Ёшлар уйлари қачон ўз эгаларига берилади?

12:14 27 Февраль 2019 Жамият
2578 0

Ёшлар — келажагимиз, юрт таянчи ҳамда ишончи, деймиз. Шу боис айни пайтда юртимизда ёш авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Ўқиш ва ишлашлари учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар эса уларни янги марралар сари ­ундаётгани бор гап. Бинобарин, ҳозирги кунда ўз билим ҳамда меҳнати билан юртимиз ­тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган йигит-қизларимиз ҳам талайгина. Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-­қувватлаш тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар ­Маҳкамасининг 2017 йил 23 сентябрдаги “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашда қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса уларнинг илм ҳамда меҳнат йўлида, умуман, ҳаётда муносиб ўрин топишлари учун ғоят муҳим ҳужжат бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Таҳририятимизга бир гуруҳ ёшлар номидан келган аризада худди шу масала, аниқроғи, уй-жой таъминоти ­масаласи кўтарилган. Аризада 2018 — 2021 йилларда мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун уй-жойлар қуриш параметрлари тасдиқланган ҳолда, ўтган йили Тошкент шаҳрида 420 хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши белгилангани, аммо ушбу уйлар барпо этилмагани, бу пайтга келиб, 2015 — 2017 йиллардан буён Тошкент шаҳрида Ёшлар уйлари қуриб, фойдаланишга топширилмаганлиги сабабли, ёшлар орасидан саралаб олинган номзодлар сони 630 нафарга етганлиги баён қилинади. Ваҳолонки, ушбу масала давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 октябрь куни Юнус­обод туманига ташрифи давомида берилган топшириқлар юзасидан мажлис баёнида ҳам акс эттирилгани келтирилади.

— Сергели туманидаги 21-болалар мусиқа мактабида бўлим ­бошлиғи вазифасида ишлайман, — дейди улардан бири ­Санъатжон ­Шарипов. — Ўзим Халқ таълими аълочисиман. 630 та ёш оилага берилган сертификатни олганлар қаторида мен ҳам борман. Ижтимоий ҳаётда ютуққа эришган ёшлардан бири сифатида Сергели туманининг “Чоштепа” МФЙ ҳудудидан уй ­олмоқчиман. Чунки сертификатда айнан шу маҳалла кўрсатилган. ­Лекин шу кунгача уйдан дарак йўқ. Шу боис бир неча бор масъул ­ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўляпмиз...

Қисқаси, мазкур ёшларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, шу саволни ўртага ташлашмоқда: бизга қачон ва қаердан уй берилади? Чунки улар бу масалада Ўзбекистон ёшлар иттифоқида бир неча бор бўлишганда, уйнинг қачон топширилиши-ю, қаердан берилиши ­хусусида аниқ жавоб олишолмаганини таъкидлашмоқда. Шу боис мазкур тушунарсиз ҳолатга жавоб олишни исташяпти.

Хўш, бунга мутасаддилар нима дейди? Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашига мурожаат қилиб, унинг юридик хизмат ­бўлими мудири ­Баҳром ИлҲомжоновнинг фикрларига қулоқ тутдик.

— Ушбу масаладан хабаримиз бор, — дейди суҳбатдошимиз. — Бу бўйича биз 2018 йил июнь ойи­да Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилганимизда, улар томонидан Ёшлар уйи учун ажратилган квота ва лимит 2017 йилда ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига имтиёзли ипотека кредити асосида берилгани маълум қилинди. Бу ҳам мақсадсиз эмас, албатта.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан 2018 йил июль ойида Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилиниб, Сергели туманида 420 та квартирали кўп қаватли уй қурилиши белгиланди. Айни пайт­да улар барпо этилмоқда. Қолаверса, бу уйлар қурилиши сентябрь ва октябрь ойларида бошланганлиги боис тугалланиши май-июнь ойларига белгиланган. Бу 2018 йил ҳисобидан. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2018 йил 24 ноябрдаги ­қарори асосида жорий йил учун яна 420 та уй қурилиши белгиланганди. Ҳозир мазкур уйлар қурилиши ҳам бошланган. Бу жорий йилда 2018-2019 йиллар ҳисобидан мамлакат ижтимоий ҳаётида алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларга 840 та уй қурилиши режалаштириляпти, деганидир. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 3 декабрдаги “Тошкент шаҳрида қуриб битказиладиган кўп қаватли уйлардаги хонадонлар тақсимотини самарали ташкил этишга қаратилган қўшимча чоралар ҳақида”ги фармойишининг биринчи иловасига мувофиқ, Сергели тумани 8-қурилиш майдонидан 2 та (84 та квартира, 29-30 рақамли) ва 9-қурилиш майдонидан 8 та (336 та квартира, 9, 10, 18, 19, 34, 55, 72, 73-рақамли) уйлар, иккинчи иловаси билан эса 8-қурилиш майдонидан 10 та (72 — 81 рақамли) яна 420 та квартира ажратилиши белгиланган. Демак, бу йил Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жами кўп қаватли уйлар квартираларининг 840 таси Ёшлар уйи сифатида ­мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларга ­топширилади.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, уйларни қуриб битириш муддати, уларнинг сифати қандай, деган саволларга жавоб бериш бизнинг ваколатимизга кирмайди. Бу ҳолат инобатга олиниши керак. Навбатда турган ёш оилаларнинг ҳам бу уйдан оламан, бунисидан олмайман, дейишга ҳаққи йўқ. Сабаби Ёшлар уйлари Президентимиз томонидан қабул қилинадиган қарорлар асосида барпо этилади. Айни пайтда қурилаётган уйлар юқорида айтиб ўтганимиздек, саккизинчи ва тўққизинчи қурилиш майдонида. Ёшлар айтяптики, ­уйимиз “Чоштепа” МФЙ ҳудудида бўлиши керак.

— Чиндан ҳам, уларнинг қўлидаги сертификатларда айнан “Чоштепа” МФЙ ҳудуди кўрсатилган-ку, бунга нима дейсиз?

— Ёш оилаларга Ёшлар уйи сифатида режалаштирилган уй-жойлар мазкур қурилиш майдони ҳудудида қурилиши кўзда тутилган эди.

Бироқ “Чоштепа” МФЙ ҳудудида бугунги кунда қуриб битказилган уйлар хусусий тадбиркорлар томонидан бунёд этилган. Шунга қарамасдан юқорида қайд этганимиздек, ­дастлабки 150 ёш оила айнан “Чоштепа” МФЙ ҳудудида қуриб битказилган уй-жойларга кўчиб ўтади.

Бу масалада биз, албатта, вазиятни тушуниб, узоқ муддат уй-жойлар топширилишини кутаётган ёш оилаларни қўллаб-қувватлагани учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Молия вазирлигига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Ваҳолонки, бу Ёшлар уйлари эмас. Ўз навбатида, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Давлат дастури асосида белгилаб берилган уйларга тавсиянома беради. Шартнома тузилгач, биз олдиндан уйларнинг бошланғич тўлови, яъни 25 фоизини тўлаб берамиз. Бу — бизнинг мажбуриятимиз. Давлат дастуридан ташқарига чиқишга бизнинг ҳам ҳуқуқимиз йўқ.

Лекин шу ўринда қайд этиш ­керакки, яқинда Ўзбекистон ёшлар иттифоқига Вазирлар Маҳкамаси томонидан мамлакат ижтимоий ҳаётида фаоллик кўрсатган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Чоштепа” МФЙ ҳудудидан уларга уй ажратиш учун рўйхатни шакллантириш ва ўрнатилган ­тартибда Тошкент шаҳар ҳокимлигига тақдим этиш бўйича топшириқ хати келиб тушди. Шунга мувофиқ, 2019 йил 31 январь куни Тошкент шаҳар ҳудудий комиссиясининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди ва унда ўша 630 нафар номзод орасидан рўйхатда турган ­дастлабки 150 ёш оиланинг рўй­хати тасдиқланиб, ҳокимликка ­юборилди. Бугунги кунда бунинг учун ­кредит ресурси ажратилган.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши 150 ёш оиланинг Ёшлар уйини сотиб олиш учун дастлабки бадал тўловларини, яъни 9 779 828 850 (тўққиз миллиард етти юз етмиш тўққиз миллион саккиз юз йигирма саккиз минг саккиз юз эллик) сўм пул маблағини жорий йилнинг

5 февраль санасида ўрнатилган тартибда тегишли ҳисоб рақамга ўтказиб берди. Ҳозирги кунда ёш оилалар билан дастлабки уч томонлама олди-сотди шартномалари тузилиши бошланди.

Бугунги вазият шу. 

— Дастлабки, яъни 150 ёш оиланинг рўйхати ­нимага асосланиб шакллантирилган?

— Бунда ёш оилаларнинг Ўзбе­кистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳузуридаги Республика ­комиссияси томонидан ҳисобга қўйилганлик кетма-кетлигига алоҳида эътибор қаратилган. Яъни ким олдинроқ ҳужжат топширган ва ҳисобга (навбатга) қўйилган бўлса, улар мазкур рўйхатга киритилган. Бу рўйхатга 2014 — 2016 йилларда ҳужжат топшириб, ҳисобда турган ёш оилалар киритилган. Жараёнда уларнинг орасидан вакиллар ҳам сайладик. Улар жамоатчилик назоратчиси сифатида иштирок этишди.

Шу ўринда қолган 480 та оилачи, деган савол туғилиши мумкин. Мутахассиснинг таъкидлашича, жорий йилда ёшлар учун 840 та ­хонадон қурилмоқда. Бу 2018-2019 йил дастури бўйича май-июнь-июль ойларига белгиланган ишлар. Ёшлар иттифоқи 480 нафар ёш оилага ҳам худди шу “Чоштепа” МФЙ ҳудудидан уй берилишини истисно қилмаяпти. Демак, уларни шу йилнинг ўзида жойлаштириш имконияти ­мавжуд. Молия вазирлиги томонидан 75 фоиз ­кредит ресурси топиб берилса, Ёшлар иттифоқи бошланғич тўловни амалга оширишга тайёр.

Вазиятни ҳокимлик қандай изоҳлайди?

— “Чоштепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 3 996 хонадонли 66 та уй қурилиши керак, — дейди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Элбек Шукуров. — Уйларни барпо этиш кетма-кетлиги бўйича оладиган бўлсак, бугунги кунга келиб, бу ерда 21 уй битган. Бу — биринчи бос­қич уйлари. Март ойи охири ва апрель ойи бошларида иккинчи босқич уйлари қурилиши якунланса, учинчи босқич уйлари бунёдкорлик ишлари якунланиши июнь ­ойига тўғри ­келади.

Айни пайтда чиқарилган тақсимотда ­дастлабки босқичда 150 та ёш оиланинг 80 таси уй билан таъминланиши назарда тутилмоқда. Чунки ушбу уйлар 6 та контингент, яъни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, ­Президент Админис­трацияси, ­Вазирлар Маҳкамаси ходимлари, ёш оилалар ҳамда оғир шароитда яшаётган, имконияти чекланган, ногиронлиги бор инсонларга тақдим этиляпти. Хуллас, уйлар шу тоифаларга тенг тақсимланганда, бир ва икки хонали хонадонларда муаммо йўқ. Улар етарли. Лекин биринчи бос­қичда оладиганлар учун уч хонали хонадонлар етишмовчилиги вужудга келмоқда. Сабаби депутатлар, ­Сенат аъзоларининг ёши катта. Фарзандлари сони, жинсидан келиб чиққанда, уч хоналига талаб юқори бўлди. Аслида, ёш оилаларда икки хоналига эҳтиёж кўп бўлади, деб ўйлагандик. Бироқ ёш оилалар ичида ҳам икки, уч, ҳаттоки, тўрт нафар фарзандлилар ҳам бўлганлиги учун 150 танинг ичида бор-йўғи 30 тасида икки хоналига эҳтиёж борлиги маълум бўлди. Уч хонали уй топиб беролмаганимиз нуқтаи назаридан қайта тақ­симот қилинди. Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ёшларни ҳудудга олиб бориб уйлар кўрсатилганда, ҳали тақсимот қилинмаган эди.

Аслида, муаммо қаердан келиб чиққан эди? Гап шундаки, шаҳар ҳокимлиги собиқ раҳбарияти томонидан қилинган тақсимот туфайли ёш оилаларга мўлжалланган 420 та хонадон бошқа контингентга берилган. Яъни пойтахтимизнинг бошқа туманларидаги имконияти чекланган аҳоли вакилларига. ­Натижада ёш оилалар уйларини кутиб қолди. Шу боис ҳокимлигимиз томонидан мазкур маҳаллада қурилаётган уйларни ёш оилага бериш тўғрисида раҳбариятга таклиф билан чиқилганди. Ва таклиф маъқулланганди. Лекин ўша пайтда Молия вазирлиги томонидан бунга маблағ топиб бериш масаласи пайдо ­бўлади, деб ўйламагандик. Лекин шу муаммо пайдо бўлди.

Бундан ташқари, ёш оилалар учун мўлжалланган 420 та хонадоннинг бериб юборилганлиги хусусида Ҳукуматга хат билан мурожаат ­қилганимизда, Чоштепа ҳудудига яқин жойда бу йилга мўлжалланган 420 тадан ташқари, яна 420 та хонадон қўшиб берилди. Ҳозир мазкур ёшларга мўлжалланган 840 та хонадонли уйлар қурилиши давом этмоқда. Яъни Ҳукумат томонидан ҳам вазият тўғрилаб қўйилди. Биз ҳам ҳокимлик томонидан қўшимча 630 та хонадон ажратдик. Яъни ёшларнинг кўнгли ўксимасин, кутганлиги ўрнини компенсация қилиш нуқтаи назаридан.

Ёшларимизни эшитадиган бўлсак, тўғри, уларга яна бир марта кўчишинг сал кечикади, дейиш оғир ботиши, табиий ҳолат. Бу билан ўзимизни оқлаш ниятимиз йўқ. Лекин вазият шунақаки, ҳозир мўлжалланган контингентга тенг тақсимлашга ҳокимлик ҳам мажбур. Кўпчилик ўйлаяптики, уй берилмас экан, олиб қўйилар экан, деб. Бу ҳақда ҳеч қанақа гап бўлиши мумкин эмас. Ҳаммаси берилади. Фақат маълум бир муддат фарқи билан.

Айтиб ўтганимиздек, дастлабки босқичда 80 та ёш оила, кейин, яъни апрель ойида 70 та ёш оила уй ­билан таъминланади. Албатта, бунда аввалги тақсимотдаги хонадон рақамлари ўзгариши мумкин.

Учинчи босқич бўйича айнан “Чоштепа” МФЙ ҳудудида 480 та оилага уй берилиши ­Молия вазирлиги томонидан молиявий манба топилишига боғлиқ. Шу билан бирга, мазкур ёшлар учун юқорида келтирилган, қурилиши давом ­этаётган 840 та хонадоннинг молиявий манбаси аниқ. Ушбу уйларни ёш оилаларга бериш учун ҳеч ­қандай муаммо мавжуд эмас. Қурилиш якунланиши билан Ўзбекистон ёшлар ­иттифоқи тавсиясига кўра, мазкур уйлар ўз эгаларига топширилади.

Суҳбатдошларимизнинг фикрларидан англаш мумкинки, бу ­борадаги ишларга киришилмоқда. Биз ҳам ёшларимиз бот-бот ­таъкидлаётганидек, ўз уйига, ўз “Ватани”га жорий йилда эга ­бўлишларига умид қилиб қоламиз.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019