Ёшлар манфаатларини таъминлашда самарали мулоқот

17:25 12 Июнь 2018 Сиёсат
381 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида БМТ Бош котибининг Ёшлар ишлари бўйича вакили Жаятма Викраманаяке бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида меҳмонларга мамлакатимизда барча соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, айниқса, тизимли равишда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида сўзлаб берилди. Парламент қуйи палатасида тузилган Ёшлар масалалари бўйича комиссия ҳамда унинг асосий фаолиятига муфассал тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, мазкур комиссия йигит-қизларнинг замонавий билим ва кўникмага эга бўлишларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий фаоллигини юксалтириш, илғор ғоя ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борадаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатларни рўёбга чиқармоқда. Шунингдек, у ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар парламент вакиллари билан самарали мулоқот ҳамда тажриба алмашишда ҳам фаол қатнашяпти.

Учрашувда Хитой Халқ Республикасининг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТнинг навбатдаги саммитида Президент Шавкат Мирзиёев таклифига кўра, ташкилотга аъзо давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилинганига алоҳида урғу берилиб, бу Ўзбекистоннинг ёшлар масаласига нақадар жиддий ёндашишини намоён этгани таъкидланди.

Ўз навбатида, меҳмон БМТнинг 2015 — 2030 йилларга мўлжалланган Тараққиёт дастуридаги вазифалар Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадлар билан ҳамоҳанг эканини айтиб ўтди. Айни чоғда нафақат Тошкент шаҳри, балки вилоятларда бўлиб, ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш ниятида эканини билдирди.

БМТ Бош котибининг Ёшлар масалалари бўйича вакили Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти қошида ташкил қилинган “Ёш қонуншунослар клуби” тақдимот маросимида ҳам иштирок этди.
Мунисхон КАРИМОВА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар