Ёт андозалаp, мавҳум ғоялаp, қурама тиллар пойтахтимизнинг қиёфаси бузилаётганига қачонгача жим қараб турамиз?

11:53 14 Февраль 2019 Жамият
1721 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Дунё сиёсий харитасида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиб, ўз сўзини айтиб келаётган мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳри кундан-кун чирой очиб, гўзаллашиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу шаҳар ҳақидаги таърифу тавсифлар қадим-қадимдан авлоддан-авлодга ўтиб келгани эътиборга молик. Улуғ аллома Абу Райҳон Беруний машҳур “Ҳиндистон” асарида “Тошкент” атамасини қўллаб, унинг маъно-мазмунини тушунтириб беради. Тарихчи олим Муҳаммад Солиҳ Раҳимхожа “Тошкентнинг янги тарихи” асарида шаҳарнинг географияси ва топографияси, ўн икки дарвозаси, даҳалари, мадрасаю масжидлари, сув билан таъминлаб турувчи анҳору ариқлари, деҳқончилик маҳсулотлари ҳақида ёзади. Бош кентимизнинг ўзига хос “Шарқ дарвозаси” деган нуфузини асраб қолиш хусусида сўз кетганда бундай маълумотлар бугунги кунда ҳам юксак аҳамият касб этади.

Шаҳарлар боқийдир, умр ўткинчи

Давлатимиз раҳбари парламентга йўллаган Мурожаатномасида миллий ўзлигимизни англаш, Ватанимизнинг қадимий ва бой тарихини ўрганиш каби миллий ғоя ривожига хизмат қиладиган масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Миллий ғоя миллий руҳ билан йўғрилиб, халқ қалбига кириб боргандагина узоқ яшаб, таъсир доирасига эга бўлади, акс ҳолда қадим тарихнинг объектив қонуниятларига дош беролмай ўз-ўзидан қумга сингган сув каби изсиз йўқолади.

Ҳар бир миллат ўз тарихи билан фахр­ланишга ҳақли. Уни ўз томиридан ажратиб, манқуртга айлантиришни режалаштирган ғаразли оқимлар “оммавий маданият”нинг турли кўринишларини пинҳоний тарзда амалга ошира боришади. Ҳозирги дунё глобаллашувида бу ҳолат оқибати тузатиб бўлмас жараёнга айланаётгани билан хатарли тус олмоқда. Бу хавфдан холи эканлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Ҳар бир миллатнинг ўзлиги, она тили, урфу удумлари, кийиниш маданияти, шаҳарлару ўлкаларнинг эса ўз миллий қиёфасига эга бўлишигина бу хавфдан ҳимоя қила олиши мумкин. Йўқса, ёт андозалар, мавҳум ғоялар, қурама тиллар аввал яшаш маконимиз, сўнгра тилимиз ва руҳимизнинг ожиз нуқталаридан ­сирғалиб кириб, эгалик қила бошласа, кейин кеч бўлади. Бундай балою офатнинг моҳиятини англамоқ учун дунёнинг қайноқ нуқталаридаги воқеа-ҳодисаларни ақл тарозисига солишнинг ўзи кифоя қилади. “Оммавий маданият”нинг турфа кўринишлари замонавийлик ниқобида жилваланишидан фарзандларини, ўзлигини асраб қолган миллатгина озод бўлади. Шаҳарлари олақуроқ манзараси билан эмас, ўз миллий қиёфаси билан дунё жамоатчилиги эътиборига тушади.

“Тошкентнома” достонида Мақсуд Шайхзода лутф этганидек:

Шаҳарлар боқийдир, умр ўткинчи,

Дарёлар собитдир, сувлар кўчкинчи.

Шундай экан, бугунги кунда жаҳонда ўз сўзига, ўз йўлига эга бўлган мустақил Ўзбекистоннинг пойтахти Тошкент шаҳрининг ҳуснига соя солиб турган доғлардан қандай халос бўлиш лозим, деган савол туғилгудек бўлса, аввало, улар қандай нохуш манзараларда намоён бўлаётганини билиб олишимизга тўғри келади.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Таққос ва таҳлил

Ҳар бир ҳодисанинг ижобий ёки салбий томони, аввало, таққос, таҳлил ­орқали чуқур ўрганилиб, хулоса чиқарилгандагина маълум бўлади. Шунда эҳтимол ғофиллик орқали йўл қўйилган хатоларни тузатиш осон кечади. Акс ҳолда бундай хатти-ҳаракатлар жамиятга зиён етказади.

Пойтахтимизда кўрса кўргулик, ҳавас қилса арзигулик масканлар кўп. Бундай жойлар узоқни кўра оладиган ­бунёдкорлар томонидан қурилганини эътироф этиб, уларнинг фаҳм-фаросатига тасаннолар айтамиз. Масалан, Тошкент метрополитенининг 1984 йил 8 декабрь куни ишга туширилган ­Алишер Навоий бекати миллатию ­ирқидан қатъи назар, барчани ҳайратга солиб келади.

Бунинг сабаби нимада?

Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаров мазкур метро бекати деворларига Алишер Навоий асарлари асосида мовий сополдан ишлаган паннолар ўзига хос миллий руҳ билан суғорилганида. Бугун хорижлик сайёҳлар бекат манзараларига ҳайрат билан боқишади, мустабид давр маҳсули, деб юз буриб кетишмайди. Уни Москва, ­Неаполь, Вашингтон, Киев, Прага, ­Мюнхен, Санкт-Петербург, Монреаль, Стокгольм каби шаҳарлардаги дунёнинг энг гўзал метро бекатларига қиёслаб, “Инсонлар қалбига ўзгача гўзаллик ва туйғу олиб кирувчи метро бекати”, деб таърифлашади.

Бону АЗИЗОВА, Тошкент архитектура-қурилиш институти таянч докторанти:

— Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида миллий меъморчилигимизнинг ўзига хос бетакрорлигини мужассам этган Алишер Навоий метро бекатини безашда паннолардан ташқари қадимий ўзбек меъморлигининг гириҳ ва ислимий ­нақшларидан фойдаланилган. У бетакрор ганчкорлик намуналарини ўзида намоён этади. Бекат шипи гумбаз шаклида ишланган бўлиб, гўзал қандиллар осилган. Яқин йилларда “метро бекатининг мармар деворлари ва панноларнинг ранги унниқиб қолди”, деган баҳонани рўкач қилиб оддий қурилиш мой бўёғи билан “янгиламоқчи” бўлишганида, тарихий биноларга, меъморий обидаларга ва санъат асарларига беписанд, “ёввойиларча” муносабат биринчи марта учрамаётгани кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган эди. Шу тариқа “шўро мафкурасига хизмат қилган” баҳонасида жоҳилларча бузиб ташланган ҳайкалтарошлик ёки рассомлик асарларининг аччиқ қисматидан бекат сақланиб қолгани нечоғли тўғри бўлганини бугунги кунда барча бирдек эътироф этади. Ёддан чиқармаслик лозимки, хориждан келаётган сайёҳларни шўро даврида қурилган бинолар қизиқтиришининг ўзига хос сабаблари бор, буни билмасдан, таҳлил қилмасдан, хулоса чиқармасдан бузиб ташлайвериш жоҳилликдан ўзга нарса эмас. Улар бундай жойларга тарихий обидаларимизга қизиққан каби қизиқишади. Мутахассис сифатида айта оламанки, шўро даврига оид орнаментларни юлиб ташлаганимиз, ёдгорликлардан воз кечганимиз меъморий жиҳатдан бизга жуда қимматга тушди. Энди бундай хатоларга йўл қўймаслигимиз керак, деймиз-у, амалиётга келганда яна эски аҳвол такрорланаверади. Масалан, ҳозир пойтахтимиз Тошкент шаҳрида замонавий кўрингани боис хориж меъморлигига тақлид қилишнинг мутлақо кераги йўқ. Дунёнинг қайси давлатидан келган бўлмасин, сайёҳлар бизга, ўзлигимизга, миллий қиёфамизга қизиқишгани каби биноларимизнинг ҳам ўзига хослигини қидиришади. Ҳозир Тошкент шаҳрининг исталган нуқтасида кўзингиз тушиши мумкин бўлган “I love Tashkent” шаклидаги арт-объектлар ҳам, бошқа шунақа олақуроқ нарсалар ҳам уларни қизиқтирмайди. Аждарҳо рамзини кўришни истаганлар эса ­Хитойнинг ўзига бориб қўя қолишади. Бу рамзни биздан кўра ­Хитойга бориб томоша қилиш улар учун қизиқарли, негаки, бунинг нималигини у ерда яхшилаб тушунтириб бера олишади, бизда эса уни қўйганларнинг ўзлари ҳам билишмайди.

Ҳақиқатан ҳам, Сайилгоҳ кўчасидаги аждарҳо тимсоли ёнида биров ушбу рамзнинг Хитойга тегишли эканлигини билса, бошқаси билмас, нега қўйилганига ақллари етмай, кифт қисишарди. Шоир айтганидек, “Ҳўкизнинг бўйнига тақсанг тақинчоқ, Томоша аҳлига бўлгай овунчоқ” қабилидаги бундай безаклар ўрнига миллий андозалар топиш наҳотки, шунчалар қийин бўлса?

Одина ОТАЖОНОВА,

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти доценти, психология фанлари номзоди:

—Ота-оналар фарзандларини қўлларидан ушлаб, уларни хурсанд қилиш мақсадида олиб бораётган хиё­бонларда бола кўз ўнгида намоён бўлаётган олам ўзга миллат рамзларидир. Масалан, пойтахтимизнинг Са­йилгоҳ кўчасидаги аждарҳо моҳиятини фарзандингиз билан Хитойга саёҳатга борганингизда тушунтира олишингиз мумкин, аммо бу ерда, яна Ўзбекистон давлатининг пойтахти бўлган Тошкентнинг қоқ марказида қандай тушунтирасиз? Хитойдан кеб қопти, дейсизми? Бундан ҳам баттари — “I love Tashkent” деган ёзув моҳиятини, қаердан келиб чиққанини, нимани англатишини қандай тушунтириб бера оласиз?

Ўзга миллатларнинг рамзига айланган ҳар хил кўзни қамаштирадиган ­расмлар, ўйинчоқлар, ҳайкалчалар пойтахтимиз ва бошқа шаҳарларимиз кўчалари, хиёбонларини тобора катта ҳажмда эгаллаб бораётгани бизни ташвишга солиши керак. Чунки бола борлиқ, яъни олам ва ўз атрофидаги инсонларнинг муносабатлари замирида ўзини англай бошлайди. Бу жараёнда таъсир этувчи воситаларнинг энг кучлиси ранг-баранг ўйинчоқлару рамзлар воситасида унга етказилаётган ахборотлар ҳисобланади. Ўша аждарҳо бола онгида кейинчалик ҳам севимли рамзга айланади. Севимлилик билан муқаддаслик ўртасидаги масофа кўп олис эмас.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Миллий ҳиссиётларни йўқотиш жиноят ҳисобланади

Ҳар қандай миллат вакилида миллий ҳиссиёт мавжуд бўлсагина, ўз халқини жони дилидан сева олишга қодир бўлади. Шу тариқа ўз юртини жонидан ортиқ кўриб, унинг ўтмиши, бугуни, келажаги учун қайғуради. Эл бошига иш тушса, ўзини ортга олмайди. Акс ҳолда...

“Ўз она тилидан ажрамоқлиқ миллий ҳиссиётларни йўқотиш натижасидир, — деб ёзади улуғ аллома ­Алихонтўра Соғуний. —Бу иш эса ­инсоният олами олдида улуғ жиноят, кечирилмас жиноят ҳисобланади”.

Жуманазар НУРМАТОВ, тиббиёт фанлари номзоди:

—Қалб бузилса, онг айниса, буни даволаш қийин. Қайси чет элга борсам, уларнинг тилини ўрганишга ҳаракат қиламан. Шифокор сифатида муқаддас Ҳаж сафарига борганимда, араблар Имом Бухорий юртидан эканлигимизни билиб, бизни қандай эъзозлаганликларини ҳеч қачон унутолмасам керак. Хориждаги миллатдошларимиз билан сўзлашганимда, улар олисларда юрт соғинчидан энтикиб, она тилимизда қанчалик чиройли мулоқотда бўлишлари ҳам қалбимни ларзага ­солганди. Тошкентга қайтганимда улуғ ­аждодларимизга нега муносиб бўлолмаймиз, нега одамларнинг ҳар куни иши тушадиган жойларга уларнинг муқаддас номларини бера олмаймиз, деган изтиробли хаёлларга борганим ёдимда.

Бир куни хориждан келган миллатдош танишим пойтахтимиздаги ­Темурийлар тарихи Давлат музейини кўриш истаги борлигини билдирди. ­Катта йўлга чиқиб, такси тўхтатдик. Қаерга боришимиз ­кераклигини айтдик. Ҳайдовчи бошини қашиб қолди. Амир Темур хиёбонини билмайсизми, дея унинг ёнида яна қандай иншоотлар жойлашганини тушунтира бошласам, эсига келиб қолиб, “Э-ҳа, сквер демайсизми?” деса бўладими? Меҳмоннинг олдида хижолатпазлигимни қандай яширишни билмай турсам, ҳайдовчи ўлганнинг устига тепгандек қилиб, “Уголок”ка борасизларми?” дейди.

Нима ҳам дейиш мумкин? Эшагига яраша тушови. Тошкент шаҳрининг қайси четидан такси тўхтатиб, вокзалга элтиб қўйишини сўрасангиз, “Северныйгами, Южныйгами?” деб сўрашади. Негаки, уларнинг онгида кўрган нарсалари муҳрланиб, қотиб қолган. Барчанинг диққат марказида бўлган шунақа жойларга дунё танийдиган боболаримиз, олиму ижодкорларимиз номлари қўйилса, қандай чиройли бўлар эди.

Бугунги кунда дунёдаги метро бекатлари реклама майдонига айланиб қолгани ажабланарли эмас. Москва, Лондон, Париж сингари шаҳарларда ҳам шунақа, гавжум жойларда реклама самарали бўлиши аниқ. Аммо ўша йирик шаҳарлардаги рекламалар ўзларининг она тилида, ўз менталитети ҳамда дунёқарашидан келиб чиқиб тарқатилади. Тошкент метро бекатлари ва кўчаларидаги рекламаларга бир назар ташлашнинг ўзидаёқ, “Ие, биз қайси мамлакатда яшаяпмиз ўзи?” деган таажжубли савол уйғонади. Ҳаттоки, буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур номи берилган метро бекати ҳам бундан мустасно эмас. Давлатимиз раҳбари аскарлар ҳарбий қасамёд қилишдан олдин, албатта, Ўзбекистон тарихи ва “Темур тузуклари”дан синов имтиҳони топшириши кераклигини таъкидлагани ёдингизга тушар экан, соҳибқирон номи билан аталган метро бекати бўйлаб унинг бирор-бир сўзини кўриб қолиш илинжида ўтаётган бўлажак аскар, ўсмир йигит кўз ўнгингизга келади. Наҳотки, Амир Темур хиёбони ва Темурийлар тарихи Давлат музейига олиб чиқадиган йўлларда “Темур тузуклари”дан намунали иқтибослар келтирилган шарқона мармар тахтачалар ташкил этиш мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаса? Албатта, бундай ёзувларнинг ўзбек тилидан сўнг рус ва инглиз тилларидаги таржималари ҳам ўзини оқлайди. Бугунги кунда эса... бу жойларда фақат хорижий тиллардаги рекламаларга тўқнаш келавериб, безиб кетасиз. Нега биз ўз тилимиздан ор қиламиз? Ёки ўзбек тилида ёзилса, маҳсулот ўтмай қоладими?

Ўрол ҲАЙИТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:

— Кўп жойларда пойтахт Тошкент кўчаларидаги ёзувлар бозорлардаги эълонлар каби имло хатолари сон-саноқсиз. Манзилнинг номи ўзгарган бўлса-да, транспорт воситаларидаги манзилни кўрсатувчи маълумот тахтачалари алмаштирилмай қолавериш ҳоллари кўп учрайди. Йўналишдаги транспорт воситалари йўналтирувчи белгилари — номлар хато, ғализ, ўзбекча сўзлар русча талаффузда ёзилган. Баъзан дилимиз сиёҳ бўлиб, “Шунчаликка келиб қолдикми?” деб юборганимизни ҳам билмай қоламиз.

“Реклама тўғрисида”ги Қонунда реклама тили ҳақида ҳам меъёр мавжуд. Унга кўра, реклама, биринчи навбатда,давлат тилида тарқатилиши кўрсатиб қўйилган. Кейин, реклама берувчининг хоҳишига кўра, бошқа тилларда тарқатилади. Кўчаларимиздаги реклама воситаси ҳисобланмайдиган ёзувларнинг хилма-хиллиги, турли-туманлиги Қонунга зиддир. Бугунги кунда “Реклама тўғрисида”ги Қонунда реклама тайёрловчи ва реклама берувчининг мажбуриятларини қайта кўриб чиқиш зарурати мавжуд. Негаки, йўл қўйилган имло хатолари учун кимдир жавобгар бўлиши керак. “Биз иш бошладик”нинг ўрнига “Биз очилдик” қабилидаги тутуриқсиз иборалар кўп. Бундайларга қонунда тегишли тартибда жарималар қўллаш ҳамда реклама тайёрловчи тил бўйича мутахассис штат бирлигини ташкил қилиши шартлигини қонуний белгилаб қўйишимиз лозим. Шунингдек, ­“Давлат тили ҳақида”ги Қонунда эса “Янги илмий асосланган атамалар жамоатчилик муҳокамасидан кейин ва Олий Мажлис палаталари тегишли қўмиталарининг розилиги билан ўзбек тилига жорий этилади”, деб кўрсатилган. Амал қилишга келганда, одатдагидек, оқсаб қоляпмиз.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Эртага кеч бўлади

Ижтимоий қурилманинг муҳим бўғинлари ва уларни боғловчи воситаларни бузиб юбориш тарқоқлик муҳитини барпо қилади. Қарабсизки, ўзига хос “мен”лик туйғусига путур етиб, ақлли кўринган зомбилар пайдо бўлади. Одоб-ахлоқ йўққа чиқади. Шундай қилиб, муайян бир ғояни кишилар онгига сингдириш ортида турган маълум гуруҳларнинг манфаатлари амалга ошиб, зомбиларни бошқаришни ўз қўлларига олишади. Пул, бойлик воситасидаги зўравонликдан ташқари, нотўғри ахборот ­тарқатиш ҳам ёвуз кучларнинг кўзга кўринмас, аммо қудратли ҳукмронлик манбаи эканлигини унутмаслик лозим.

Глобаллашаётган ахборот макони кишиларимизни маълум даражада гангитиб қўйгани, улар ахборот босимидан эсанкираб қолгани сир эмас. Ҳар қандайахборотда муайян ғоя мужассам.Абдулла ­Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, деган сўзлари фақат таълим муассасаларигагина тааллуқли, деб ўйлаш кечирилмас хато ҳисобланади. Хоҳ кўчаларда, хоҳ бозорларда — қаерда бўлмасин, омманинг эътиборига тақдим этилаётган ахборот воситаларининг замирида мана шу масала туриши кераклиги бугунги куннинг талаби, долзарб вазифасидир.

Илёс ҚУВОНДИҚОВ,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчиси:

—“Оммавий маданият” таҳдиди фақат четдан эмас, ўзимиздан, ўз орамиздан ҳам чиқиши мумкин. Аждодлар ҳаётини турли уйдирмаларга қоришиқ ҳолда тақдим этиш, маданиятнинг тубанлашуви, тарихнинг сохталаштирилиши миллатнинг илдизига болта уради. Шу маънода, бугун, айниқса, пойтахт ­Тошкент шаҳрининг қайси жойида бўлмасин, арт-объект, деб аталмиш қурилмалар, рекламалар жойлашуви ва уларнинг тилига катта эътибор бериш керак. Бу борада йўл қўйилаётган хато-камчиликларнинг қай бирини ­айтишимизни билмаётганимиз каби бу кетишда уларнинг қай бирини ­тузатишни ҳам билмай қолсак керак. Дунёда инсон онги ва қалби учун кечаётган кураш кескинлашаётгани бу манзаралар орқали кўз ўнгимизда ­намоён бўлмоқда. Биз эса уларнинг ёнидан бепарво ўтиб кетмоқдамиз.

Давлатимиз раҳбарининг “Барчангизга аён, ҳозирги кунда дунё миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кескин тус олмоқда. Диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзод асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар, оилавий қадриятларга путур етказмоқда”, деган сўзлари замирида акс этган ҳақиқат кенг жамоатчилик — шоир-ёзувчилар, меъморлар, социологлар, руҳшуносларни ҳам уйғонишга даъват этади. Асрлар давомида йўқотиб келинган миллат ўзлигини топишни бугундан бошлаши лозим, акс ҳолда, эртага кеч бўлади.

Шойим БЎТАЕВ (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019