битганида ҳали қирқ ёшга ҳам тўлмаган эди. Қисқа ва сермазмун сатрлар орасига жо этилган мазмун-моҳиятда эса нуроний донишманднинг меҳрибон қиёфаси балқиб турарди. Барчанинг тилидан тушмай ёд бўлиб кетган бу беқиёс шеърий асарда шоир уруш авжига чиққан, бомбалар ёғилиб турган ҳудудлардан юртимизга нажот излаб келган юз минглаб жажжи болакайларни парваришига олган ўзбек халқининг бағрикенглигини ҳаққоний гавдалантира олган эди. Айтишларича, бир кечада ёзилган бу шеърни эртаси куни муаллиф радио орқали ўқиганда наинки Ўзбекистон, балки Марказий Осиё халқларининг ҳам қалбини ларзага солган экан...

Чўчима жигарим,
Ўз уйингдасан,
Бу ерда
на ғурбат, на офат, на ғам.
Бунда бор:
ҳарорат, муҳаббат, шафқат
Ва меҳнат нонини кўрамиз баҳам,
Сен етим эмассан,
Ухла жигарим.

Бу шеър ўзбек халқининг инсонийлик фазилатларини шу қадар мужассам эта олганки, барҳаёт шоирнинг овози ҳар гал янграганида, одамлар “Сен етим эмассан”ни кутиб нафасларини ичга ютишарди ўша пайт.

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

Ўша қақшатқич уруш даврида ватандошларимиздан қай бири икки, яна кимдир уч нафар болани қарамоғига олгани, уларга мураббийлик қилгани ҳақида тарихий маълумотлар жуда кўп. Хусусан, тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи 14 нафар, каттақўрғонлик Самадовлар оиласи 12, бухоролик Жўраев ҳамда Ашурхўжаевлар оиласи 8 нафар фронтда ота-онасидан ажраб, қаровсиз қолган етим гўдакларни оқ ювиб, оқ тарашди. Ўзбек халқининг азалий қадриятлари ана шу лаҳзаларда яққол намоён бўлди. Меҳр-муҳаббат туйғулари жўш урди. Эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабаси муқаррарлиги ҳақидаги азалий ўгитлар уларнинг иродасини мустаҳкамлаб, эртанги кунга ишонч билан қарашга ўргатди. Шу тариқа минг-минглаб турли миллатлар болалари бошларига дўппи кийиб, ўзбек тилида “нон”, “ота”, “она”, “ака”, “ука” каби оддий, аммо мазмунида ҳаёт акс этган сўзларни ўрганишди. Заводларда тутинган ота-оналари ёнида туриб меҳнат қилишди. Юртимиздаги саноат корхоналарида уларнинг жажжи қўлчаларининг излари қолганини бугун ҳеч ким инкор этолмайди. Ўзи емай, ўзи ичмай бу мурғакларга меҳр кўрсатган ўзбек халқимизнинг матонати, чинакам қаҳрамонлик ифодаси эди бу...

Таниқли адиб Раҳмат Файзий тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласининг ўшандаги матонати ҳақида “Ҳазрати инсон” деб номланган роман ёзди. Бу асар урушдан кейинги йилларда ҳам китобхонлар қўлидан тушмай, ёшларни оталар жасорати, уларнинг инсоний фазилатларидан ибрат олиб яшашга ўргатиб келди. Ўзбекистон халқ артисти, таниқли кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов мазкур асар асосида ишлаган бадиий фильмни эса “Сен етим эмассан” деб номлади. Халқимизни эзгулик йўлида тарбиялашга интилган ўзбек ижодкорларининг асарларидаги юксак туйғулар бугунги кунда ҳам ёшлар учун ибрат намунаси бўла олади. Бу фильмда ўзбек халқининг нақадар болажон ва тантилиги, бағрикенг ҳамда олижаноблиги, меҳридарё ва инсонпарварлиги таъсирчан сюжет ҳамда ҳаётий лавҳалар асосида очиб берилган. Қолаверса, ҳақли савол туғилади: ўта оғир ва машаққатли йиллардан ҳикоя қилувчи ана шу бетакрор асарлар нима учун бу қадар довруқ қозонди? Нега уларни ўқиганимизда, томоша қилганимизда ёхуд эшитганимизда ҳар гал қорачиқларимиз намланади? Нима учун шундай меҳр-мурувватли халқ фарзандлари эканлигимиздан фахрланиб кетамиз, ғуруримиз ошади?

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

— Уруш йиллари Ўзбекистонга бир миллионга яқин кишилар паноҳ истаб келган, — дейди тарих фанлари номзоди, доцент Наргиза Хидирова. — Уларнинг 200 мингдан зиёди болалар эди. Юзлаб ўзбек оилалари украиналик, беларуслик ҳамда россиялик турли миллатга мансуб болаларни ўз боласидай суйиб алқади. Меҳр берди, бошпана, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлади.
Биласиз, уруш даври воқеа-ҳодисаларини тарих саҳифаларига муҳрлаш, халқ руҳини кўтарувчи асарлар яратиш мақсадида олиму уламолар, шоиру ёзувчиларнинг аксарияти фронт ортида ўз фаолиятларини давом эттиришарди. Ана шулардан бир гуруҳи Тошкентда яшаб, ижод қилишган. Улар орасида дунёга машҳур рус шоираси Анна Ахматова ҳам бор эди. Унинг қайдларида ҳар қандай юракни титроққа солиш қудратига эга қуйидаги самимий дил сўзлари учрайди:

“Миллий қадриятгина одамларни буюк дўстлик сари чорлаб, қалб ва тафаккурга садоқат ва жасорат туйғусини ҳадя этади, одамийликни улуғлашга имкон яратади. Инсонпарварликнинг юксак даражаси Шоаҳмад ва Баҳри аяларнинг қонимасмиди? Дунё остин-устун бўлаётган бир паллада шу қадар меҳрга зор норасидани яхши инсонлар қилиб етиштира олган бу икки зотни энг улуғ Ота ва энг улуғ Она дегимиз келмайдими?!”

Хўш, ана шундай улуғлик мақомига эришган волидаю муҳтарама ҳамда падари бузрукворни нақадар қадрлаш керак? Уларнинг тарих олдидаги буюк хизмати, жасорату матонатини қанчалик эътироф этиш лозим?

Менинг Ватаним — шу ер!

Дарҳақиқат, Шомаҳмудовлар инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган оила сифатида тарихда қолди. Тошкентлик темирчи Шоаҳмад ота ва унинг рафиқаси Баҳри ая рус, украин, татар, молдаван, чуваш, яҳудий, қозоқ миллатига мансуб 14 ўғил-қизни кўз қароғида авайлаб улғайтиришди.

Бу оилада камол топган қизлардан бири — Холида опа (асли исми Ольга) айни пайтда пойтахтимизнинг Жарариқ маҳалласида истиқомат қилади. 82 ёшни қоралаган онахон ўзбек тилида бурро-бурро сўзлашади. Уруш йилларини юраги энтикиб ёдга олади.

— Адамлар, ойимларнинг ҳаёти ўзи биз учун катта мактаб эди, — дея ота-онасини юксак соғинч, кўзда ёш билан хотирлайди Холида опа. — У маҳалларда бир кишининг нон топиб ейиши ҳам қийин эди. Адамлар темирчилик қилиб топиб келганларини ўзлари емасалар ҳам, оғзимизга тутишга ҳаракат қилардилар. Кийим-кечак, пойабзал ҳам йўқ эди. Шунинг учун у кишининг эски чопонлари, бир-биримизнинг йиртилиб тугаёзган кийимларимиз ҳам ташлаб юборилмасди. Ямоқ-ясқоқ қилиб, тикиб-чатиб, ойим улардан кийса бўладиган кийимлар тикар эдилар.

Холида опа давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Шомаҳмудовлар оиласига қўйилган ҳайкал пойтахтимиздаги марказий майдонлардан бирига ўрнатилаётганидан беҳад мамнун.

— Бу ҳайкал ўз жойига қайтарилганини эшитганимдан кейин тушимга ойим кирдилар. Бошларига оппоқ рўмол ўраб олган, кийимлари озода, лабларида табассум бор эди. Нимадир демоқчи бўлаётганларида уйғониб кетдим... Анча вақт ўзимга келолмай ўтирдим. Назаримда, ойимнинг руҳлари шод бўлди...

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши йилларида юксак меҳр-мурувват ва оқибат кўрсатган ана шу оиланинг жасоратини алоҳида қайд этиб ўтар экан, “Ер юзида жуда камдан-кам давлат ва миллат бундай юксак инсоний фазилатлар билан ғурурланиши мумкин. Вақт ўтган сари Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатган бу қаҳрамонликнинг аҳамияти ва қадри тобора ошиб бормоқда”, дея алоҳида таъкидлади. Шунингдек, “Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, халқимизнинг эзгу фазилат ва қадриятларини абадийлаштириш учун, Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган, “Халқлар дўстлиги” деб номланган ёдгорлик ансамблини пойтахтимиз марказидаги майдонга қайтарсак, адолатли бўларди”, дея қайд этиб ўтди.

Айни кунларда пойтахтимиз марказидаги майдонда иш қизғин. Бу ерда минглаб ишчи-мутахассислар кечаю кундуз бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари билан банд. Ҳадемай, бу ерда букилмас ирода ва жасорат намунасини кўрсатган Шомаҳмудовларга бағишланган монументнинг қад ростлаши, яъни инсон меҳрига қўйиладиган ёдгорлик уларга ғайрат-шижоат бахш этаётган бўлса, не ажаб!

— Урушдан кейин акам қидириб келиб, олиб кетмоқчи бўлганди, — Холида опанинг чеҳраси ёришади. — Мен кўнмадим. Чунки менинг Ватаним — шу ер! Ўзбекистонда меҳр-оқибат кўрдим, меҳрибон инсонларимни, бахтимни топдим. Ахир бундай юрт яна қаерда бор?!

“Халқлар дўстлиги” ёдгорлик ансамбли нафақат тутинган ота-онам, балки ўзбек халқига, унинг меҳрига, буюклигига қўйилган ёдгорликдир. Шундай экан, унинг шаҳримиз марказида, халқимиз кўз ўнгида туришига нима етсин?!

Узилган бир киприк абад йўқолмас

Ғиждувон шаҳрида яшовчи Ҳакима Бекмурзина 91 ёшда. Мабодо “уруш” деган сўз қулоғига чалинса, онахон бир сесканиб тушади. Вужудига титроқ киради. Уруш даҳшатларини эслаб, тунлари ухлолмай чиқади.

Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон уруши балоси нафақат йигитлар, балки гулдек қиз-жувонларни ҳам ўз гирдобига тортди. Уларни ота-оналари, туғилган гўшалари бағридан худди киприк мисоли узиб олди.
Россиянинг Мордова ўлкасида туғилган Ҳакима 1942 йилнинг баҳорида кўнгилли тарзда фронтга отланди. Алоқа ротасида хизмат қила бошлади. Аммо унинг вазифаси телеграф олдида ўтириш билан чекланиб қолмаганди. Ярадорларни от-араваларга, машиналарга юклаш, уларни тиббий қисмга жўнатиш каби юмушлар худди у каби кўплаб қизлар зиммасида эди. Ўспирин қизнинг кўз ўнгида оғир ярадор бўлганларнинг жони узилар, бадани куйиб, вужуди ўтдек ёнаётган аскарларнинг нажот билан боққан кўзларини, вайронага айланган шаҳару қишлоқларни кўриш азоб эди.

Ниҳоят, қирғинбарот уруш тугади. Ота-онасидан ҳам ажралиб, ёлғиз қолган Ҳакима нима қиларини билмай қолди. Шунда уч-тўрт дугона маслаҳатлашиб, Ўзбекистонга борадиган бўлишди.

— Ўшанда ҳамма жойда очарчилик, қаҳатчилик ҳукм сурарди, — дея эслайди Ҳакима Бекмурзина. — Аммо ўзбеклар жуда бағрикенг, меҳр-оқибатли халқ экан. Бизга бошпана беришди. Топганларини баҳам кўришди. Билмаганларимизни ўргатишди. Мен ҳали-ҳануз ўзбекларнинг бу яхшиликларини миннатдорлик билан эслайман. Ўзимни ҳам шу юртнинг фарзанди, деб биламан...

Буни қарангки, Ҳакима ўз бахтини ҳам шу ердан, аниқроғи, Ғиждувондан топди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Содиқ Ҳикматов билан турмуш қурди. Икковлон ҳалол меҳнат қилиб, ували-жували бўлишди. Ҳакима бувининг беш фарзанди, ўттиздан зиёд невараю эваралари бор. Уларнинг меҳрибонликларини кўрган онахоннинг қўли доим дуода.

Айтмоқчи, ҳозир Ғиждувонда ўн нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳаёт. Улар давлатимиз ва халқимизнинг эъзозида.

Бахтли ҳаёт кечиришнинг энг асосий омили, бу — тинчлик. Ахир шундоққина остонаси олдида ўқ овози эшитилиб турса, кўча ҳатлаб чиққан каттаю кичик милтиққа нишон бўлса, ким ҳам ўз уйида хотиржам ухлай оларди?! Ёки бир бурда нон, бир қултум сувга зориқиб яшайдиганлар йўқми бугун дунёда?! Тошқинлар, зилзилаю тўфонлар туфайли ёстиғи қуриб кетаётган минг-минглаб оилалар-чи? Хўш, шуларни кўриб, билиб, нега юртимиздаги осудалик, тўқлик-фаровонлик, Истиқлолимизни кўз қорачиғидек асраб-авайламаслигимиз керак?!

Бу йил дориламон кунларда Хотира ва Қадрлаш кунини кутиб олаётган юртдошларимиз кўнглидан ана шундай ўйлар кечаётганига шак-шубҳа йўқ.

— Оиламиз уруш йилларида Одесса шаҳридан кўчиб келган, — дейди Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи Владимир Полетаев. — Отам ўша даврларда ўзбек оилалари серфарзандлигига қарамай, эвакуация қилинганлар учун уйларининг тўридан жой беришгани, топган-тутганларини ҳиммат билан ўртага қўйишгани, асосийси, одам зотига миллатидан, динидан қатъи назар, Ҳазрати инсон деб қарашлари хусусида кўп сўзларди. Ҳамиша “Биз бу заминдан, бу халқдан бир умр миннатдор бўлишимиз керак”, деб уқтирарди. Шу сабабли оиламиз билан Ўзбекистонни Ватанимиз дея қабул қилганмиз. Унинг тараққиётига ҳисса қўшиш учун астойдил меҳнат қилиб келаяпмиз.

— Бу йилги байрам ҳаётимизда янада ёрқин из қолдираяпти, — дейди Чуст туманидаги Варзик қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Умаржон ота Жўраев. — Давлатимиз раҳбари томонидан яратилган имкониятдан фойдаланиб, Ялтанинг машҳур сиҳатгоҳига отланиб турибман. Яқин вақт ичида ўғлим Самижон билан йўлга чиқамиз. Бошқа кўплаб фронтчилар қатори беқиёс эътибордан дилим яйрайди, умримга умр қўшилаяпти.

Тўқсон уч ёшдаман. Ҳаёт йўлимни ёдга олар эканман, халқимиз бошига кулфат солган уруш умрим баҳорини зимистонга айлантиргани кинотасмасидек бирма-бир кўз олдимдан ўтади. Ўн саккиз ёшимда фронтга отланган куним онажоним “Насибанг узилмасин”, дея нон тишлатгани кечагидек эсимда. Умрим бор экан, икки оёғим ногирон бўлса-да, туғилган ошёнимга қайтдим. Урушда кўп нарсани йўқотдик. Бироқ бир нарса таскин беради: биз инсоният озодлиги учун, фашизм деган балони Ер юзидан супуриб ташлаш учун жонимизни тикдик. ўалаба эса осонликча қўлга киритилмагани барчага аён. Ярим миллион нафардан зиёд юртдошларимизнинг қутлуғ қони, жанглардан соғ-носоғ қайтган инсонлар фидойилиги унда мужассам. Бугун саккиз фарзандим, юзга яқин невара-чевараларим атрофимда парвона. Яхши инсонлар ардоғида давлатимиз ғамхўрлигини ҳис қилиб яшаяпман. Байрам арафасида Президентимиз томонидан моддий, маънавий рағбатлантирилишимиз қалбимизни янада чароғон этди. Уруш балою қазо. Ҳеч қачон бошқа ёпирилмасин. Тинчлик-омонлигимизга, бахту иқболимизга кўз тегмасин.

Шу ўринда уруш даврининг нимагадир кўп тилга олинмайдиган, мазмунида улкан меҳнат, фидойилик, матонат ва ирода акс этган рақамларига мурожаат қилайлик. Ўша йиллари Ўзбекистон аҳолиси томонидан мудофаа жамғармасига 649,9 миллион сўм нақд пул, 4 миллиард 226 миллион сўмлик заём, 52,9 килограмм олтин ҳамда кумуш топширилган. Фронтга 7 миллион 518 минг 800 та гимнастёрка, 2 миллион 636 минг 700 та пахталик, 2 миллион 221 минг 200 та этик ва қўнжли ботинка юборилган. Енгил саноат корхоналари томонидан 246 миллион сўмликдан зиёд турли маҳсулотлар, шунингдек, 1 миллион 282 минг тонна ғалла, 482 минг тонна картошка ҳамда сабзавот, 1000 тонна полиз маҳсулотлари, қуруқ ва ҳўл мевалар жўнатилган.

Аслида бу мисолларимиз, фикр-мушоҳадаларимиз бутун дунёга маълум. Шундай бўлса-да, “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрли”, деганларидек, ота-боболаримизнинг қадри асрларга татигулик, таъбир жоиз бўлса, ўзбек халқига хос тенги йўқ меҳр-оқибатнинг буюк қиссасидан айрим лавҳаларни яна бир бор эътиборингизга ҳавола этдик. Бугун улуғ айём арафасида Ўзбекистонда эзгу ҳамда савоб ишларга қўл урилмоқда. Зеро, уларнинг мазмун-моҳияти, қисқача айтганда, мангуликка дахлдордир!

Фаррух БЎТАЕВ.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар