Юксак ҳуқуқий маданият ва дахлдорлик туйғуси

11:20 28 Май 2018 Жамият
374 0
Фото: webquestcreator2.com

Фуқаролар мурожаатларида ана шу жиҳатлар яққол намоён бўлмоқда.

“Фуқаролик жамияти” тушунчаси кейинги йилларда ҳаётимизда мустаҳкам ўрин эгаллаб бормоқда. Сабаби, унинг энг муҳим жиҳатлари, талаблари кундалик турмушимизда намоён бўлаяпти. Халқимизнинг ҳуқуқий онги, тафаккури юксалмоқда. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, эндиликда Ўзбекистонда халқ ҳокимияти номига эмас, амалда жорий этилаётганини ҳар қадамда кўриш мумкин.

Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида айтиб ўтилган бу фикр, айниқса, кейинги бир неча йил мобайнида мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ўзгаришларни яққол ифодалайди. Буни биргина парламентимиз юқори палатаси — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати девонига фуқаролар ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар ҳам тасдиқлаб турибди.
Мурожаатларни таҳлил қилар эканмиз, эндиликда юртдошларимизнинг кўпчилиги шунчаки катта-кичик шахсий муаммоларини эмас, балки кўпроқ бутун жамиятимизга тааллуқли, ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни кўтариб чиқаётганига амин бўламиз.

Халқимизни ўйлантираётган долзарб ижтимоий муаммоларни кўтаришда, айниқса, ёш авлод тарбиясига масъул бўлган чинакам ватанпарвар инсонлар — педагогларнинг фаоллиги кўзга яққол ташланади. Хусусан, Сенатга келиб тушган ана шундай мурожаатлардан бирида Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги  11-умумтаълим мактабида юзага келган бир қатор салбий ҳолатлар ҳақида баён этилган. Унда ўқитувчилар мактабдаги номақбул муҳит, қолаверса, таълим масканининг моддий-техника базаси ўқув стандартлари талабларига жавоб бермаслиги тўғрисида куюнчаклик билан фикр билдиришган.

— Ёш авлод тарбияси — ўта долзарб масала. Шундай экан, келажакда мамлакатимиз тараққиётини белгилайдиган фарзандларимизнинг замон талаблари даражасида пухта таълим-тарбия олишлари учун барча шарт-шароитни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга, — дейди Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Г. Алимова. — Мазкур таълим масканида аҳвол кескин тусга кирганини ҳисобга олиб, масалани ўрганиш бўйича вилоятдан сайланган сенаторлар ҳамда ваколатли масъул ходимлардан иборат таркибда ишчи гуруҳи тузилиши борасида Бухоро вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ў. Барноевга қўмитамиз номидан хат йўлладик. Бу ҳолат юзасидан Халқ таълими вазирлигига мурожаатимизга жавобан вазирлик мутасаддилари ва мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи масалани батафсил ўрганиб, тегишли чоралар кўрилганини маълум қилди. Хусусан, мактабнинг педагогик жамоаси орасида соғлом маънавий муҳитни таъминлашда йўл қўйган хатолари учун мактаб раҳбариятига нисбатан тегишли таъсир чоралари қўлланилди, таълим муассасасининг моддий-техника базасини яхшилаш борасида амалий ишлар қилинди.

Мурожаат муаллифи, 11-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси М. Узоқова мазкур масала юзасидан қуйидагиларни билдирди:

— Мамлакатимизда фарзандларимизнинг давр талабларига мос шарт-шароитларда таълим-тарбия олиши, чуқур билимга эга бўлиши учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу ислоҳотлар самарали бўлиши учун биз, фуқаролар ҳам қўл қовуштириб ўтирмай, ўзгаришлар жараёнига шунчаки томошабин бўлиб қолмай, шу каби муаммоларга қатъий нуқтаи назардан туриб ёндашишимиз керак. Ахир гап фарзандларимиз, юртимиз келажаги ҳақида кетмоқда. Сенатга мурожаат қилишдан аввал кўплаб идоралар эшигини қоққанман. Лекин афсуски, бирор наф бўлмади. Парламент юқори палатасига чиққанимдан сўнггина муаммо ўз ечимини топа бошлади. Дастлаб мансаб вазифаларига панжа орасидан қарайдиган мактабимиз мутасаддиларига нисбатан чоралар кўрилди. Эндиликда унинг моддий-техника базасини янгилаш масаласи кўриб чиқилаяпти. Албатта, йиллар давомида йиғилиб келган бу каби муаммоларни қисқа вақтда ҳал этиб бўлмайди, буни яхши тушунамиз. Асосийси, муаммо бўйича ишчи гуруҳи иш олиб бормоқда. Тез орада масала тўла ҳал қилинишига ишонамиз.

Одамларни ташвишга солаётган яна бир ижтимоий муаммо бўйича мурожаат Тошкент вилояти, Чиноз тумани, “Ўзбекистон” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Икром Эшхўжаевдан келиб тушган. Унинг Тошкент — Сирдарё йўналишидаги автомобиль йўлида транспорт воситаларининг юқори тезликда ҳаракатланиши оқибатида маҳаллий аҳоли, айниқса, мактаб ўқувчилари йўлни кесиб ўтишда қийинчиликларга учраётгани тўғрисида қишлоқ фуқаролари номидан Сенатга ёзган мурожаати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан атрофлича ўрганилди. Ўз навбатида, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси билан биргаликда мазкур муаммони ҳал этиш чоралари кўрилди. Жумладан, халқаро аҳамиятга эга М39 Алмати — Бишкек — Тошкент — Шаҳрисабз — Термиз автомобиль йўлининг тегишли қисмида тезликни чекловчи белгилар, фото ҳамда видеорадарлар ўрнатилиб, ишга туширилди.

— Маҳаллий аҳолини анчадан бери ташвишга солиб келган бу муаммони ҳал қилишни сўраб кўплаб идораларга мурожаат этган эдик, — дейди И. Эшхўжаев. — Лекин бу саъй-ҳаракатларимиздан ҳеч бир натижа бўлмади. Шунда Сенатга ёзишга қарор қилдим. Буни қарангки, тез орада мутасадди идоралар томонидан йўлда керакли белги ва ускуналар ўрнатилди.

Дарҳақиқат, бугун давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ниҳоятда муҳим ташаббус ҳамда ғоялар изчил рўёбга чиқарилмоқда. Ўз навбатида, фуқаролик жамияти институтлари, жамоатчилик, умуман, барча ушбу ўзгаришларни фаол қўллаб-қувватлаяпти. Бироқ эскича ўйлашга ўрганиб қолган, қатъий қарор қабул қилиб, чоралар кўриш керак бўлган ҳолатларда сусткашликка йўл қўяётган айрим мансабдорлар ҳали ҳам йўқ эмаски, улар шиддатли тус олаётган кўламдор ислоҳотларга тўғоноқ бўлмоқда. Фикримизнинг тасдиғи сифатида Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги “Қумовул” ҚФЙ ва Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани маҳаллалари аҳли томонидан йўлланган мурожаатни келтириш мумкин. Унда Тошкент шаҳри, Бектемир тумани, Ж. Остонов кўчасида жойлашган чиқинди сувларни тозалаш корхонаси томонидан ҳавога бадбўй ҳид чиқарилиб, аҳоли соғлиғига зарар етказилаётгани баён этилган. Одамларнинг шу пайтгача мутасаддиларга ёзган мурожаатларига эса умумий гаплар билдирилган мавҳум жавоб хатлари келган, холос.

Сенаторларнинг ўрганишлари натижасида аниқ бўлдики, “Қумовул” ҚФЙ ҳудудида намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйларда яшовчи фуқаролар шу ҳудудга кўчиб келганидан буткул норози. Сассиқ ҳид аҳоли, айниқса, болалар кўнглини беҳузур қилиб, аллергия, бош оғриғи ҳамда бошқа хасталикларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда. Мазкур жамоавий мурожаатга йигирма нафарга яқин фуқаролар имзо чекканини ҳисобга олсак, вазият қай даражага етганини тасаввур этиш қийин эмас. Ҳозирги пайтда ушбу масала Сенатнинг тегишли қўмитаси назоратига олинган.

Сўнгги ойларда Сенатга келиб тушган, сенаторлар аралашуви билан ҳал бўлган кўплаб масалалардан яна бири — Наманган туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ш. Тожибоевнинг мурожаати билан боғлиқ. Бу инсон ўзи туғилиб ўсган Қўрғонча қишлоғининг тарихий номини расман тиклашда амалий ёрдам сўраб, парламент юқори палатасига мурожаат этган. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссияси йиғилишида комиссия аъзолари томонидан бу атрофлича кўриб чиқилиб, ижобий ҳал қилинди.

Мамлакатимизда демократия ҳамда фуқаролик жамияти ривожлангани сайин айнан инсонлар онги, уларнинг ҳаётга, давлатга, Ватан равнақига муносабати ўзгармоқда. Бунда мамлакатимиз раҳбарияти, давлат органлари, шу жумладан, парламент томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, кенг омма орасидаги бевосита тушунтириш ишлари ҳам алоҳида ўрин тутади. Демак, амалга оширилаётган ишлар бесамар кетмаяпти, уларнинг натижаларини ҳозир, шу дамда кўриш мумкин. Модомики, одамларнинг муаммолари ҳал бўлаётган, уларни ўйлантираётган ижтимоий масалалар ечим топаётган экан, шубҳасиз, кўзланган мақсадларга эришилмоқда.

Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар