Ёшлар манфаатларини кафолатлаш​​​​​​​ тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланишнинг муҳим шартидир

21:05 07 Октябр 2019 Жамият
342 0

Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»

Кеча пойтахтимизда “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзуида халқаро конференция бошланди.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ташаббуси билан Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган мазкур 6-семинарда ташкилотга аъзо ва кузатувчи мақомидаги 50 дан зиёд давлатлардан экспертлар ҳамда ушбу мамлакатларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлари вакиллари иштирок этмоқда. Анжуманда, шунингдек, БМТ, ЮНОДС, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, ЮНФПА, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Европа Кенгаши, ШҲТ, АЙСЕСКО каби нуфузли халқаро ташкилотлар, қатор хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари вакиллари қатнашмоқда.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»

Таъкидлаш керакки, Ислом ҳамкорлик ташкилотига 1969 йил 25 сентябрда Марокаш пойтахти Работда ўтказилган ислом давлатлари раҳбарларининг биринчи йиғилишида асос солинган эди. Бош қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда 57 та мамлакат унинг аъзолари ҳисобланади.

ИҲТ макони дунёдаги энг кўп ёшлар яшаётган ҳудуд ҳисобланади. Тахминларга қараганда, 2050 йилга бориб бутун дунё ёшларининг учдан бир қисми ИҲТ мамлакатларида истиқомат қилади. Бу мазкур ҳудудларда саноат, инновация ва тараққиёт борасидаги беқиёс салоҳияту имкониятлар мавжудлигидан дарак беради.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»

ИҲТга аъзо давлатлар бундай улкан салоҳиятдан самарали фойдаланишлари учун ёшлар билан боғлиқ жиддий муаммоларни ҳал қилишлари лозим. Шу каби масалалар, хусусан, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича мавжуд халқаро ва минтақавий механизмларни таҳлил қилиш мақсадида ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Тошкент шаҳрида семинар ўтказмоқда. Шу билан бирга, тадбир иштирокчилари ўзаро мулоқотлар асносида бу борада тажриба ҳам алмашмоқдалар.

Анжуманда ИҲТга аъзо мамлакатлар ёшлари ўз ҳуқуқларидан тўла фойдаланишида дуч келаётган асосий муаммоларга эътибор қаратилмоқда. Қатнашчилар ўз мамлакатлари ёшларига доир давлат сиёсати ва жорий дстурлар таҳлили бўйича хулосаларини тақдим этяпти.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»

Йиллик 6-семинар якунида аъзо мамлакатлар учун тавсиялар мажмуини ўзида мужассам этган ҳужжат қабул қилинади. Бугунўз якунига етадиган анжуманда қабул қилинадиган ушбу ҳужжат ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги сессиясига тақдим этилади.

***

Тадбир доирасида Тошкент шаҳрида мазкур халқаро семинарга ташриф буюрган ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Бирлашган Араб Амирликлари, Габон, Озарбайжон, Покистон, Уганда ва Кувайт давлатларидан сайланган янги аъзоларининг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши томонидан мазкур ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссия аъзолари уч йил муддатга, бир марта қайта сайланиш имконияти билан сайланадилар. Тадбирда янги аъзоларга Комиссиянинг тузилиши, тарихи ва вазифалари ҳақида ахборот берилди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»
Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»
Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»
Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»
Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»
Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»
Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»
Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»
Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»

Сўз — иштирокчиларга

Маха АКИЛ,

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби вакили:

— Ташкилотимиз олдида ёшлар бандлигини таъминлаш орқали улар ўртасидаги жиноятчиликни бартараф этиш вазифаси турибди. Бунинг учун уларнинг таълим олиши бўйича махсус ишлаб чиқилган концепция механизмларидан фойдаланамиз. Шунингдек, гендер тенглиги, таълим олиш, иқтисодий юксалиш, адолатнинг таъминланиши ва тинчлик каби бешта муҳим стратегия бўйича ҳужжат қабул қилинган. Навқирон авлод вакиллари ўз ташаббус ва салоҳиятларини рўёбга чиқариш орқали муносиб жамият шаклланишига ҳамда мамлакатлари барқарорлигини таъминлашга амалда ҳиссаларини қўшишлари учун мазкур соҳада ҳамкорлик қилиш биз учун муҳим аҳамиятга эга. Мазкур семинар ИҲТга аъзо барча давлатларнинг ёшлар борасидаги ҳуқуқий, маъмурий ва сиёсий стратегиясини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Ричард КОМЕНДА,

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси вакили:

— Кўплаб ёшлар ўз ҳуқуқларининг топталишига ва зўровонликларга дуч келмоқда. Шу боис ҳам ҳозир кўтарилаётган масала биз учун жуда муҳим. Ёшлар муаммолари бўйича кўплаб омилларга сабаб бўлаётган глобал чақириқлар бор. Меҳнат бозорида улар учун тенг шароитлар яратиш масаласидаги қонунбузилиш ҳолатлари шулардан биридир. Афсуски, ёшлар муаммоларини ҳал этишда барча механизмлардан фойдаланилмаяпти. Кўпинча улар фақат маслаҳатлашувлар билан чекланишмоқда. Ёшлар қатламининг жамиятга мослашиш жараёнида ҳамкорлик қилишимиз шарт. Баъзи мамлакатларда ўсмир йигит ва қизлар ижтимоий-сиёсий ҳаётдан ва муҳим сиёсий қарорлар қабул қилинишида четда қолиб кетмоқда. Ижтимоий жамиятда уларнинг фаоллигини ошириш долзарб масалалардан биридир. Мавжуд муаммоларни ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар орқали ҳал этиш лозим.

Ашита МИТТАЛ,

БМТнинг наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили:

— Биз ёшларнинг турли жиноий гуруҳлар ва радикал ҳаракатларга қўшилиб кетиш даражасини камайтириш мақсадида навқирон авлод вакилларининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз. Ҳуқуқ ва эркинликдан ҳар бир инсон фойдаланиши шарт, лекин ёши нуқтаи назаридан, у алоҳида қатламлар учун чегараланиши лозим. Бу эса ўсиб келаётган авлодга салбий таъсир қилмаслиги лозим. Мазкур семинарда кўтарилаётган масалалар орасида ёшлар бандлиги ҳам бор. Мамлакатларда таълим олишда ҳар бир ёш учун тенг имкониятлар бўлиши зарур. Қолаверса, бу тамойил келиб чиқишидан қатъий назар, меҳнат бозорида ҳам амалиётга татбиқ этилиши лозим. Ёшлар ҳуқуқларини таъминлашда самарадорликка эришиш учун ҳамкорлик қилишимиз зарур. Биз бу борада Ўзбекистон ва қатор халқаро ташкилотлар билан биргаликда ишлашга тайёрмиз.

Юнус БЎРОНОВ

(“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019