“Ёшларни юксак гуманистик идеаллар руҳида тарбиялашда мусиқа санъатининг ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди”

16:58 10 Сентябр 2018 Жамият
254 0
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Қадимий Оқсарой майдонидаги жозиба, тарих ва замонавийликни ўзида мужассам этган чиқишлар, маҳаллий фольклор ансамблларининг лапару алёрлари меҳмонларни ҳайратлантирди, ҳавасини келтирди. Биз хорижлик иштирокчилар, шунингдек, айрим сайёҳларнинг фикрлари билан қизиқдик.

Жоти Хосаграхар Висверварая, ЮНЕСКО департаменти бошлиғи:

  • Дунёнинг кўплаб мамлакатларида уюштирилган турли анжуманларда иштирок этган санъат ва маданият соҳаси мутахассиси сифатида айтаманки, Халқаро мақом санъати анжумани юксак савияда ташкил этилгани билан ажралиб туради. Унинг очилиш маросимида биз дилбар қўшиқларни тинглаш баробарида миллий либослар намойишига ҳам гувоҳ бўлдик. Айни пайтда ҳар бир ҳудуднинг чиқиши ҳам менда катта таассурот қолдирди. Бу халқингизнинг азалий урф-одатлар, санъатга бўлган юксак эҳтиромини рамзидир. Биласиз, ташкилотимиз томонидан “Шашмақом” энг қадимий ва тарихий муҳим санъат тури сифатида тан олинган.Икки минг йиллик маданий меросга эга бўлган “Шашмақом” нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёдаги кўплаб мамлакатларда кенг тарқалган. Ушбу Халқаро мақом фестивали эса тарихий маданиятни тиклашда беқиёс аҳамиятга эга. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев тадбирнинг очилиш маросимида таъкидлаганидек: Бу ноёб бойликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ундан дунё аҳлини баҳраманд қилиш, келгуси наслларга безавол етказиш турли қитъа ва мамлакатлар вакилларини бу гўзал масканда мужассам этган анжуманимизнинг асосий мақсадидир”. 
    Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Рейчел Харрис, Шарқ ва Африкани тадқиқ этиш Лондон университети Шарқшунослик институти доктори (Буюк Британия):

— Биз бир неча кундан буён тарихий ва қадимий Шаҳрисабз шаҳрининг гўзаллиги, тарихий обидалари таровати, одамларининг меҳмондўстлигидан баҳраманд бўляпмиз. Бундай шукуҳнинг чекка қишлоқларда ҳам мавжудлиги бизни ҳайратлантирди. Қарши шаҳридаги Ёшлар хиёбонида мусиқага ихлоси баланд ёшлар билан учрашдик.

Бугун баъзи мамлакатлар аҳолисининг бир-бирига қурол тутиб, ирқ талашаётган бир пайтда ўзбек ёшларининг илм, касб-ҳунар ўрганишга интилаётгани, дунё халқларини мусиқа билан бирлаштираётгани Ўзбекистоннни жаҳон ҳамжамиятидаги обрўсини янада оширади. Беқарор, нотинч вазиятдаги баъзи давлатлар фарзандларини ҳам Ўзбекистон болаларидек бахтли бўлишини истардим. Юртингизга кўз тегмасин!

Шоҳ Ражеш, Банарас Ҳинду университети ижрочилик санъати факультетининг профессори (Ҳиндистон):

— Кўп бора эшитганим ва ўқиганим — Ўзбекистонга биринчи марта келишим. Шаҳрисабздаги тарихий обидалар менда катта таассурот қолдирди. Ўзимни мозийга тушиб қолгандек ҳис қилдим. Шаҳарнинг бугунги тараққиёти ҳам кўзни қувнатади — кўчалар тоза, озода, қаерга қараманг гулзор.

Юртингиз ҳақида таассуротларим кун сайин бойиб, ҳар қадамда ўзим учун бир янгилик кашф қиляпман. Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг кўплиги, ёш авлоднинг санъат ҳақидаги билимларини бойитишга қаратилган алоҳида таълим дастурларининг ишлаб чиқилгани жуда қувонарли. Кўпгина давлатлар таълим тизимида мусиқий таълим-тарбияга эътибор қаратишмайди. Ахир, инсон руҳияти, маданияти ва маънавияти шаклланишида мусиқанинг аҳамияти юқори эканлигини ҳали аксарият мамлакатларда англаб етишмаяпти. Биргина, мана шу халқаро мусиқа фестивалини олиб қаранг, ер юзининг тўрт тарафидан келган турли миллат ва элат вакилларини бирлаштириш, ўз миллий санъатларини бир саҳнада намойиш этиш имконини берди. Янграган куй-қўшиқларнинг тарихий ва қадимий обидаларга ҳамоҳанглиги фестивалга ўзгача жозиба бағишлади. Қолаверса, ушбу анжуман улуғвор мақсадларни ўзида мужассамлаштиргани туфайли бошқа фестиваллардан тубдан фарқ қилади.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Анвар Гола Муҳаммад, Бирлашган Араб Амирликлари маданият ва санъат вазирлиги координатори (БАА):

  • Бугун Ўзбекистонда санъат ва маданият соҳасини ривожлантиришга бўлган эътибор янада юксалганидан ҳавасдаман. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг: “Агар биз асл, ҳақиқий санъатни билмоқчи, ўрганмоқчи бўлсак, аввало, мумтоз мақом санъатини билишимиз, ўрганишимиз керак. Агар биз санъатни, маданиятни кўтармоқчи бўлсак, аввало, мумтоз мақом санъатини кўтаришимиз керак. Мақом оҳанглари, мақом руҳи ва фалсафаси ҳар бир инсон қалбидан, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг онги ва юрагидан чуқур жой олиши учун бор имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур” деган оташин сўзлари қалбимда бир умр муҳрланиб қолади.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўтказилган мусиқа фестивалларида, турли анжуманларда қатнашганман. Бироқ мақом анжумани илк бор ташкил этилган бўлса-да, у юқори савияси билан ажралиб туради. Унинг очилиш маросимида шахсан мамлакат раҳбари қатнашди, иштирокчиларга ўзининг самимий тилакларини билдирди. Жумладан, давлат раҳбарининг: “Бугунги замонда барча эзгу ниятли инсонларни бирлаштириш, ёшларни юксак гуманистик идеаллар руҳида тарбиялашда мусиқа санъатининг ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди” деган сўзлари ҳаққоний эътирофдир.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Сандор Сабо, Венгрия, мусиқашунос:

Ўзбек мусиқаси ўзининг жозибадорлиги, тарбиявий аҳамиятга эгалиги ҳамда замирида кучли фалсафа мужассамлиги билан бошқа халқлар санъатидан ажралиб туради.

Орадан неча минг йиллар ўтган бўлса ҳам, ўзбек мақом санъати асло ўзгармаган. Тарихийлигини, ўзининг кучли мазмун-моҳиятини ҳамон сақлаб келмоқда. Бунинг асосий сабаби, халқингизнинг фидойилиги десам, асло хато қилмаган бўламан.

Анжуман доирасида ўтказилган илмий-амалий конференцияда “Мусиқанинг муқаддас тажрибаси” мавзусида маъруза қилдим. Биз турли давлатлардан келган олимлар биргаликда мақом санъатининг долзарб масалалари хусусида фикр алмашдик. Ўйлайманки, Шаҳрисабзда бўлган ўзаро мулоқотлар келажакда ҳар биримизнинг фаолиятимизда асқотади.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
“Халқ сўзи” мухбирлари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар