“Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури Сурхондарёда бор-йўғи 15,2 фоизга бажарилган

14:17 29 Август 2019 Сиёсат
228 0

Кеча халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

Унда Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Кун тартибида белгиланганидек, парламент ишчи гуруҳи томонидан вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, вилоят иқтисоди асосан аграр соҳада бўлиб, ҳудудда енгил ва озиқ-овқат саноати ривожланмоқда. Ялпи ҳудудий маҳсулот 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 103,5 фоизни, шу жумладан саноат 103 фоизни ташкил этган. Бюджет даромадлари прогнозга нисбатан 117 фоиз бўлиб, 1 трлн. 57 млрд. сўмни ташкил этган, маҳаллий бюджетда қўшимча 152,5 млрд. қолдирилган.

 Сессияда қайд этилганидек, вилоятда саноат ва қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш тармоқларини жадал ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини тараққий топтириш – куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб турибди. Бу мақсадларга эришишда, аввало, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарур. Жумладан, бугунги кунда Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони қарийб 14,5 мингга етиб, ўтган йилга нисбатан 2 мингдан зиёдга кўпайган. Вилоят аҳолисининг қарийб 235 минг нафари айнан кичик бизнес субъектларида банд эканлиги ҳам мазкур соҳанинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ўрни муҳим эканлигидан далолат беради.

 Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, парламент ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятида ўтказилган тадбиркорлик ривожи йўлидаги долзарб масалаларни ўрганиш жараёни, одамлар билан мулоқотлар, бу борада   жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, ўтган олти ой давомида бор-йўғи фаолият юритмаётган 24 та кичик бизнес субъектлари  тикланган, холос. Бу эса ўз навбатида, шу каби корхоналарнинг муаммолари бўйича тизимли асосда ишланмаганлигини кўрсатади. Ярим йиллик давомида вилоят бўйича жами 184 та кичик бизнес субъектлари тугатиб юборилган. Тадбиркорлик фаолиятини ташкилий қўллаб-қувватлаш  ишлари самарали ташкил этилмагани оқибатида бугунги кунга қадар умумий қиймати 823,2 млрд. сўмлик 184 та лойиҳа ўз муддатида ишга туширилмаган.

Шунингдек, сессияда вилоятда фаолият юритувчи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқалари йўлга қўйилмаганлиги қайд этилди. Улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (хизматлар) рекламасига (ярмарка, кўргазма, тақдимот ва бошқ.) эътибор қаратилмаяпти. Савдо ва бошқа фаолият тури билан шуғулланувчи тадбиркорлар вилоятнинг ўзида ишлаб чиқарилаётган кўплаб маҳсулотларни республиканинг бошқа ҳудудлари, жумладан Тошкент шаҳри ва водий вилоятларидан олиб келмоқдалар.

Шу билан бирга, вилоятда “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурининг ижросини таъминлаш, айниқса, ёшлар тадбиркорлиги ва ташаббусларини рўёбга чиқариш борасидаги ишлар самарадорлиги ҳам пастлигича қолмоқда. 2019 йилга мўлжалланган мазкур дастур шу кунга қадар вилоятда бор-йўғи 15,2 фоизга бажарилган.

Мажлисда кредитлашнинг бирламчи талаблари етарлича инобатга олинмагани, банклар ҳамда уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатларнинг лозим даражада йўлга қўйилмагани – тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган яна бир муаммо эканлигига алоҳида урғу берилди. Бу йўналишдаги камчиликлар оқибатида бугунги кунда вилоятда муддатида қайтарилмаган кредит ва фоиз тўловларидан жами 244 млрд. сўмлик муаммоли қарздорликлар юзага келганлиги ҳам таъкидлаб ўтилди. Бундай ҳолат тижорат банкларининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши баробарида миллиардлаб сўмлик маблағларни тадбиркорлик ривожи учун қайта йўналтириш имконини ҳам чекламоқда. Эътиборлиси, муаммоли қарздорликларнинг асосий қисми давлат мақсадли дастурларида белгиланган йўналишларга ажратилган кредитлар бўйича юзага келган.  

Сессияда сўзга чиққанлар қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан вилоят ташкилотларини жалб қилган ҳолда вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган аниқ чораларни белгилаб олиш ҳамда уларнинг ўз вақтида ижро этилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатиш лозимлигини уқтирдилар. Хусусан, масъул тузилмаларни жалб қилган ҳолда фаолияти тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектларининг аниқ рўйхатини шакллантириб, келгусида улар ишини қайта йўлга йўлга қўйиш ёки қонунчиликда белгиланган тартибда  тугатиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.

Сессияда кўриб чиқилган масалалар юзасидан халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг қарори қабул қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019