Ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш қамрови кенгаймоқда

10:44 29 Октябр 2020 Иқтисодиёт
277 0

Халқимиз азалдан рўзғорнинг ободлигини ҳалол меҳнатда, деб билган. Ҳануз шу фикрда собит яшамоқда. Илгари оилада бир кишининг ишлаши қозон қайнашига, турмуш кечиришига кифоя қилган бўлса, ҳаётимизга турфа янгиликларнинг кириб келиши, замонавий эҳтиёжларнинг пайдо бўлиши оилавий меҳнат қилиш кўникмасини шакллантирмоқда. Уй бекалари ва фарзандлар ҳам оилабоши билан ёнма-ён ишлаб, мамлакат ривожига ҳисса қўфшиш баробарида, рўзғор кам-кўстини бутлаяпти. Халқимизнинг интилиш ва саъй-ҳаракатларига монанд давлат ҳам фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали фаровон турмуш кечиришига замин яратмоқда.

Бироқ ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Давлат имконият қилиб берса-да, фуқаро ундан фойдаланиш малакасига ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун етарли сармояга эга бўлмаса, саъй-ҳаракат самарасизлигича қолаверади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 55 фоизи ўрта маълумотли. Ишсиз ёшларнинг ҳам кўпчилиги замонавий билим ва ҳунарларни эгалламаган. Демак, уларни доимий иш билан таъминлаш учун касб-ҳунар ўргатиш, ишбилармонлик учун зарур билим ва маблағ зарурати мавжуд. Йиғилишда бу масаланинг ҳам ечими кўрсатилди. Хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниб, нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари орқали ёшлар ва аёлларда касбий кўникмаларни шакллантириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилиши таъкидланди. Шунинг 10 миллиони ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишга, 90 миллиони эса ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олганларга имтиёзли кредитлар ажратиш учун сарфланади. «Ижтимоий шартнома» орқали нодавлат касб-ҳунар ўқув курсларини битирадиган ёшлар ва аёлларга таълим харажатлари учун 1 миллион сўмгача субсидия берилади.

Шу ўринда банкимиз томонидан аҳолини, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, микромолиялаш тизимини такомиллаштириш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларга қисқача тўхталиб ўтсак.

Маълумот учун Давлат дастурлари ва инвестиция лойиҳалари ижроси бўйича жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига жами 3 трлн. 572 млрд. сўм кредит ажратилди.

Шундан:

– 659,2 млрд. сўми 16 910 нафар ёшнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга йўналтирилди.

– 563,2 млрд. сўми эса 18 556 нафар аёл тадбиркорлар учун ажратилди.

Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларига асосан 2020 йилда 1 138 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди ва 44 448 та иш ўрни яратилди. Шундан, биргина «Ҳар бир оила – тадбиркор» давлат дастури доирасида ажратилган 879 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлардан 569 млрд. сўми 28 122 нафар ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга йўналтирилди.

Ҳунармандчилик соҳасида ҳам 4 081 та мижозга ажратилган 126 млрд. сўм имтиёзли кредитларнинг 112 млрд. сўми ёки қарийб 89 фоизи 3 772 нафар аёл ва ёш тадбиркорларга йўналтирилган. Бундан ташқари, «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури бўйича 928 нафар, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари йўналишларида 443 нафар хотин-қизлар ва ёшлар бандлиги таъминланди.

Масалан, Тошкент вилояти, Тошкент туманидаги "Bonito Group" МЧЖ раҳбари Сайдилло Солиевнинг трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини молиялаштириш учун 1,5 млрд. сўм кредит ажратилди. Ҳозир корхонада 90 нафар иш ўрни яратилган бўлса, уларнинг 61 нафари ёшлардир.

Чуст тумани, Тепақўрғон МФЙда фаолият кўрсатувчи «Апекс Пласт Инвест Груп» МЧЖ раҳбари Юсупов Аҳмаджон Ҳабибжон ўғлининг тухум флейкаси ишлаб чиқариш фаолияти учун 600 млн. сўм кредит ажратилди. Ушбу корхонада жами 20 та янги ишчи ўрини яратилди, шундан 16 нафари ёшларни ташкил қилади.

Умуман олганда, банкимиз томонидан 2020 йилнинг якунига қадар, қўшимча равишда ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яна 172 млрд. сўмга яқин кредитлар ажратилиши режалаштирилган.

Мазкур кредитлар самарадорлигини ошириш учун тайёр бизнес лойиҳаларни амалга ошириш, ўзини-ўзи банд қиладиган 67 та йўналиш бўйича тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун керакли молиявий маслаҳатлар бериш тизими банкнинг ҳар бир ҳудудий бўлинмаларида жорий қилинмоқда.

Бундан ташқари, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини молиявий қўллаб қувватлаш ва бандлигини таъминлаш соҳасида «Темир дафтар»га киритилган фуқароларнинг 5 859 тасига 59,9 млрд. сўм кредит ажратилди. Мазкур соҳада ҳам 2 686 нафар ёшга 28,7 млрд. сўм ва 3 040 нафар аёлга 27,2 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди.

Албатта, банкимиз томонидан амалга оширилаётган юқоридаги ишлар билан чекланиб бўлмайди. Чунки бу борадаги ҳали қилиниши зарур бўлган ишларимиз жуда кўп. Президентимиз томонидан 2020 йил 13 октябрда қабул қилинган «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эса ушбу йўналишдаги ишларимизни ривожлантириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Ушбу қарор билан 2020 йил 15 ноябрдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби амалиётга жорий қилиниши белгиланди.

Ушбу ўқув курсининг якуний босқичида фуқароларга банк томонидан тасдиқланган ўқув дарслари ва машғулотлари ўтказиш вазифаси топширилди. Мазкур ўқув дарсларида фуқаролар банк маҳсулотларидан масофадан фойдаланиш, банкнинг мавжуд хизматлари ва маҳсулотлари тўғрисида тўлиқ маълумот олишади.

Ўқув курсларини якунлаб махсус сертификатга эга бўлган мижозларга эса ходимларимизнинг ўзи алоқага чиқади. Яъни мижоз банкка мурожаат қилмаган тақдирда ҳам банк ходими мижоз билан боғланиб, унга банк хизматларини таклиф этади. Қайси филиал ёки Банк хизматлари марказига (БХМ) учрашиши мумкинлиги ёки банкка ташриф буюрмаган тарзда электрон ариза тақдим этиш имконияти мавжудлиги тўғрисида маълумот берилади.

Касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотлари курсларини муваффақиятли тамомлаб, уларнинг сертификатини олган шахсларга ўз бизнесини ташкил этиш учун ҳеч бир муаммога дуч келишмайди. Яъни тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан ёшлар ва хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилади.

Шунингдек, микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача микрокредитлар ажратилиши белгиланган. Ушбу микрокредитлар 3 йил муддатгача 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида берилади.

Бунда банк инфратузилмасини кўпайтиришда, асосан, қулай ва замонавий БХМлар орқали онлайн масофавий хизматлар кўрсатиш назарда тутилган. Бугунги кунда банкнинг 71 та филиали ва 100 дан ортиқ Банк хизматлари марказлари ҳамда минибанклари хизмат кўрсатиб келмоқда. Бозор иқтисодиёти шароитида талабдан келиб чиқиб, қўшимча БХМлар ташкил қилиб борилмоқда.

Албатта, мавжуд инфратузилмалар билан юртимизнинг барча ҳудудларини бирдек қамраб олишнинг имкони йўқ. Шундан келиб чиққан ҳолда галдаги вазифамиз 2021 йил давомида республиканинг барча туман ва шаҳарларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали микромолиявий хизматлар кўрсатиш имкониятини яратувчи банк инфратузилмалари тармоқларини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, ўзи операторлик вазифасини бажарувчи микромолиялаш миллий тизимини яратиш ва унда бошқа кредит ташкилотларининг манфаатдорлик асосида иштирок этишини таъминланади. Банкнинг қуйи бўғин ходимларини тўлиқ қайта тайёрлаш ва мижозга йўналтирилган хизмат кўрсатиш тизимини жорий қилинади. Бунда соҳада муваффақиятга эришган ва халқаро тан олинган хорижий молия институтларида ходимларнинг малака ошириши ва тажриба алмашишини ташкиллаштирилади.

Банк бошқаруви таркибига ижтимоий йўналтирилган микрокредитлаш соҳасида етарли тажрибага эга бўлган хорижий малакали мутахассисларнинг жалб қилинади.

Юқоридаги тадбирлар натижасида фуқароларга ўз бизнесларни йўлга қўйишнинг барча босқичларини қамраб олган ҳолда банк хизмати кўрсатиш режалаштирилган. Бунинг натижасида кичик бизнес субъектларининг узоқ муддат яшовчанлиги таъминланади, миллий иқтисодиётимиз равнақида кичик бизнеснинг улуши ошиб боради, аҳолининг кенг қатламини тадбиркорликка жалб қилиш орқали уларнинг юқори даромадга эга бўлиши таъминланади.

Ушбу қарор талабига кўра, 2021 йил 1 январга қадар «Микрокредитбанк»нинг аҳолини, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича янги бизнес модели ишлаб чиқилади. Бу бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган.

Қисқасини айтганда, «Микрокредитбанк» жамоаси тадбиркорларнинг, хусусан, ишбилармон ёшлар ва хотин-қизларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлида бор имкониятларни ишга солади. Муҳими, бунинг натижасида ишсизлик камайиб, рўзғорларга барака киради, одамларнинг ишбилармонлик қобилияти юзага чиқади. Президентимизнинг юқоридаги қарорлари эса бу борадаги ишларимизни янада ривожлантиришга муҳим дастуриамал бўлиб хизмат қилади.

Ориф БУТАЕВ,
«Микрокредитбанк» АТБ
Бошқаруви раиси.

Реклама ҳуқуқи асосида

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?