Ёзёвондаги кластерда форель, осётр каби балиқларни кўпайтириш режалаштирилмоқда

09:35 27 Август 2020 Кластер
745 0

Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги тармоқлари замонавий мезонлар асосида ривожланиб, соҳага илм-фан ютуқлари ҳамда инновацион ғоялар кенг жорий этиляпти.

Айни пайтда вилоятнинг Олтиариқ тумани узумчилик, Қува анорчилик, Қувасой шаҳри гилосчилик каби тармоқларга ихтисослашяпти. Марказий Фарғона ҳудудида жойлашган Ёзёвон туманида эса балиқчиликни ривожлантириш учун қулай шароит бор. Туманда «Ибрагимов Достон файз» балиқчилик кластери ташкил этилиб, Хитой технологияси бўйича балиқни саноат усулида қайта ишлаш, музлатгичли омборхоналарда ярим тайёр маҳсулот сифатида сақлаш ва экспорт қилиш фаолияти йўлга қўйиляпти.

Тадбиркор Мирзарасул Маматов ташаббуси билан Ёзёвонда сув омборида жаҳон бозорида ноёб ва харидоргир ҳисобланувчи форель (гулмоҳи), осётр (бикри) балиқларини кўпайтириш, консерва маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида бизнес-лойиҳа ҳаётга татбиқ этилгани эътиборга сазовордир.

— Мустақиллик байрами кунлари вилоят аҳолисига 100 тонна балиқни арзон нархларда, бир килосини 8 минг сўмдан етказиб беришни режалаштирганмиз, —​ дейди тадбиркор Мирзарасул Маматов. —​ Яқин истиқболда сув омборидан йилига 4-5 минг тонна балиқ олиш, осётр, форель етиштириш хўжалигини ривожлантириш борасида соҳа олимлари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Фарғона вилоятида жорий йилда 35 минг тонна балиқ етиштириш кўзда тутилмоқда.

Б. МАДИЁРОВ
("Халқ сўзи")

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?