Ёшлар тарбиясида йўл қўйилган камчиликлар танқид қилинди

10:07 21 Ноябрь 2018 Жамият
344 0

Иллюстратив фото

Бола тарбияси ҳамма учун бирдек масъулиятли вазифа. Аммо битта туманда вояга етмаганлар ва ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар умумий жиноятларнинг қарийб учдан бирини, яъни 38,3 фоизини ташкил этса, бунга ким жавоб беради?

Энг ёмони, кўнгилочар масканларда тунги вақтларда вояга етмаган ўсмирлар бўлгани аниқланиб, уларнинг катта қисми мактаб ўқувчилари экани қайд этилса-чи?

Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг қўшма йиғилишида айни шу саволлар ўртага ташланди. Республика комиссияси ва 1-минтақавий ишчи гуруҳи аъзолари, сенатор ва депутатлар ҳамда масъул идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида қатор долзарб масалалар муҳокама этилди.

Жумладан, вилоятда жорий йилнинг ўтган ўн ойида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари таҳлил қилинди.

Ўтган даврда ҳудудда бу йўналишда муайян саъй-ҳаракатлар қилинган. Профилактика ишлари доирасида вилоятнинг жиноят кўп содир этилган маҳаллалари танланиб, ушбу фуқаролар йиғинларини бу йўналишдаги намунавий маҳаллага айлантиришга қаратилган “йўл хариталари” ишлаб чиқилган ва ижро этилмоқда.

“Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати” тизими доирасида ваколатли давлат идоралари, маҳалла, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ёшлар ташкилотлари томонидан жиноятнинг туб сабаблари ва уларни келтириб чиқарган омиллар ўрганилиб, қайта содир этилмаслиги учун зарур чора-тадбирлар, айбдорларга нисбатан қонун устуворлиги ҳамда жазо муқаррарлиги доирасида қатъий чоралар кўрилаётгани таъкидланди.

Бироқ ютуқлар қаторида вилоятда айрим йўналишларда камчиликлар ҳам борлиги аниқланган. Хусусан, таҳлил этилаётган йўналишда секторлар фаолияти ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилмагани натижасида қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси каби оғир жиноятлар сони Фарғона, Қўқон, Қувасой, Марғилон шаҳарлари, Олтиариқ, Қува, Бувайда, Бағдод, Бешариқ, Қўштепа, Тошлоқ, Сўх,Риштон, Фарғона, Фурқат туманларида ошган.

Бундай нохуш статистиканинг сабаблари таҳлил қилинар экан, аксарият ҳолларда жиноятлар содир этилишига оилавий муносабатларнинг кескинлашуви, фуқаролар иқтисодий аҳволининг ёмонлашуви, қолаверса, маҳалла ва жамоатчиликнинг нотинч оилаларга нисбатан лоқайдлиги сабаб бўлаётгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишда таълим муассасалари, Ёшлар иттифоқи, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ва бошқа мутасадди идоралар фаолияти ҳам кутилган натижаларни бермаётгани танқид остига олинди. Якунда ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича Республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.

Йиғилишда Республика комиссияси Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев иштирок этди.
Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019