Ёш оилалар ажрими — бир кунлик масала эмас...

17:04 28 Август 2019 Жамият
140 0

Оила ҳар бир мамлакатнинг асосий негизи эканлигини инобатга олсак, табиийки, унинг мустаҳкамлиги жамиятнинг тараққиёти билан боғлиқ. Бутун дунёда давом этаётган оилавий инқироз Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Афсуски, бу масалада ота-оналари қатори ёшларнинг ҳам улуши кўпроқ.

Ёшлар ташкилоти ва қатор мутасаддилар томонидан ўтган даврда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилани шакллантириш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, улар ўртасидаги ажрим ҳолатларининг олдини олиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилаётганига қарамай, ҳануз бу соҳадаги муаммоларимиз етарлича.

Бунга ёш оилалар вакилларининг никоҳга бўлган масъулиятсизлиги, фарзанд тақдирига бўлган лоқайдлик бир сабаб бўлса, ёш оилаларга маслаҳат бериб, уларга бош бўлиш ўрнига ғурур ва кибрга берилган, боласининг айбларини хаспўшлайдиган ота-оналардаги шошқалоқлик яна бир сабаб бўлмоқда.

Жумладан, бефарзандлик, хиёнат, моддий таъминот даражаси пастлиги, ишсизлик, ичкиликбозлик, ички ва ташқи миграция, касаллик, уй-жой масаласи боғлиқ муаммолар ҳам эндигина қурилган муқаддас қўрғонларни жар ёқасига етакламоқда. Аслида оила ҳақидаги қадриятлар ёшлар онгига болаликданоқ сингдирилиши керак эмасми...?!

Ёшлар иттифоқининг лойиҳалари орқали 616 та ажрим ёқасидаги ёш оилалар яраштирилди...

Бугунги кунда мамлакатимизда 2 млн.дан ортиқ ёш оилалар бор. 2019 йилнинг 6 ойи давомида 104 минг 158 та ёш оила никоҳи қайд этилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ёшларни онгли равишда оилага тайёрлаш, ёш оилалар ажрими олдини олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор лойиҳалар ўтказилмоқда.

“Ёш оилаларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кўмаги” лойиҳаси шундай йирик лойиҳалардан бири. Жорий йилда лойиҳа доирасида ижтимоий-иқтисодий оғир ҳолатдаги 3 минг 169 та ёш оилага психологик кўмак, 2 минг 25 та ёш оилага ҳуқуқий кўмак кўрсатилди. 616 та ажрим ёқасидаги ёш оилалар яраштирилди.

Республикамизда кўплаб “Келин-куёвлар инновацион мактаблари” ташкил этилиб, унда оила қуриш бўсағасидаги ёшларга оилавий қадриятлар ҳақида тушунча бериб бориляпти. Инновацион мактабларда бўлғуси келин-куёвлар учун оилавий муносабатларнинг маънавий-ахлоқий асослари, оила иқтисодиёти, рўзғор бюджетини юритиш, никоҳ муносабатлари, соғлом турмуш тарзи, низоларнинг олдини олиш, мулоқот маданияти, ҳуқуқий муносабатлар, оилани идора қилиш каби мавзуларда маҳорат дарслари ўтилаётгани мустаҳкам ва намунали оилалар кўпайишига хизмат қилмоқда.

Моддий етишмовчилик туфайли ажрим ёқасида келиб қолган оилаларга ёрдам кўрсатилмоқда. “Мустаҳкам ва соғлом оилани барпо этамиз!” шиори остидагитарғибот лойиҳаси доирасида 1 минг 597 та маҳаллада манзилли ўрганиш олиб борилиб, 1 минг 834 та ёш оилага ижтимоий, ҳуқуқий, психологик кўмак кўрсатилди.

Шунингдек, Май ойи тизимда “Менинг оилам – менинг бахтим” шиори остида “Ёш оилалар билан ишлаш ойлиги” этиб белгиланди. Ойлик доирасида республика бўйлаб, 32 турдаги 650 та тадбир ва лойиҳа ўтказилди ҳамда 55 минг 544 нафар ёшлар, ёш оила вакиллари, намунали ва ибратли оилалар қамраб олинди.

21 минг дона тарғибот китобчалари чоп этилиб, ёшларга тарқатилди...

Фарзанд тарбияси, болалар истеъдодини аниқлаш ва йўналтириш, эр-хотин муносабатларида ўзаро ҳамжиҳатлик мавзуларида 11 та ижтимоий ролик тасвирга олиниб, “Менинг юртим”, “Ёшлар” телеканаллари, ижтимоий тармоқлар орқали узатилди. 21 минг нусхада ёшларни оилага тайёрлашга мўлжалланган “Бўлажак куёвларга эслатма”, “Бўлажак келинларга эслатма” тарғибот китобчалари чоп этилиб, ёшларга тарқатилди. “Ота-оналар учун”, “Ёш йигит-қизлар учун”, “Ажрим – ечим эмас” каби 3 та турдаги тарғибот плакатлари тайёрланиб, 27 минг нусхада чоп этилди ҳамда республикадаги барча маҳаллаларига тарқатилди. Ижтимоий тармоқларда “Оилам билан” ижтимоий акцияси ўтказилиб, унда #OilamBilanBot орқали 600 тага яқин, бошқа ижтимоий тармоқлар орқали 2 мингга яқин оилавий суратлар иштирок этди.

200 нафарга яқин жуфтликларнинг никоҳ тўйлари ўтказиб берилди...

Июнь — “Ёшлар ойлиги” доирасида республика бўйлаб 200 нафарга яқин жуфтликларнинг никоҳ тўйлари ўтказиб берилди. “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида эстафета спорт мусобақалари ўтказилиб, 1404 нафар оилалар жалб этилди.

Ёшлар иттифоқи ёш хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилмоқда...

Барча таълим муассасаларида ҳамда 11 та вилоят Кенгаши қошида “Қизларжон” клуби ташкил этилди. Уларга 45 минг нафар фаол қизлар жалб қилинди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида фаолият юритаётган 635 нафар хотин-қизларнинг манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилоти тузилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандуми имзоланди.

1 минг 405 нафар ёш оила тиббий кўрикдан ўтказилди...

Республика бўйича “Соғлом оила — ишончли келажак” шиори остида 58 та бепул тиббий кўрик ташкил этилиб, 1405 нафар ёш оилалар тиббий кўрикдан ўтказилди. “Ёш оилалардаги бепуштлик: сабаб ва ечим” мавзусида “Ёшлар пресс-клуби”нинг махсус сессияси тасвирга олинди. “Oilaviy” телеканали билан ҳамкорликда “Оила — муваффақият гарови“ телелойиҳаси ташкил этилиб, 3 та сони эфирга узатилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқида фаолият юритаётган хотин-қизларни ижтимоий фаоллигини ошириш, сайлов жараёнларида уларнинг муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида “Ёш хотин-қизлар форуми” ташкил этилди. Тизимдаги ижтимоий фаол хотин-қизлар ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод сифатида тавсия этилди.

Ижтимоий тармоқлар ҳам ёш оилалар ажримларига сабаб бўлмоқда...?

Фаолиятим давомида ёш оилалар ажримларининг турли сабабларига гувоҳ бўлдим. Афсус, ижтимоий тармоқлар сабаб ажрим ёқасига келиб қолган оилалар бисёр. Ёшларнинг аксарияти бугун қаерда? Ижтимоий тармоқларда... Биз, демак уларга сингдирмоқчи бўлган идеологияни ҳам айнан уларнинг вақти кўп сарфланадиган ўша интернет имкониятидан фойдаланиб амалга оширишни мақсад қилдик. Оиланинг муқаддаслигини бир кунда ёшларга тушунтириб ва битта ташкилот томонидан сингдириб бўлмайди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Ёш оилалар ва хотин-қизлар бўлим бошлиғи Гулчеҳра Ашурова. — Бу борада ота-оналар, жамоатчиликнинг эътибори зарур. Агар ота-оналар никоҳ қуриш ёшидаги фарзандларига шахсий намуна бўла олса, 1 йилга қолмай уйига қайтиб келадиган қизлари, 2-3 маротаба уйланадиган ўғиллари бўлмайди.

Шахноза Нуруллаева

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019