Ёшлар иттифоқи 630 ёш оилага 3 йил аввал берилиши керак бўлган уйларни йил охирига қадар топширишга ваъда берди

17:13 05 Сентябр 2019 Жамият
121 0

Яқинда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокуратура ҳамда Ёшлар иттифоқи мутасаддилари иштирокида “Ёшларда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарни шакллантириш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтганди.

Унда ёшларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Савол-жавоб жараёнида ОАВ мухбирларидан бири коррупция Ёшлар иттифоқи тизимининг ўзида мавжуд ёки йўқлиги, хизмат фаолияти давомида ходимларнинг пора олиши билан боғлиқ нечта ҳолат қайд этилганини сўради. Иттифоқ бўлим бошлиғи Акмал Алимов ҳозир бу ҳақида аниқ маълумот бера олмаслигини билдирди.

Журналистлар фан, таълим, маданият, санъат, спорт соҳаларида катта ютуқларга эришган ёш оилаларга бошланғич тўловини тўлаб бериш шарти билан узоқ муддатли имтиёзли кредитлар асосида “Ёшлар уйлари”ни бериш жараёни ҳозирда қандай кечаётгани ҳақида савол берди. Хусусан, 2017 йилдан буён Тошкент шаҳрида имтиёзли шартлар билан уй сотиб олиш учун, жамиятда фаол ва иқтидорли бўлган 630 нафар ёшга махсус сертификат топширилгани, аммо ҳанузгача уй-жойдан дарак йўқ экани қайд этилди.

“2019 йилнинг ярим йиллик даври мобайнида 150 нафар ёш оилага Чоштепада қурилган уйлар топширилди, — деди Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров. — Кўпчилиги ҳозир бориб яшамоқда”.

Мутасаддилар айни кунларда бу уйларни тўла қуриб битказиш ишлари якунланаётганини маълум қилди.

“Бу йилдан қолмайди, — деди Нодир Абдуқодиров. — Тошкент шаҳри миқёсида ҳужжат топширган, тегишли тартибда рўйхатдан ўтган ва тавсия этилган барча номзодлар йил охирига қадар ўзларига ваъда қилинган уйларга кўчиб киришади. Ҳеч қанақа муаммо йўқ. Дастлабки ўша 150 та номзод учун Ёшлар иттифоқи томонидан бошланғич бадал пуллари тўлаб берилган. Иттифоқ рўйхатдаги 600 дан ортиқ бошқа ёш оилаларнинг бадал пулларини ҳам сентябр ойи давомида тўлиқ тўлаб беради. Биз ўзимизга юклатилган барча вазифаларни бажарамиз”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019